Сатри авратга эътиборсизлик (3)

0

Азиз мусулмонлар!

Уламоларимиз эркакнинг эркакка нисбатан аврати, эркакнинг аёлга нисбатан аврати, аёлнинг аёлга нисбатан аврати, аёлнинг эркакка нисбатан аврати, боланинг аврати ва аёлнинг бола ҳузуридаги аврати, аёлнинг хунаса олдидаги аврати, аёлнинг қул олдидаги аврати ва чўрининг эркак олдидаги аврати ҳақида батафсил баён қилганлар.

Эркак киши ўз хотини ва чўриси олдида авратини тўлиқ очиши мумкин. Бироқ эркак киши бошқа эркаклар олдида киндик билан тизза орасини очиши мумкин эмас. Киндик билан тизза оралиғи аврат эканига уламолар иттифоқ қилишган.

Эркак кишининг бегона (номаҳрам) аёл олдидаги авратига келсак, аввало бегона аёл деганда ким назарда тутилган? Сизга никоҳи ҳалол бўлган, яъни уйланишингиз мумкин бўлган ҳар қандай аёл сизга нисбатан бегона саналади. Масалан: амаки, амма, тоға ва холанинг қизлари каби. Булар маҳрам эмас, сизга нисбатан бегона аёл ҳисобланади. Шунинг учун бегона эркак ва аёл бир-бирига қараши жоизмас. Кўзни тўсишлари лозим. Эркак киши бегона аёлдан ва аёл киши бегона эркакдан қаерда, қачон ва ким бўлишидан қатъи назар, назарини олиб қочиши, қарашдан тийилиши шарт, Аллоҳнинг амрига бўйсинган ҳолда фитнага тушиб қолишдан ва фаҳшдан сақланиши зарур. Юқорида келтирганимиз оят (Нур, 30-31) бунга далил бўлади. Аллоҳ таоло ҳар бир инсон ҳолидан хабардор. Шундай экан, Аллоҳдан тақво қилинг!

Эркакнинг ўз маҳрамларига нисбатан авратини баён қилишдан олдин маҳрам ҳақида маълумот бериб ўтсак. Маҳрам ким? Сизга никоҳи ҳаром бўлган аёллар маҳрамдир. Маҳрамлар бир-бирларига нисбатан одатда сатр қилмайдиган ерларига қараши жоиз. Бу ҳақда кейинроқ баён қиламиз, иншааллоҳ.

Аёлнинг бегона эркакларга нисбатан авратига келсак, – саҳиҳроқ сўзга кўра, – унинг бутун бадани авратдир. Аллоҳ азза ва жалла айтган: “Зийнатларини эркакларга кўрсатмасинлар. Фақат одатда кийиладиган ва фитнага сабаб бўлмайдиган устки кийимларини кўрсатишлари мумкин” (Нур, 31).

Уламолар зийнатдан мурод устки кийим, абая (ҳижоб либоси), паранжи деб айтганлар. Буларни яширишнинг иложи йўқ. Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай деган: “Пайғамбар хотинларидан идиш-товоқ ва бошқа шу каби бирон эҳтиёжни сўрамоқчи бўлсангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилиш сизнинг қалбингизни ҳам, уларнинг қалбларини ҳам тоза тутувчироқдир” (Аҳзоб, 53).

Аёлнинг ҳамма ерини тўсиб турадиган ҳижоби – пардаси бўлиши шарт. Девор бўладими, эшикми, ёки абая, паранжи, ёпинчиқ ва шунга ўхшаш нарса билан бўладими, аёл киши ҳижобланиши – тўсиниши лозим.

Аллоҳ таоло айтган: “Эй Пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга, мўминларнинг аёлларига айтинг. Бошлари, юзлари ва кўкракларини тўсиш учун ёпинчиқларини бошлари устидан ташласинлар” (Аҳзоб, 59).

Мазкур оятда келган, араб тилидаги “юдний” ( يدني ) феъли энг юқоридан энг пастгача тушириш маъносида бўлиб, бошдан оёқ, баданнинг ҳаммасини тўсишни ифодалайди.

Оиша разияллоҳу анҳо ўзига нисбатан уюштирилган машҳур туҳмат ҳодисасини сўзлаб, ўшанда Сафвон ибн Муаттал Суламий унинг яқинидан ўтаётиб истиржо айтганида, яъни “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” деганида юзини жилбоби (ҳижоби) билан ёпиб олганини айтганлар. Демак, Оиша разияллоҳу анҳо юзларини бегона эркакдан ёпишга шошилганлар. Бу ҳадис “Саҳиҳ Бухорий”да келган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Аёл киши авратдир. Агар уйидан чиқадиган бўлса, шайтон унга кўз тикади” (Термизий ривояти).

“Аёл авратдир” деганлари маъноси аёлнинг ҳамма аъзоси аврат, бегона эркаклар олдида бирон ерини очиши мумкин эмас, деганидир.

“Аёл киши авратдир. Агар у уйдан чиқадиган бўлса, шайтон унга кўз тикади”, ҳадисида бирон истиснони кўряпсизми?!

Асмо разияллоҳу анҳо айтади: “Биз эркаклардан юзимизни беркитар эдик”.

Оиша разияллоҳу анҳо ҳаж ё умра учун эҳромда эканларида аёллар билан бирга юзлари очиқ ҳолда тавоф қилар, агар эркаклар ўтиб қолса дарҳол юзларини ёпар эдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл киши эҳромда юзини ёпмаслигига буюришлари юзни ёпиш аёллар орасида маъруф бўлганига, одатда аёллар юзини ёпиб юрганига далолат қилади.

Бирон киши: “Юзни очиш жоиз дейдиганлар ҳам бор-ку”, деса, унга айтамизки, ҳозир яшаб турган асримизда, фитна-фасод кўпайиб, ёмонликлар кенг тарқаган бир даврда, аёлларни ярим яланғоч, ясан-тусан қилиб ҳар ерларда, қилмаган иши қолмай, кофир аёлларга изма-из эргашиб юрганини кўрасиз. Шундай дамда қайси гапга амал қилиш муносиброқ бўлади деб ўйлайсиз?

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг