Раббонийлик

0

Раббонийлик ҳар бир мураббий олим ва даъватчининг васфидир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Аллоҳнинг) Китобини (одамларга) таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган раббоний олим кишилар бўлинглар” (Оли Имрон, 79).

Дарҳақиқат, олим ва даъватчиларнинг раббонийлиги уларнинг сўзи ўтадиган, панд-насиҳати қабул қилинадиган, маслаҳатидан фойдаланадиган бўлиши, жаннатларда даражаларнинг юксалиши ва еру осмонлар Раббисининг розилигига эришиш сабабидир.

Раббонийлик қалбларни Аллоҳга иймон келтириш билан тирилтирадиган, баданни тоат-ибодат билан машғул қиладиган ва молу жонни Аллоҳнинг дини учун фидо қиладиган иймоний ақидадан бошланади.

Раббонийлик шунчаки айтиб қўйиладиган сўз ёки ҳеч бир хатти-ҳаракатсиз қуруқ даъво бўлмай, балки у қалб ва тананинг Аллоҳга бандачилик қилиши, унинг самараси эса сиртнинг тўғри, ҳалол ва соғломлиги, ботиннинг эса ихлосли бўлишидир.

Раббоний ақида шундай жонли бир ақидаки, у бу ақидага эргашган кишилар ўртасини мисли кўрилмаган ришта билан боғлайди. Шу риштани деб пайғамбарлар ўз ватанларини ташлаб чиқдилар ва издошлари билан дарбадар ҳаёт кечирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари давридан бошлаб ўтган солиҳ даъватчилар ҳам айнан шундай ҳаёт кечириб келдилар. Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин!

Раббоний ақида мўминда иззат ва ғурур пайдо қиладиган, қалбни ишонч ва барқарорлик ила тўлдирадиган юксак ақида бўлиб, унинг устида савдолашиладиган, талашиб-тортишиладиган ақида эмас.

Уламо ва даъватчиларнинг раббонийлиги Аллоҳни танишликдан, фарзларга риоя қилиб, унга эътибор берадиган, кўп нафл амаллар қилиб, имкон қадар бундай амалларнинг барчасидан баҳраманд бўладиган ибодатдан вужудга келади. Раббоний инсонларнинг шиори солиҳ амалларда мусобақалашиш ва доимий тарзда тиришқоқликдир. Шунингдек, раббонийлик икки устун: ихлос ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш устида қад кўтаради.

Раббонийлик бу Аллоҳга ибодат қилишдир, таркидунёчилик тариқати эмас. Раббонийлик бу ўрнак, нафсни поклаш ва тарбия воситаси ила Аллоҳнинг динига даъватдир.

Одоб-ахлоқ раббонийлиги ақида ва ибодат раббонийлигининг муборак самараси, илм ва амал, сўз ва хатти-ҳаракатлар ўртасидаги мувофиқлик натижасидир.

Раббоний кишиларнинг даъват ва таълим соҳасидаги энг муҳим хислатлари: бирдамлик ва ҳамжиҳатликка кучли интилиш, ўзаро мулоқотда бўлиш, раҳм-шафқатлилик, бир-бирларини маъзур тутиш ва кечирувчанлик, хато-камчиликлардан кўз юмиш, одамлар қадр-қимматига риоя қилиш, катталарни ҳурмат қилиш, ихтилоф ва тортишувларда хусумат ва адоватни четга суриш ва бировларни дилидаги ниятини қоралашдан сақланиш.

Раббонийликнинг негизи: ўткинчи дунёга берилмаслик, боқий охиратни афзал кўриш, алдамчи дунёдан ўзини четга тортиб, шодлик ва қувонч диёри бўлмиш жаннатга интилиш, энг яхши озуқа –тақво жамғариш, борига қаноат қилиб охиратга тадорик кўриш ва бутун ғам-ташвишни охират ташвиши қилмоқдир.

Изоҳ қолдиринг