Сийрат: Пайғамбаримизга илк ваҳий тушиши

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қирқ ёшга етганларида  у зотга одамлардан узлатда яшаш суюкли этилди. “Нур” тоғига бориб, унинг чўққисидаги “Ҳиро” деб номланмиш ғорда бир неча кунлаб қолиб Рабларига ибодат қилар, бу улкан коинот ва унинг парвардигори ҳақида фикр юритар эдилар. Ғорда бир неча кунлаб ибодат қилар эканлар, шунга яраша ўзлари билан озиқ-овқат ҳам олар эдилар. Озиқ-овқатлари тугаб қолса, уйларига қайтиб келиб, бир неча кунга етадиган озиқ-овқат олиб, яна ғорга қайтиб кетар эдилар. Рамазон ойининг душанба куни кундузи Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғорда турган пайтларида ажойиб ҳодиса рўй берди. Қўққисдан Жаброил алайҳиссалом келди. Бу унинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга илк бор келиши эди. Имом Бухорий бу ҳақда “Саҳиҳ” тўпламида Ойша разияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳийнинг илк бор нозил бўлиши ўнгидан келадиган тушлар кўриш билан бошланган эди. Кўрган тушлари тонг ёғдусидек аниқ-равшан ўнгидан келар эди. Кейинчалик одамлардан узлатда бўлишни хоҳлаб қолдилар. Ҳиро ғорида якка ўзлари бир неча кунлаб ибодат қилиб қолиб кетар эдилар. Егуликлари тугаса, Хадичанинг олдига қайтиб, яна бир неча кунга етадиган егулик олиб, ғорга қайтиб кетар эдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий Ҳиро ғорида нозил бўлди. Жаброил келиб, у зотга: “Ўқинг!” деди. Пайғамар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўқишни билмайман”, дедилар. У зот айтадилар: “Фаришта мени бағрига босиб сиқиб, менга машаққат етказди. Сўнг мени қўйиб юборди ва “Ўқинг!” деди. Мен эса: “Ўқишни билмайман”, дедим. У иккинчи марта мени бағрига босиб сиқди ва менга машаққат етказди. Сўнг қўйиб юборди ва: “Ўқинг!” деди. Мен яна: “Ўқишни билмайман”, дедим. У учинчи бор мени бағрига босиб, сўнг қўйиб юборди. Кейин ушбу оятларни ўқиди: “Бутун махлуқотни яратган Раббингиз номи билан бошлаб ўқинг. У инсонни лахта қондан яратган зотдир. Ўқинг, шубҳасиз, Раббингиз эҳсони кўп, ўта саховатли зотдир” (Алақ, 1-3).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қалблари қўрқинчга тўла уйга қайтдилар. Хадича бинти Хувайлид ҳузурига кириб: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар”, дедилар. У зотни ўраб қўйдилар. Қўрқувлари кетганидан кейин Хадичага бўлган воқеани сўзлаб бердилар ва қаттиқ қўрқиб кетганларини айтдилар. Хадича: “Йўқ, асло қўрқманг, Аллоҳга қасам, Аллоҳ сизни ҳаргиз ёрдамсиз ташлаб қўймайди. Чунки сиз қариндош-уруғчиликни боғлайсиз, бировларнинг оғирини енгил қиласиз (яъни бева-бечораларга, етимларга ёрдам қиласиз), ишсизга иш топиб берасиз, меҳмонга иззат-икром кўрсатасиз, ҳақдорга ҳаққини олиб берасиз”, деди. Сўнг Хадижа у зотни Варақа бин Навфал бин Асад бин Абдул-Уззонинг ҳузурига олиб борди. Варақа Хадичанинг амакиваччаси эди. Жоҳилият даврида насронийлик динини қабул қилган эди. Иброний (қадимги яҳудий) тилида ўқиш-ёзишни биладиган саводли киши эди. Инжилни ҳам яҳудий тилида ёзганлардан эди. Кексайиб, кўзи ожиз бўлиб қолган эди. Хадича унга: “Эй амакимнинг ўғли, жиянингизга қулоқ солинг”, деди. Варақа: “Гапиринг эй жияним, нима кўрдингиз?” деди. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам унга содир бўлган воқеани сўзлаб бердилар. Варақа: “Бу айни Мусога тушган “номусдир” (фаришта Жаборилдир). Кошки, қавмингиз сизни ватанингиздан чиқариб юбораётганида ёш бўлсам эди, кошки ўша пайт ҳаёт бўлсам эди”, деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Улар мени чиқариб юборадиларми?” дедилар. Варақа: “Ҳа, сиз олиб келган каби нарсани сиздан илгари олиб келган кишиларга ҳам адоват қилинган. Агар сизнинг даврингизгача умрим етиб тирик бўлсам, сизга катта ёрдам кўрсатар эдим”, деди. Сўнг кўп ўтмай Варақа оламдан ўтди. Ваҳий нозил бўлиши ҳам бироз муддат кечикди”[1].

[1] Бухорий ривояти, «Китоб бадъул-ваҳий», 3.

Изоҳ қолдиринг