Сатри авратга эътиборсизлик (1)

0

Барча мақтовлар Аллоҳга хос, Уни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Аммо баъд…

Сўзлар ичида энг тўғриси Аллоҳнинг китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) янги пайдо қилинганларидир, (динда) ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат (қилувчиси билан бирга) дўзахдадир.

Азиз мусулмонлар!

Шариатимиз барча яхшиликларни келтирган, инсониятнинг ислоҳига сабаб бўлувчи барча ишларга буюрган.

Инсонлар Аллоҳнинг шариатига хилоф қилгач, бошларига балолар ёғилди, ораларида разолат урчиди, башарият жар ёқасига келиб қолди. Яшаб турган замонамизда буни кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Азиз мусулмонлар!

Ушбу мақолада динимиз ва шариатимизда буюрилган, бироқ одамлар эътиборсизлик билан зое қилаётган, бунинг оқибатида разилликлар ва уят ҳолатлар кенг тарқалаётган муҳим бир масала ҳақида сўз юритамиз. Бу авратни сақлаш, бадандаги очиш уят саналадиган аъзоларни ёпиб юриш масаласидир.

Сатри авратнинг ўзига хос аҳкомлари ва бир қанча қисмлари бор. Бир қанча оят ва ҳадисларда сатри авратга, яъни аврат аъзоларни ёпишга буюрилган. Унинг аҳамияти ҳақида уламоларнинг кўплаб сўзлари бор.

Инсоннинг аврат аъзолари кўриниб туриши айбли ва жирканчли ҳолат бўлгани ва кўзни ундан тўсиш лозимлиги учун аврат деб номланган. Авратнинг луғавий маъноси айб, нуқсон деганидир. Уятли бўлган ҳар қандай иш, очилиб қолиши айб бўлган ҳар қандай жой авратдир.

Аллоҳнинг шариатида эса инсон баданидан сатр қилиш – беркитиш фарз бўлган ерга аврат дейилади.

Уламоларнинг сўзларига кўра, аврат икки хил: назар (қараш) аврати ва намоз аврати. Бировнинг кўзи тушишидан сақлаш фарз бўлган аъзолар назар аврати, намозда ёпиш лозим бўлган ерлар эса намоз авратидир.

Киши баданидан намозда ёпиши лозим бўлган ерлар шариатда маълум ва маъруф. Шунинг учун бировларнинг кўзидан сақлаш лозим бўлган аврат билан намозда беркитиш шарт бўлган авратни аралаштириб юбормаслик керак. Буни фарқламаслик натижасида нотўғри ҳужжат-далил келтиришлар юзага келади.

Мисол учун, саҳиҳ ҳадисда келганидек, эркак киши намозда елкани беркитиши вожиб, бироқ намоздан ташқарида ўзига ўхшаш эркаклар орасида елкасини очиб ўтириши жоиз. Шунингдек, аёл киши намозда юзи очиқ ҳолда  бўлиши керак, намоздан ташқарида эса юзини ёпиши лозим. Намозда болдири ва баданини ёпиши шарт, бироқ эрининг олдида ёпмаса ҳам бўлади. Демак, бундан маълум бўладики, намоз авратини назар (қараш) авратига далил-ҳужжат қилиб бўлмайди.

Ислом шариати кўзни номаҳрамлардан тийишга амр этган. Аллоҳ таоло деди: “Эй Пайғамбар, мўминларга айтинг, (ўзларига ҳалол бўлмаган аёллар ва авратларга қарашдан) кўзларини тийсинлар ва жинсий аъзоларини (зинокорлик, баччавозлик ва авратларни очиш каби Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан) сақласинлар. Мана шу улар учун энг покиза ишдир. Шубҳасиз, Аллоҳ улар нима қилишаётганидан хабардор зотдир. Мўмина аёлларга ҳам айтинг, кўзларини тийсинлар, жинсий аъзоларини (Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан) сақласинлар” (Нур, 30-31).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Эй Али, (номаҳрамга) беҳосдан қарашга иккинчи бор (қасддан) қарашни эргаштирмагин. Биринчиси фойдангга бўлса, иккинчиси фойдангга эмас” (Термизий ривояти, 2701).

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Эркак эркакнинг авратига, хотин хотиннинг авратига қарамасин”, деб айтганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (Термизий ривояти, 2793).

Авратни бегона кўзлардан сақлаш ҳақида келган далиллар шариатда бисёр. Мисол тариқасида Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини олайлик: “Эй Одам болалари, ҳар бир намозни адо этишда (авратларни тўсувчи кийим, поклик, таҳорат каби шаръий) зийнатда бўлинглар” (Аъроф, 31).

Бу оят қачон ва қаерда нозил бўлган?

Бу оят катта аҳамиятга эга бўлган бир иш юзасидан нозил бўлган. Жоҳилият даврида аёллар Байтуллоҳни яланғоч ҳолда тавоф қилар эди. Ва умуман жоҳилият даври кишилари гуноҳ қилган кийимларимиз билан тавоф қилмайлик деган ўйда яланғоч тавоф қилишар эди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилган.

Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада жоҳилият аҳлининг ушбу қилмишларини қоралаб бундай деган: “Кофирлар қачон бир қабиҳбузуқ иш қилсалар, шу ишларига узр баён қилиб, бу иш уларга ота-боболаридан қолиб келаётганини ва буни қилишга Аллоҳ буюрганини айтадилар. Эй Пайғамбар, уларга айтинг: “Аллоҳ ҳеч қачон бандаларини ёмон ва қабиҳ ишларга буюрмайди. Эй мушриклар, ўзингиз билмаган нарсани ёлғон ва бўҳтон билан Аллоҳга нисбатлаб айтасизларми?!” (Аъроф, 28).

Нур сурасидаги: “Мўминларга айтинг, улар ўзларига ҳалол бўлмаган аёллар ва авратларга қарашдан кўзларини тийсинларМўмина аёлларга ҳам айтинг, кўзларини ўзлари учун ҳалол бўлмаган авратларга қарашдан сақласинлар” (Нур, 30-31) оятлари уят ерларга қарашдан кўзни тийишга ва авратга қарамаслик лозимлигига далилдир.

Жинсий аъзоларини зинокорлик, баччавозлик ва авратларни очиш каби Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан сақласинлар”, деб эркакларга қилинган,    “жинсий аъзоларини Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан сақласинлар”, деб аёлларга қилинган хитоб эса аврат ерларни очмаслик, уларни бегоналар кўзидан сақлаш вожиб эканига далилдир.

Масаланинг ечимига ҳар тарафдан ёндашиб, бир томондан кўзни тийишга, иккинчи томондан авратни сақлашга буюрган шариатнинг гўзаллигини бир тааммул қилинг-а!

(Давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг