Эй иймон келтирганлар (29): Аҳдга вафо қилиш вожиблиги ва чорва ҳайвонларининг ҳалоллиги

0

Эй иймон келтирганлар, аҳд-паймонларга вафо қилинг. Сиз учун чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Фақат ҳаромлиги сизларга баён қилинган ўлимтик, қон ва шу каби нарсалар бундан мустасно. Эҳромда бўлган ҳолингизда ов қилишингиз сизга ҳаром қилинди. Албатта, Аллоҳ ўзи истаганидек ҳукм қилади” (Моида, 1).

Шарҳ:

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзига ва қиёмат куни Унга йўлиқишга ҳамда пайғамбарига иймон келтирган ва тоат-ибодати билан Аллоҳга яқин бўлган бандаларига жаннат неъматларини, куфр ва исён билан Ундан узоқ бўлган бандаларига жаҳаннам азобини ҳозирлаб қўйганига инонган мўмин бандаларига нидо қилди. Мўминларнинг чин маънодаги тирикликлари иймонлари туфайли бўлганидан Аллоҳ таоло уларга вазифа топшириш учун иймон сифатлари ила нидо қилди. Қандай вазифа дейсизми? У уларга аҳдларга вафо қилиш, ўзаро келишилган битимларни бажариш вазифасини юклади. Аҳдларнинг энг биринчи ўринда турадигани бандалар билан Аллоҳ ўртасидаги аҳддир: “Аллоҳ билан ўртангизда бўлган аҳдларга вафо қилинг” (Наҳл, 91).

Аллоҳнинг сизга берган неъматларини ҳамда: Эшитдик ва итоат этдик”, деган пайтингизда сиздан олган аҳдини ёдга олинг. Аллоҳдан тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ дилларда яширин бўлган сирларни ҳам билувчидир” (Моида, 7).

Аллоҳнинг неъматлари шубҳасиз, энг аввало иймон, Ислом, эҳсондир. Аллоҳ бандаларидан олган аҳд эса улар Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмай, ёлғиз Ўзига ибодат қилишларидир. Аллоҳдан бошқа ҳақ маъбуд йўқ ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг элчисидир деб гувоҳлик берган ҳар бир киши ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ва Пайғамбар олиб келган шариат ва аҳкомларга бўйсуниш борасида ўз устига Аллоҳ учун аҳд-паймон олган бўлади. Шунингдек, бирон нарсани назр қилган киши ҳам аҳд-паймон қилган бўлиб, рўза тутишни назр қилган бўлса рўза тутсин, кечаси намоз ўқишни назр қилган бўлса намоз ўқиш, риботда туришни назр қилган бўлса риботда туриш ва садақа қилишни назр қилган бўлса садақа қилиш билан назрига, аҳд-паймонига вафо қилсин. Назрига вафо қилишдан ожиз бўлса каффоратини ўташи, истиғфор айтиб, тавба қилиши лозим бўлади.

Аллоҳ билан ўзаро аҳдларга вафо қилиш вожиб бўлгани каби, одамлар бир-бирлари билан тузган битимларга вафо қилишлари ҳам вожибдир. Чунки бу аҳдларнинг барига вафо қилишни Аллоҳ буюрган. Хоссатан,  агар аҳдлашув асносида иймон ўртага қўйилиб аҳдлашилган бўлса ҳамда никоҳ, олди-берди масалалари, ижара, омонатлар каби одамлар ҳақ-ҳуқуқларига тегишли аҳд-паймонлар бўлса, вафо қилиш яна ҳам таъкидли бўлади.

Кимга омонат қўйилган бўлса, уни адо этиши шарт, омонатга хиёнат қилиши, уни йўқ қилиб юбориши ҳаром. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ таоло сизни ўзингизга қўйилган барча турдаги омонатларни ўз эгаларига адо қилишга буюради” (Нисо, 58).

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилманг ва била туриб, сизларга ишониб берилган динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга хиёнат қилманг” (Анфол, 27).

Илоҳий бу нидодаги аҳдларга вафо қилиш тўғрисида тобеинлар саййиди Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг айтган сўзини эслайлик: “Аҳдга вафо қилиш қарздаги аҳдларга вафо қилишдир.  Яъни киши ўз бўйнига бурч қилиб олган савдо-сотиқ, ижара, кира, никоҳ, талоқ, деҳқончилик, тинчлик шартномаси, мулкка эгалик, мулк танлаш, қул озод қилиш, бошқаришдан иборат ишларда аҳдга вафо қилишдир. Вафо қилиш булардан бошқа битимларни ҳам ўз ичига олади”.

Буни ҳар бир мўмин доим ёдида тутсин, асло унутмасин.

Бу нидодаги Аллоҳ таолонинг: “Сиз учун чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди” деган сўзларига келсак, бу Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишимиз ва ношукр бўлмаслигимиз учун Аллоҳдан бир эслатмадир.

Чорва моллари туя, қорамол, қўй ва эчкининг эркак ва урғочисидан иборат саккиз жуфт ҳайвондир.

Аллоҳ таолонинг: “Фақат ҳаромлиги сизларга баён қилинган” сўзига келсак, улар ҳаромлиги баён қилинган ўлимтик, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, баланд жойдан қулаб ўлган, бошқа ҳайвон сузиб ўлдирган ва йиртқич ҳайвон еб ўлдирган ҳайвонлардир. Бу ҳақда “Моида” сурасида оят бор: “Аллоҳ сизларга ўлимтикни, оқиб чиққан қонни, тўнғиз гўштини, сўйиш пайтида Аллоҳдан бошқанинг исми айтилган ҳайвонни ва бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, баланд жойдан қулаб ёки қудуққа тушиб кетиб ўлган, бошқа бир ҳайвон сузиб ўлдирган ва йиртқичлар бўғизлаб ўлдирган ҳайвонни ҳаром қилди. Фақат, жони чиқмай туриб сўйиб олсангиз, ҳалолдир” (Моида, 3).

Яна Аллоҳ сизларга ибодат учун қурилган бут ва бошқа нарсаларга атаб сўйилган ҳайвонларни ҳам ҳаром қилди”. Қабрга атаб сўядими, бут-санам ва жинларга атабми, Аллоҳдан бошқа учун сўйилган бўлса, ундай ҳайвонлар ҳаромдир.

Аллоҳ таолонинг: “Эҳромда бўлган ҳолингизда ов қилишингиз сизга ҳаром қилинди” сўзи юқорида мўминларга ҳаром қилинган ва қалбни булғовчи нопок гўштларга қўшимча равишдадир. Аллоҳ таоло ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаган кишига ов қилишни ҳаром қилди. Сабаби, ов қилишда лағв ва Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолиш бор. Эҳромдаги киши Аллоҳни кўп зикр қилиши, ибодат билан машғул бўлиши лозим эканидан унинг ов қилиш билан машғул бўлиши ё овлаган ҳайвон гўштидан ейиши ёки унинг буйруғи ва розилиги билан овланган ҳайвон гўштини ейиши ҳам ҳаромдир.

Эҳромдаги киши ўзи овлаган ёки у учун овланган ҳайвонлар гўштини ейиши худди Аллоҳнинг китобида ёки Расулининг ҳадисида ҳаромлиги баён қилинган ҳайвонлар каби ҳаромдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тиши билан ов қиладиган йиртқич ҳайвонни ва тирноғи билан ов қилувчи ҳар қандай қуш гўштини ейишдан қайтардилар.

Албатта, Аллоҳ Ўзи истаганидек ҳукм қилади”, яъни Аллоҳ таоло мубоҳ қилади ва ман қилади, ҳалол қилади ва ҳаром қилади. Нимани мубоҳ қилишни хоҳласа шунга рухсат беради ва нимани ман қилишни истаса уни тақиқлайди. Хоҳлаган нарсасини ҳалол қилади ва истаган нарсасини ҳаром қилади. Буларнинг бари Унинг илми, ҳикмати, раҳмати ва қудратига тобедир. Шунинг учун нимани Аллоҳ ва Расули ҳалол қилган бўлса, у ҳалол ва нимани ҳаром қилган бўлса, у ҳаромдир. Мўмин киши Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиши ва ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиши мумкин эмас.

Аҳд-паймонларимизга вафо қилиш билан Аллоҳ ва Расулига тоатда бўлишимиз учун юқорида ўтган сўзларни доим ёдда тутайлик.

Аллоҳнинг неъматларига шукр қилайлик. Аллоҳ бандаларига ҳалол қилган нарсаларни ҳаром ва ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилмайлик. Ҳаром ва ҳалол қилишни Аллоҳга қўйиб берайлик. Аллоҳ барча нарсани қамраб олган илми, бирон нарса ундан холи бўлмаган ҳикмати, барча нарсадан кенг бўлган раҳмати ва ҳеч нарса уни ожиз қила олмайдиган қудратидан келиб чиқиб хоҳлаганини ҳукм қилади.

Аллоҳга иймон келтирдик, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг