Эй иймон келтирганлар (28): Кофирларни дўст тутишнинг ҳаромлиги

0

Эй иймон келтирганлар, сизлар мўминларни қўйиб кофирлар билан дўстлашманг! Аллоҳ таоло учун ўз зарарингизга очиқ-ойдин ҳужжат қилиб беришини истайсизми?!” (Нисо, 144).

Шарҳ:

Муҳтарам китобхон, аввал айтганимиздек, Аллоҳ таолонинг нидолари мўмин бандаларига йўлланган. Сабаби, Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Чунки мўминлар Аллоҳга иймон келтирганлар, қиёмат куни Унга йўлиқишга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қазои-қадарга иймон келтирганлар, буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан четланиш билан Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилганлар.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг иймонлари ва солиҳ амалларини зиёда қилиш мақсадида буюриш ё қайтариш, огоҳ этиш ё башорат бериш олдидан уларга тирик ва комил инсонликларидан дарак берувчи мўминлик сифати билан нидо қилади, уларни нафсларини Аллоҳнинг зикри ва шукри билан поклашдан тўсувчи нарсалардан огоҳлантиради. Токи улар иймонларини зиёда этиш ва нафсларини поклаш сабабли вафотларидан сўнг яхшилар диёри жаннатга тушишга лойиқ бўлсинлар.

Аллоҳ таоло ушбу нидода мўминларни ўз мўмин биродарлари қолиб кофирларни дўст тутишдан қайтарди: “Эй иймон келтирганлар, сизлар мўминларни қўйиб кофирлар билан дўстлашманг!”. Дўст тутишдан мурод  мусулмон биродарлари ўрнига кофирларни яхши кўриш, уларни яқин тутиш, маслаҳатини олиш, кўрсатмасига амал қилиш, уларга ёрдам бериш ва ҳоказо ишлардир. Худди шу маънода, яъни мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутиш ҳаромлиги ҳақида “Оли Имрон” сурасида ҳам оят келган: “Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким кофирларни дўст тутса, у Аллоҳдан бегона ва Аллоҳ ҳам ундан покдир. Аммо улардан эҳтиёт бўлиб, юзаки яхши муомала қилсангиз жоиз. Аллоҳ сизни Ўзидан огоҳлантиради. Қайтиш Аллоҳ ҳузуригадир” (Оли Имрон, 28).

Кўриб турганингиздек, бу оятдаги ҳаром қилишнинг истисноси бор. У шундан иборатки, агар мўмин киши кофир диёрда яшаётган бўлса, кучсиз, заифлиги сабабли муросаю мадора қилиб, кофирларга тил учида яхши муомала қилишига рухсат бор. Фақат, қалби иймонда мустаҳкам бўлиши шарт. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтган: “Кофирлардан эҳтиёт бўлиш дегани – тилда яхши муомала қилаверади, аммо қалби иймонда собит ҳолда бўлади, уришмайди, жиноят қилмайди”. Шуни билайликки, бу истисно кофирларни дўст тутишни ва улар билан ҳамтовоқ бўлишни асло ҳалол қилмайди. Бу заифлик ва қўрқув ҳолатида уларнинг душманлик қилишидан узоқроқ бўлиш учун тил учида яхши момала қилишга вақтинчалик рухсатдир. Аммо уларни буткул яхши кўриш ва уларга ёрдам беришга мутлақо рухсат йўқ. Иймон келтириб мусулмон бўлсалар, шундагина яхши кўрамиз ва ёрдам берамиз.

Қуйида “Нисо” ва “Оли Имрон” сурасидаги мазкур икки оятни ўрганиб чиқамиз.

Биринчи оят: “Аллоҳ таоло учун ўз зарарингизга очиқ-ойдин ҳужжат қилиб беришни истайсизми?!” (Нисо, 144). Турли хил азоблар билан азоблашига очиқ ҳужжат қилиб қўймоқдамисиз, ҳолбуки сиз Аллоҳнинг дўстларисиз!

Агар бу нидо таши мусулмону ичи кофир бўлган мунофиқларга қаратилган бўлса, бундай деймиз: агар тилларида мусулмонмиз деётган бу кимсалар кофирлар билан дўстлашиш ва ҳамтовоқ бўлишдан тийилмаса, Аллоҳ улар ҳақида оят нозил қилади, пайғамбар ва мўминларни улар устидан ҳукмрон қилиб қўяди ва мўминлар уларни азоблаб, хорлаб, қатл қиладилар.

Аммо нидо зоҳиру ботинда мусулмон бўлган кишиларга йўлланган бўлса, унда буни Аллоҳ таолонинг огоҳлантириши деймиз. Аллоҳ мўминларни кофир кимсалар билан дўстлашишдан мутлақо қайтарди. Ҳар қачон ва ҳар қандай ҳолатда  Унинг огоҳлантиришига бепарво бўлиб, таҳдидларидан қўрқмасалар, Аллоҳ уларни хоҳлаган тарзда азоблайди. Тарихда бунга мисоллар кўп. Андалусда мусулмонлар ўзларининг мўмин биродарлари қаршисига кофир билан дўстлашиб, ундан ёрдам сўраганлари сабабли Аллоҳнинг азобига дучор бўлдилар, қатл қилиндилар, диёрларидан мосуво бўлиб, бадарға қилиндилар. Мусулмонлар кофирни дўст тутмаслик бобида Аллоҳнинг амрига итоат қилмай, кофирларга тақлид қилиб, уларни яхши кўриб, уларга ёрдам бериб, йўлларига юргач, кофирлар мусулмонларни хорлашга тушдилар. Бу эса мусулмонларнинг қилмишларига Аллоҳнинг уларга берган азоби бўлди ва ҳозирга қадар мусулмонлар Аллоҳ ва Расулига итоатсизликлари, кофирлар тузган қонун ва дастурларни севиб, шулар асосида ҳаёт кечираётгани сабаб хорлик либосини эгниларидан еча олмадилар.

Иккинчи оят: “Аллоҳ сизни Ўзидан огоҳлантиради. Қайтиш Аллоҳ ҳузуригадир” (Оли Имрон, 28). “Аллоҳ сизни Ўзидан огоҳлантиради” сўзининг маъноси: Агар сиз Аллоҳнинг амрига бўйсунмайдиган, қайтариқларидан четланмайдиган бўлсангиз, кофирлар билан дўстлашсангиз, ҳаётнинг қай бир майдонида бўлмасин мўмин биродарингиз зарарига кофирга ёрдам қўлини чўзсангиз, билиб қўйинг, Аллоҳ сизни азобидан, иқобидан огоҳлантиради. Аллоҳнинг душманига дўст бўлган кимса Аллоҳга душмандир, Аллоҳ билан ўртадаги дўстлик риштасини узгандир. Аллоҳ билан бўлган муносабати ўзгариб, дўстликдан сўнг душманга айланган кишининг ҳоли қандай кечади, деб ўйлайсиз?! Аллоҳ сақласин, унинг ҳоли хорлик, заифлик, беобрўлик, шармандалик бўлади. Бундан қочиб қутула олмайди, зеро у ҳам ҳамма қатори Аллоҳ тоалонинг ҳузурига боради. Кимнинг иши Аллоҳга топширилган бўлса, у эса Аллоҳга осий бўлиб, амридан бўйин товласа, итоатдан чиқса, Аллоҳ ёмон кўрган ишни яхши кўрса, яхши кўрганини ёмон кўрса, Унинг душманига дўст, дўстига душман бўлса, бундай кишининг Аллоҳга қайтиши қандай бўлади?! Бу эса дунёда хорлик ва охиратда азобга гирифтор бўлиш деганидир.

Ҳой мўминлар, Аллоҳ буюрган ишларни қилиш, қайтарган ишлардан четланиш билан Аллоҳдан тақво қилинг! Аллоҳ бизни мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутишдан қайтарди ва таҳдид билан: “Аллоҳ таоло учун ўз зарарингизга очиқ-ойдин ҳужжат қилиб беришни истайсизми?!” деди.

Энди биз учун бирон узр қолдими?

Йўқ, албатта. Бундан ҳам ёмони, Аллоҳ бизни огоҳ этган азобини турли ерларда, шарқу ғарбда бизга кўрсатиб қўйди. Кофирларни устимиздан ҳоким қилиб қўйди, улар бизни босиб олдилар, устимиздан ҳукмронлик қилдилар ва азобларнинг турли хилини бошимизга солдилар. Аллоҳ азиз қилганидан сўнг яна хорлик қайтиб қолмаслиги учун Аллоҳдан қўрқайлик, тақво қилайлик. Олдин ҳам, кейин ҳам барча ишлар Аллоҳникидир.

Изоҳ қолдиринг