Соатни ўнг қўлга тақиш суннатми?

0

Савол:

Баъзиларнинг айтишича, соатни ўнг қўлга тақиш керак экан. Улар бунга Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ишларни ўнг тарафдан бошлашга ундаганларини ҳужжат қилишяпти. Шу гап тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Соатни ўнг қўлга ҳам, чап қўлга ҳам тақса бўлаверади. Ҳар ким уни ўзига қулай тарзда тақади. Соатни маълум кўринишда тақиш суннатга хилоф дейиш тўғри эмас.

Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Соатни узук сингари ўнг ёки чап қўлга тақиш мумкин. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам узукни иккала қўлларига ҳам таққанлари ҳадисларда собит бўлган” (“Фатово исломийя”, 4/25).

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Соатни ўнг қўлга тақиш уни чап қўлга тақишдан афзалроқ эмас. Чунки соат ҳам узукка ўхшайди. Шундай экан, соатни ўнг қўлга тақиш билан чап қўлга тақиш орасида фарқ йўқ. Бироқ маълумки, соатни чап қўлга тақиш ўнг қўлга тақишдан кўра ҳар тарафлама қулайроқ. Соат чап қўлда турганида уни созлаш, унга қараш қулайроқ бўлади. Шунингдек, соат чап қўлда туриши хавфсизроқдир. Чунки ўнг қўл чап қўлга қараганда кўпроқ ишлайди.

Бу борада танлов ихтиёрий. Соатни ўнг қўлга тақиш суннат деб бўлмайди. Чунки ҳадисларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам узукни ўнг қўлга ҳам, чап қўлга ҳам таққанлари айтилган. Соат ҳам айни узук ҳукмидадир” (“Аш-шарҳ ал-мумтеъ”, 6/110).

Валлоҳу аълам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг