Тавҳид ақидаси: Саҳобалар ўртасида содир бўлган фитна ва жанглар хусусида аҳли сунна ва жамоанинг тутган йўли (2)

0

Саҳобалар орасида урушлар келтириб чиқарган фитна ва пайдо бўлган ихтилофлар борасида аҳли сунна ва жамоанинг фикри икки нарсада умумлашади:

Биринчиси: Улар саҳобалар орасида вужудга келган ихтилофлар ҳақида гапиришдан тўхталадилар, чунки бундай ҳолатларда сукут сақлаш омонлик йўлидир. У ҳақда баҳс юритишдан тийиладилар ва айтадилар:

“Эй Раббимиз, бизнинг гуноҳларимизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизнинг гуноҳларини кечиргин, қалбимизда иймон аҳли учун ҳасад ва нафратни қилмагин. Парвардигор, шубҳасиз, Сен раҳмли ва меҳрибон зотсан” (Ҳашр: 10).

Иккинчиси: Саҳобаларнинг айбу нуқсонлари ҳақида ривоят қилинган гапларга бир неча жиҳатдан жавоб берилади:

Биринчидан, бу ривоятларнинг баъзилари бутунлай ёлғон ривоятлар бўлиб, уларни душманлар саҳобаларнинг обрўсини тўкиш учун тўқиб чиқарган.

Иккинчидан, уларнинг кўпини аслидан бошқача қилиб ўзгартириб юборилган, қўшилган, камайтирилган, турли ёлғонлар аралаштирилган, шу боис уларга эътибор берилмайди.

Учинчидан, бу сўзлар ичидан тўғри бўлганларига келсак, – улар жуда оз, – саҳобалар бу борада маъзурдир. Чунки улар мужтаҳидлардир, ижтиҳодлари билан ё тўғри қилган ё эса хато қилган бўлиб чиқадилар. Чунки бу ўрин ижтиҳод қилинадиган ўринлардан бўлиб, бунда мужтаҳид тўғри топса икки ажрга, хато қилса бир ажрга эга бўлади ва унинг хатоси кечирилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса икки ажрга, ижтиҳод қилиб хато қилса битта ажрга эга бўлади».[1]

Тўртинчидан, саҳобалар ҳам инсон, шахс сифатида хато қилишлари мумкин ва гуноҳ қилишдан маъсум эмаслар. Лекин улардан содир бўлган гуноҳу камчиликларга бир неча каффоратлар бор:

  • Тавба қилган бўлишлари мумкин. Тавба ҳар қанча гуноҳни ўчириб юборади. Бу ҳақда далиллар келган.

  • Агар улардан бирор хато содир бўлган тақдирда ҳам уларнинг ўша хатонинг кечирилишига олиб келадиган фазилатлари, хусусиятлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Яхши амаллар ёмонликларни кетказади» (Ҳуд: 114).

Саҳобаларга бошқаларга нисбатан кўп яхшиликлар ато этилган. Фазилатда ҳеч ким уларга тенглаша олмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан гувоҳлик беришларича, улар энг яхши аср кишиларидир, улардан бирларининг бир муд (ҳовуч) қилган садақаси бошқаларнинг Уҳуд тоғича қилган садақаларидан ортиқроқ.[2] Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин ва уларни рози қилсин.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бутун аҳли сунна вал жамоа ва барча дин имомлари саҳобалардан биронтасини, энг яқинларини ҳам, собиқинларини (пешқадамларини) ҳам, бошқаларини ҳам маъсум – гуноҳдан пок деб эътиқод қилмайдилар. Балки улар ҳам гуноҳга тушиб қолишлари мумкин. Аллоҳ таоло уларни тавба сабабли кечиради, даражаларини кўтаради ва гуноҳларни ўчирувчи яхшиликлар ёки бошқа сабаблар билан мағфират қилади. Аллоҳ таоло айтади:

«(Сўзда ҳам, ишда ҳам) ростликни келтирган зот (яъни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва уни (иймон ва амал билан) тасдиқ этганлар (мўминлар) – ана ўшалар тақводор зотлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида кўнгиллари тусаган барча лаззатлар бордир. Бу чиройли амал қилувчи кишиларнинг мукофотидир. Зеро Аллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб ўтган энг чиройли амалларининг ажри билан мукофотлар» (Зумар: 33-35).

«Инсон камолга етиб, қирқ ёшга тўлганида Раббига дуо қилиб: «Эй Раббим, менга ва ота-онамга инъом этган неъматларингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амаллар қилишга мени муваффақ эт ва мен учун зурриётимни ислоҳ қил. Мен Сенга гуноҳларимдан тавба қилдим ва мен Сенга тўла бўйсунувчиларданман», деди. Биз улардан қилган амалларини энг чиройли амаллари қаторида қабул қиламиз ва жаннат эгалари қаторида гуноҳларини кечирамиз» (Аҳқоф, 15-16)”.[3]

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг душманлари фитна даврида саҳобалар орасида келиб чиққан ихтилоф ва жангу жадални уларни камситиш ва ҳурматларига тил теккизишга баҳона қилдилар. Баъзи замондош ёзувчилар ҳам бу ифлос йўлда уларга эргашиб, билмаган нарсалари ҳақида вайсашди. Ўзларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари орасида гўё ҳакам қилиб олиб, нодонлик билан, ҳеч қандай далилсиз баъзиларини тўғри қилган дейишди, баъзиларини хато қилган дейишди, шарқшунослар ва уларнинг думлари бўлмиш ғаразли кимсалар сўзини такрорлашди. Улар бу билан айрим билими саёз мусулмон ёшларни буюк уммати тарихига ва барча асрларнинг энг яхши инсонлари бўлган саҳобалар тарихига нисбатан шубҳага туширишга уринадилар. Исломни айблашни ва мусулмонларнинг бирлигини бўлиб ташлашни истайдилар. Салафи солиҳларга эргашиш ва Аллоҳ таолонинг: Улардан кейин келганлар айтадилар: Эй Раббимиз, бизнинг гуноҳларимизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизнинг гуноҳларини кечиргин, қалбимизда иймон аҳли учун ҳасад ва нафратни қилмагин. Парвардигор, шубҳасиз, Сен раҳмли ва меҳрибон зотсан” (Ҳашр: 10) деган  сўзларига амал қилиш ўрнига бу умматнинг охиргилари қалбига аввалгиларга нисбатан адоват солишни кўзлайдилар.

[1] Муттафақун алайҳ.
[2] Муттафақун алайҳ.
[3] Мажмуъул фатово: (35,69).

Изоҳ қолдиринг