Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (16)

0

Дарҳақиқат, дастлабки авлод “ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тақозоларини тарихда мисли кўрилмаган даражада ҳаётга татбиқ этиб кетди. Кейинги авлодлар эса шаҳодатнинг тақозоларидан асрлар давомида тадрижий суратда узоқлашиб келмоқдалар. Ҳатто ундан бутунлай воз кечишга яқин қолди, десак ҳам хато қилмаймиз. Бунга сабаб нима? Сабаби биринчи авлодга махсус мажбуриятлар юкланиб, кейингиларга у қадар мажбуриятлар юкланмагани,  ёки бўлмаса, биринчи авлодга фарз қилинган мажбуриятлардан кейинги авлодлар озод этилгани деб айтиб бўлмайди, албатта. Чунки диний мажбуриятлар бир хил ва ўзгармасдир.

Дастлабки авлод – саҳобалар яшаган муҳит тарихда мисли кўрилмаган мазкур жамиятнинг вужудга келишига сабаб бўлди, десак янглиш бўлмаса керак. Чунки бу авлод исломдан аввал жоҳилиятни кўрган ва уни ҳамма маънолари билан билар эди. Шунинг учун ҳам раббоний неъматнинг қадрига етди, уни авайлаб-асради. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам улар орасида яшадилар. Саҳобалар у зотдан бевосита таълим олдилар ва у зотнинг кўз ўнгида тарбия топиб, инсон юксалиши мумкин бўлган энг юқори даражага чиқдилар. Ва янги уйғониш, янгича тафаккур улардаги азми қарорни мустаҳкамлаб, бардошлиликни оширди.

Бино қурилиб битгандан сўнг келган янги авлодларда эса бу каби улкан ғайрат топилмаслиги табиий. Чунки бинони ўз қўли билан қурган ва бунда пешона тери тўккан одам унинг қадрига етади. Ҳатто бинонинг бир чети тирналиб, кўркига путур етишини ҳам истамайди. Унга доғ тушса ялагудай бўлиб туради.

Ўша давр шароитидан чиқиб келиб, тарихда мисли кўрилмаган жамият юзага келди ва “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг тақозоларини татбиқ этишда беназир юксак даражага эришди. Диний мажбуриятларга келсак, мажбуриятлар ўша-ўша, Китоб ва Суннатда келган мажбуриятлардир. Аммо унга амал қилиш “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасига бўлган иймоннинг кучига боғлиқ. Демак, бу борада биринчи ёки ўрта ёки охирги авлод бўлишнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Қайси даврда бўлмасин, чинакам иймон бўлса, самарали амал ҳам бўлади.

Энди охирги нуқтага келдик.

Савол: инсон бир нарсага иймон келтириб, сўнг унга тамоман тескари иш тутиши ақлданми? Бу иш мантиққа тўғри келадими?

Биргина ҳолатда бўлиши мумкин, уни руҳий касалликлар соҳасида мутахасис бўлган кишилар биладилар. Яъни руҳий касалликка чалинган киши икки хил табиатли бўлиб қолади. Бири иккинчисидан тамоман ўзгача бўлади. Бири ёмон, бири яхши одам. Айниқса, касаллик қўзғалган пайт табиати ўзгариб, ўзини бошқаролмай қолади. Динимиз бундай ҳолатларда касални диний мажбуриятлардан озод этади. Бу турдаги касаллик кишининг қилаётган ножўя ҳаракатларидан, ишларидан маълум бўлади.

Аммо соғ-саломат, ақли ҳуши ўзида бўлган инсоннинг қалбида қандайдир нарсага иймони бўлади, албатта. Сўнг иймони бўла туриб, барча ишларида, тасарруфотларида қалбидаги иймонига далолат қиладиган бирон-бир аломат кўринмаслиги маҳол ишдир. Бундай ҳолат топилиши мумкин деб  тарихда ҳеч ким айтмаган.

Лекин инсон бирон нарсага ишонч ҳосил қилиб, сўнг ўша ишончи тақозоларига тескари амал қилиши ҳаётда учраб турадиган ҳолатдир. Балки, бу кўпчилик инсонлардан содир бўладиган оддий ҳолат. Аммо бу зиддиятли ҳолат ҳеч қандай сабабсиз содир бўлмайди. Инсон нимагадир суянибгина кўнглидаги нарсага зид ишни қилади.

Зиддият инсон табиатида мажбуриятлардан қочиш иллати мавжудлигидан келиб чиқади. Чунки мажбуриятлар хоҳиш-истакларнинг миқдорини чеклайди ёки йўлини белгилайди. Шу сабабдан нафс мажбуриятлардан қутилиш пайида бўлиб, хоҳиш-истаклари кетидан юришни хоҳлайди. Бироқ, руҳшунос олимларнинг тадқиқотлари ортидан инсон бирон нарсага иймон келтириб яшаши унинг табиатида бор бўлган ҳолат эканлиги маълум бўлган. Шунинг ўзи ҳам хоҳиш-истакларни чеклашга ёки миқдорини камайтиришга ёки йўлини белгилашга етарлидир. Демак, инсонда иймон мавжуд бўлар экан, у хоҳиш-истаклар кетидан ҳоҳлаганича кетавермайди. Инсонни воқеийликда тасарруф этадиган нарса унинг ичидаги ирода қуввати бўлади. Шунга биноан инсон ё иймон тақозоларига риоя қилади ёки ундан қутулиш пайида бўлади. Гоҳида иймони кучли, гоҳида заиф бўлиши ҳам шундандир. Лекин иймон маҳсули бутунлай йўқолиб кетмайди.

Инсон табиати шудир. Шунинг учун уламолар иймон ўзгарувчандир, гоҳ ортиб, гоҳ ноқис бўлиб туради, солиҳ амаллар билан зиёда бўлса, маъсиятлар билан заифлашади, дейдилар.

Изоҳ қолдиринг