Фатвога кимлар ҳақли?

0

Аҳли суннат ва жамоат эътиқодида фатво мансаби энг улуғ диний мансаблардан биридир. Фатвога яроқли солиҳ кишилар халойиқнинг сараси, зулматни ёритувчи чироқлардир. Фатво бериш шарафли иш бўлгани боис, аввало Раббимизнинг ўзи фатво берди. Сўнгра бу шарафли ишни анбиё ва расулларига, улардан кейин эса халойиқнинг энг сараси бўлмиш уламоларга топшириб, далиллардан шаръий аҳкомларни чиқариб олиш, ҳалол ва ҳаром қоидаларини тартиблашдек улуғ вазифани улар зиммасига юклади.

Бугунга келиб умматнинг тўғри ва соғлом фатвога бўлган эҳтиёжи янада катталашди. Негаки, ҳозирги пайтда олдингилар кўрмаган ва эшитмаган янги-янги воқеа-ҳодисалар пайдо бўлди. Уммат содир бўлиши хаёлга ҳам келмаган масалаларга дуч келмоқда. Шариат эса бандаларнинг ҳар қандай манфаатларини рўёбга чиқаришга, эҳтиёжларини қондиришга етарли, тоабад, ҳар қандай замон ва маконда татбиқ қилишга яроқлидир. Шундай экан, фатвога муносиб кишилар бел боғлаши, бундай шарафли вазифани ҳар бир даврнинг одил ва ишончли кишилари қўлга киритиши кифоя.

Фатвонинг моҳияти – жоҳилга таълим бериш, сўраганга тўғри йўл кўрсатиш, рушду-ҳидоят истаган кишига маърифат улашиш, ибодат қиламан деган одамга ёрдам бериш, юз берган воқеий ишдаги шаръий ҳукмни аниқлашдир. Фатво сабабли инсон масъулиятдан озод бўлади, зиммасидаги мажбурият соқит бўлади ва кўнгли таскин топган ҳолда онгли равишда амал қилади.

Тўғри фатво уммат билан муфтийлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди, бирлашишга олиб боради, илмий ва амалий соҳада якка ўзи ажралиб қолиш ҳолатларига чек қўяди, ва ниҳоят, одамларни фатво сўраш учун раббоний уламолар ва тақводор фуқаҳоларгагина мурожаат қиладиган қилиб қўяди.

Модомики, оламлар Раббиси номидан имзо чекувчи муфтийларнинг байроқлари осиғлик ҳилпираб турар экан, фатволари мамлакатларнинг турли чеккаларида маълум ва машҳур экан, улуғ ишлари тилларда ёд, таҳсинга сазовор экан, албатта бу мамлакатларнинг қўшинлари ғолиб ва зафар қучгувчидир.

Муфтийнинг вазифаси икки қисмдан иборат:

  • Ижтиҳод қилмаган ҳолда фақат шаръий ҳукмни айтиб бериш. Бу ҳолатни қуръон ёки ҳадисларда ҳукми бевосита баён қилинган (мансусун алайҳи), ёки у ҳақда ижмо қилинган (мужмаъ алайҳи) ҳукмда тасаввур қилиш мумкин.

  • Ижтиҳод қилган ҳолда шаръий ҳукмни айтиб бериш. Бу қисм икки даражадан иборат:

А) шаръий далиллардан ҳукмни чиқариб олиш учун ижтиҳод қилиш.

Б) шаръий ҳукмни юз берган воқеий ҳолатга тушуриш.

Фатво аслида Қуръон ояти ёки ҳадисдан бирон бир далилга, ёхуд улар иккисидан ижтиҳод йўли билан чиқариб олинган далилга таяниши лозим. Аниқ ва очиқ ижмо ҳужжатдир. Қуръон ва ҳадисдан очиқ далил турган жойда ижтиҳод қилиш жоиз бўлмаганидек, ижмо турган жойда ижтиҳод қилиш ҳам дуруст эмас. Қуръон, суннат ёки ижмодан иборат далилга қарши ҳар қандай фатво ботил.

Асос ўлароқ, аксар уламолар ёқлаб фикр билдирган масалалар қатъий тарзда ҳақ дейилмасада, тўғрилик жиҳати устун ва ҳаққа яқин масалалардир. Илмий изланиш ва тадқиқотга яроқли мужтаҳид аксар уламоларга мухолиф фикр билдирса маломат қилинмайди. У чиқарган ҳукмни рад этиш, бирон кишини унга тақлид қилишдан ман қилиш жоиз эмас.

Жоҳил кимсанинг фатво бериши жоиз эмас. Унга тақлид қилиш мутлақо ҳаромдир. Мужтаҳид олим мавжуд бўлмаган тақдирда унинг ўрнини мавжуд энг савияли уламолар эгаллайдилар.

Муфтий оммани энг тўғри, ўртача фикрларга бошлаши, ғаройиб фикрлар ва ғалати фатволардан четланиши, савол сўраган кимсанинг ҳолати, урф-одати ва жамиятини инобатга олиши лозим. Муфтий соғлом фатво қоидалари ва йўналишларидан чиқмаган ҳолда, эҳтиёж доирасида, бирон мўътабар манфаатни кўзлаб, муаммога чек қўйиш, баҳоналарни олдини олиш ва шариат ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқариш учун масаладаги енгил ёки оғир фикрлар билан фатво бериши жоиз.

Ижтиҳод ўзгариши билан фатво ҳам ўзгаради. Шунингдек, ижтиҳод манбалари, унинг шаръий, ёки хоҳ илмий-технологик, хоҳ амалий бўлсин воқеий воситалари ўзгариши натижасида ҳам ижтиҳод ўзгаради. Қолаверса, урф-одат, эҳтиёж, куч ва имкониятлар ўзгариши ҳам фатво ўзгаришига сабаб бўлади. Кўпинча бу омиллар тўғрисида “замон ўзгариши” дея таъбир қилинади ва бу айни пайтда юз берган муайян воқеий масалада ҳукмнинг иллати бор ёки йўқлигини аниқлашга ҳам таъсир қилади.

Янги пайдо бўлган замонавий масалаларда фатво бериш услуби “нусус”лар (қуръон оятлари ва ҳадислар)га таянади ва уларни бошқа барча нарсадан устун қўяди. Айни дамда манфаатларга ҳам эътибор қаратиб, уларни назардан четда қолдирмайди. Бу услуб одамларга қийин қилиш учун сохта уринишларга қадам қўймаганидек, осонлаштириш мақсадида шариатга бепарво ҳам бўлмайди. Аксинча, бу услуб масалани пухта ўрганиш, унинг келиб чиқиши-негизини аниқлаш ва унга “васатия” йўли билан ёндашишга эътибор қаратади, шошма-шошарлик, юзакилик ва бир ёқламалик иллатларидан ўзини олиб қочади.

Аслида янги пайдо бўлган замонавий масалалар хусусида фатво чиқариш вазифаси жамоавий ижтиҳод муассаса ва ташкилотларига топширилиши лозим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилган, хулофои рошидийнлар ва салафи солиҳлар йўлига таянган ҳолда бу муассасаларда шариат уламолари билан бир қаторда замонавий илм-фан мутахассислари ҳам аъзо бўлиши керак. Мужтаҳид муфтий фикрига қарши бу каби кенгаш фатвосини ҳужжат қилиш ярамайди. Негаки, кенгаш аъзолари бутун уламолар вакили бўлиш нари турсин, аксар уламолар вакили ҳам бўла олмайди. Устига устак, бу кенгашларда аксар ҳолатларда барча аъзолар иттифоқ қилмасдан кўпчилик овоз билан фатволар қабул қилинади.

Гарчи айрим фатволарида хато қилган бўлсада, фатвога яроқли олимни фатводан ман қилинмайди. Аксинча, унга хатосини баён қилиш вожиб, холос. Жоҳил, беҳаё ва енгилтак кимсаларни фатводан ман қилиш вожибдир.

Фатвога мутасадди бўлган киши ҳокимларнинг хоҳиш истакларига мослаб фатво бериши, зулм ва туғён мажлисларида иштирок этиши жоиз эмас. Борди-ю, онда-сонда, эҳтиёж туғилган пайтда бу мажлисларга бориб яхши сўзлар сўзласа зиёни йўқ. Бироқ, бундай мажлисларнинг фитна жиҳати устун. Фитнадан йироқ бўлиш ва саломат қолишга эса тенг келадиган нарса йўқ.

Фатвога яроқли муфтийлар шаънини таҳқирлаш динни таҳқирлашнинг бир туридир. Мусулмонни сўкиш фосиқлик. Солиҳ уламоларни ғийбат қилган, улар ҳақида ножўя гаплар қилган киши таъзир ва жазога тортилиши лозим.

Изоҳ қолдиринг