Сатри авратга эътиборсизлик (2)

0

Сатри аврат ҳақида бир қанча ҳадислар келган. Жумладан, Баҳз ибн Ҳаким раҳимаҳуллоҳ айтади: Отам бобомдан ривоят қилишича, бобом: “Эй Расулуллоҳ, авратимиздан қаерини тўсайлик, қаерини тўсмасак ҳам бўлади?” деб сўраганида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Авратингни (киндик билан тизза орасини) хотининг ва қўл остингдаги чўридан бошқалардан сақла”, деб жавоб бердилар. “Одамлар орасида бўлсак-чи?” (яъни одамлар билан бир ерда жамланиб турган бўлсак, улар туриб кетмаса, биз авратни тўсишга қодир бўлмасак-чи) деганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Авратингга бировнинг кўзи тушмаслиги учун қўлингдан нима келса шуни қил, биров кўрмасин”, дедилар. “Киши ёлғиз ўзи бўлганида-чи?” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ҳаё қилинишга энг ҳақли зотдир”, деб жавоб бердилар (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Одамлардан ҳам ҳаё қилиш керак, аммо Аллоҳдан ҳаё қилиш зарурроқ. Ҳаё қилинишга Аллоҳ одамлардан кўра ҳақлироқ.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сони очилиб қолган саҳобани кўриб: “Сонингни ёп, эркак кишининг сони авратдир”, деб сонни ёпишга амр этганлар.

Уламолар аврат аъзоларни ёпиш ҳар бир мусулмонга фарзи айн эканига ижмо қилганлар.

“Киши ўзи холи бўлса-чи, бу ҳолда авратини очиши жоизми?” деб сўралса, бунга уламолар қуйидагича жавоб беришган: “Авратни очишга эҳтиёж бўлса жоиз. Масалан: қазои ҳожатда ёки аврат атрофидаги тукларни олиш ё ғусл қилиш ва ёки хотини билан қўшилиш асносида зарари йўқ, жоиз. Аммо очишга эҳтиёж бўлмаса, унда юқорида ўтган ҳадисдаги сўровчининг: “Киши ёлғиз ўзи бўлганида-чи?” деганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ҳаё қилинишга энг ҳақли зотдир” деган сўзларига кўра, аҳли илмлар: “Бирон зарурат бўлмаса, киши авратини очиши дуруст бўлмайди”, деб айтганлар. Ҳатто, айрим уламолар бунга қаттиқ қараганлар ва шарт даражасига кўтарганлар. Хулоса қилсак, киши гарчи ўзи ёлғиз бўлса ҳам, заруратсиз авратини очиши айбли ишдир.

Азиз мусулмонлар!

Афсуски, кўп инсонлар айрим ишларга жуда енгил ва бепарво қарайди. Хусусан, эркак киши сонининг авратлиги масаласи ҳам шулардан биридир. Баъзилар жоҳилий мантиқ билан: “Аврат дегани хотинларда бўлади. Эркакларга аврат деган гап йўқ”, дейди. Шундайларни жамоат жойларида шорти (калта иштон) кийиб, бемалол бир оёғини иккинчи оёғининг устига қўйиб ўтирганини кўрасиз. Почаси калталигидан сони очилиб туради. “Ҳей, сонингни ёп, сон аврат”, деб танбеҳ берсангиз: “Эркак кишида аврат деган гап йўқ”, деб айтади. Оғизларидан чиқаётган бу сўз нақадар ёмон! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сонингни ёп, эркак кишининг сони авратдир”, деган бўлсалар-у бу одам: “Эркак кишида аврат деган гап йўқ”, деб айтса-я! Қандай бетавфиқлик… Аллоҳ сақласин.

(Давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг