Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ироқ ўлкалари фатҳи (2)

0

Дарс ва ибратлар:

1) Холид ибн Валиднинг Ироққа юборилиши ҳижрий 12 сана ражаб ойида, баъзи манбаларга кўра, муҳаррам ойида содир бўлди.

2) Сиддиқнинг ҳассос стратегияси:

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг икки қўмондон – Холид ва Иёзга йўллаган буйруқларидан унинг нақадар стратегик раҳбар экани кўринади. Мазкур мактубларида у бир неча стратегик ва ҳарбий тактикалар, йўл-йўриқлар кўрсатди, ҳар икки қўмондонга Ироққа кириб бориш йўлларини жуғрофий томондан аниқ-тиниқ қилиб, гўё Ҳижозда жойлашган қўмондонлик бошқарув хонасида туриб, олдида Ироқ харитаси ёйиб қўйилган-у, шу харитага қараб тургандек, кириш-чиқиш йўлларини барча муҳим нуқталари билан белгилаб берди. Холидга Ироқнинг қуйи тарафидан, Иёзга эса юқори тарафидан кириб боришни ва бир-бири билан Ироқ марказида учрашишни буюрди. Ҳар иккисига қўшин сафига одамларни мажбурлаб киритмасликни, бирон кишини улар билан бирга урушишга мажбурламасликни кўрсатма берди. Сиддиқ наздида сафарбарлик мажбурий эмас, ихтиёрий бўлиши керак эди.

3) Ҳийрани стратегик мавқе этиб белгилангани

Ҳийра шаҳри ўта муҳим ҳарбий стратегик ер бўлгани учун халифа Сиддиқ даставвал уни тўла қўлга киритишга қасд қилди. Зеро, Ҳийра Кўфадан 3 мил узоқликда, Нажафдан отлиққа бир соатлик йўл эди. Харитага боққан кишига бу жойнинг стратегик аҳамияти яққол кўринади. Ҳийра бутун йўлларнинг кесишган жойи эди. Шарқдан Фурот дарёси орқали Мадоинга олиб чиқса, ғарб томондан Шомга, шимолда Ҳит билан уланиб кетарди. Анбор кўприги орқали Анбор шаҳрига чиқиш имкони бор эди. Ироқнинг Басра минтақасида жойлашган Убулла шаҳри билан чегарадош эди. Шунингдек, Дажла дарёси орқали Каскар, Савод ва Нўъмонияга уланган эди.

Шунинг учун Сиддиқ бу ўта муҳим шаҳарни тўла қўлга киритиш зарур деб кўрар ва ҳар икки қўшин учун бу шаҳарни нишон қилиб адашмаган эди. Бир сўз билан айтганда, Ҳийра Ироқнинг юраги, Форс империяси пойтахти Мадоинга энг яқин жойлашган минтақа эди. Форс давлати ҳам буни яхши тушунганидан ушбу минтақа йўналиши бўйлаб ўз қўшинларини жойлаштирган эди. Зеро, Ҳийрани қўлга киритиш бутун минтақа назоратини қўлга киритиш билан баробар эди.

4) Мусанно ибн Ҳорисанинг камтарлиги

Мусанно ибн Ҳориса Шайбонийнинг хулқ-атворини Ироқ жиҳодидаги тилга олишга арзигулик ҳолатлардан бири сифатида зикр этиш мумкин. Холид қўшини юборилишидан олдин Ироқда биринчи бўлиб Мусанно уруш ҳаракатларини бошлаган, Абу Бакр Сиддиқ уни ўз атрофига уюштирган жамоаларга қўмондон этиб тайинлаган эди. Сиддиқ разияллоҳу анҳу Форс давлатига қарши ғазот бошлашга қарор қилгач, Холидни қўмондонлик вазифасига лойиқ деб топди. Мусаннога мактуб йўллаб, Холиднинг қўшини сафига қўшилишни ва унга итоат этишни буюрди. Мусанно бу буйруққа бажонидил итоат этишини билдирди ва қўшини билан биргаликда Холиднинг итоати остига кирди. Бу мақтовга сазовор сифат эди. Қўшинининг кўпсонли экани ҳам, ўзининг Холиддан анча илгари Ироқ қўшинига бош бўлиб, жиҳод қилиб юргани ҳам уни мағрурлантириб қўймади, қўмондонликка Холиддан кўра ўзини лойиқроқ деб кўрмади[1].

5) Сиддиқ Аллоҳ йўлидаги жиҳодда эҳтиёткорлик йўлини тутгани

Абу Бакр Сиддиқнинг Холид ва Иёзга йўллаган мактубларида шу сатрлар бор эди: “Қўшин сафига фақат ридда аҳлига қарши урушган кишиларни ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин Исломда собит қолганларни олинглар. Муртад бўлиб, кейин динга қайтганларни то мен қарор бермагунимча урушга олманглар”. Шундан сўнг муртад бўлиб, кейин динга қайтганлар фатҳларнинг илк даврида урушда қатнашмади[2]. Абу Бакрнинг бу иши Аллоҳ йўлидаги жиҳодга ўта эҳтиёткорлик билан ёндашганидан далолат эди. У дунё истаганларнинг бу шарафли ишда иштирок этиши мужоҳидларнинг муваффақиятсизликларига ва улар сафига путур етишига сабабчи бўлишидан хавотир қилар эди. Бу Абу Бакр разияллоҳу анҳу томонидан умматга ўта муҳим тарбиявий  дарс бўлди. У бунда исломий сафни ёт аралашмалардан пок тутиш, уни ягона мақсадидан – холис Аллоҳнинг розилигини топишдан буриб юбормаслик зарурлиги ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган бебаҳо сабоқларидан истифода этган эди. Абу Бакр Сиддиқ ўша суронли кунларда исломий қўшинларнинг жангчиларга эҳтиёжи кучли бўлишига қарамасдан шу фикрида сабот билан турди. Бу унинг эътибор ададнинг кўплигида эмас, балки ғоянинг олийлиги ва ихлосда эканига тўла қаноат ҳосил қилганини кўрсатади[3].

6) Одамларга яхши муомала қилишга буюргани

Сиддиқнинг Холидга берган кўрсатмалари ичида форсликларга ва улар қўли остида яшаб турган халқларга яхши муомала қилишга буйруқ бор эди[4]. Бу эса хорижий эллардаги исломий жиҳодлардан асосий мақсад одамларни Исломга чақириш эканини кўрсатади. Қачон тинч даъват йўли ҳукуматлар томонидан тўсилса, улар қўли остидаги халқлар Исломга киришига имконият яратиб бериш учун ўша ҳукуматларни кетказиш зарур бўлиб қолади. Ушбу ғоя саҳобалар олиб борган барча жиҳод ҳаракатларида яққол кўзга ташланиб турарди. Улар даставвал душманларни Исломга даъват қилишарди. Исломни қабул қилганлар мусулмонлар билан оға-ини қаторида бўлиши эълон этиларди. Агар бунга кўнмасалар, уларга мусулмонларнинг ҳимояси эвазига Ислом ҳукмига бўйсуниб, жизя тўлаб яшаш таклиф қилинарди. Унга ҳам кўнмасалар, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун уруш олиб бориш зарурати пайдо бўлар эди.

7) Орасида бундай кишилар бўлган қўшин енгилмайди

Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу Ироққа юриши асносида Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан мадад кучлари юборишини сўраганида Сиддиқ унга мададга Қаъқоъ ибн Амр Тамимийни юборди. Унга: «Қўшинлари сочилиб кетган одамга бор-йўғи бир кишини мададга юборасизми?» дейилди. Сиддиқ: «Орасида бу кабилар бўлган қўшин енгилмайди», деб жавоб берди[5].  Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг бу фаросати кейинчалик Ироқ урушлари асносида ҳақ бўлиб чиқди. Абу Бакр инсонларни ва уларнинг лаёқату қобилиятларини яхши билар эди.

[1] «Ат-тарих ал-исломий», 9/130.
[2] «Тарих ат-Табарий», 4/163.
[3] «Ат-тарих ал-исломий», 9/131.
[4] «Тарих ат-Табарий», 4/159.
[5] «Тарих ат-табарий», 4/163.

Изоҳ қолдиринг