“Гап” ёхуд “касса” ўйнаш жоизми?
Савол: “Гап” ўйнаш жоизми?
Жавоб:
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!
Айрим одамлар ўртасида “гап” ёки “касса” деб аталмиш ўйин ўйнаш одат тусига кирган. Бу одат – муомала нафақат халқимиз орасида, балки турли халқлар урфида ҳам, шунингдек, илгари ҳам айрим мусулмон жамиятларда мавжуд бўлган. Мазкур муомаланинг шакли шундан иборатки, унда бир гуруҳ одамлар йиғилиб, одатда бир ойда бир бор гуруҳ аъзоларидан ҳар бири маълум миқдор маблағдан тўплашади ва жамғарилган маблағни навбат билан гуруҳ аъзоларидан бири олади. Мазкур кўринишдаги касса муомаласи хусусида аксар замондош уламолар жоиз деб фатво берганлар. Негаки, бу муомала орқали одамлар ўзаро бир-бирларига ёрдамлашадилар, бир йўла каттароқ маблағга муҳтож бўлган биродарларининг эҳтиёжини қондирадилар. Касса муомаласида ҳар бир аъзо жамғармадан ўзи берган маблағ миқдоричагина олиши жоиз. Айтайлик, гуруҳ аъзолари ўн кишидан иборат бўлиб, ҳар бир аъзо 100 доллардан маблағ жамғарган бўлсалар, демак, навбатдаги аъзо фақат 1000 доллар олишга ҳақли, валлоҳу аълам.