Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (17)

0

Дин шак-шубҳасиз, хоҳиш-истакларни чеклайди, миқдорини камайтиради ёки тўғри йўналишга йўллаб қўяди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади:

Бу ҳукмлар Аллоҳнинг ҳалол ва ҳаром ўртасини ажратиб берувчи чегараларидир, улардан чиқманглар!” (Бақара, 229).

Аллоҳ таоло яна айтади:

Аллоҳ сизларга жорий қилган бу ҳукмлар Унинг ҳалол ва ҳаром ўртасини ажратиб берувчи чегараларидир, сизлар ҳаромга тушиб қолмаслик учун бу чегараларга яқинлашманглар!” (Бақара, 187).

Инсон хоҳиш-истакларга қачон ижобат қилиши ва қай миқдорда ундан фойдаланиши кераклигини Аллоҳ таоло ўзи белгилайди. Аллоҳ таоло айтади:

Одамларга хотинлар, болалар, битмас-туганмас олтин-кумушлар, яхши отлар, туя ва мол-қўй каби чорва ҳайвонлари, боғдорчилик ва экин-тикин экиладиган ерлардан иборат нафс истакларига муҳаббат қўйиш чиройли қилинди. Булар дунё ҳаётининг матолари ва йўқ бўлиб кетувчи зеб-зийнатларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса гўзал оқибат ва чиройли мукофот – жаннат бордир”. (Оли Имрон, 14).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна айтади:

 “Эй одамлар, Аллоҳнинг сизлар учун ерда ҳалол қилиб қўйган ризқидан енглар, у нопок бўлмаган тоза ва зарари бўлмаган фойдали (ризқ)дир. Сизлар ҳалол ва ҳаром қилишда, бидъат ва маъсиятларда шайтоннинг йўлларига эргашманглар. Зотан, у сизларга адовати очиқ-ойдин бўлган душмандир” (Бақара, 168).

Яна айтади:

Бутпараст мушрик аёлларга то Исломга кирмагунларича уйланманглар. Билингларки, на мол-мулки, на обрў-эътибори бўлган иймонли чўри аёл озод мушрика аёлдан – гарчи у сизларга маъқул бўлса-да – яхшироқдир” (Бақара, 221).

Яна айтади:

Улардан бошқаларнинг никоҳларини сизлар учун ҳалол қилди. Ҳаромга қўл уриш ўрнига пул-молингиз билан иффатни талаб қилишингиз (яъни маҳр бериб уйланишингиз) Аллоҳ сизларга ҳалол қилган ишлардандир” (Нисо, 24).

 Аллоҳ таоло хоҳиш-истаклар йўлини ҳам Ўзи чегаралайди. Ҳалол ва ҳаром қилинган нарсаларнинг барчаси хоҳиш-истаклар йўлига қўйилган чекловлардир.

Бундан ташқари, хоҳиш-истаклар йўлига қўйиладиган ва унинг миқдорини ёки йўлини белгилайдиган бошқа турдаги чекловлар ҳам бор. Улар намоз, рўза, закот, ҳаж, “ла илаҳа илллаллоҳ” калимаси тақозо қилган ахлоқлар каби амаллар бўлиб, бу амалларнинг энг  чўққисида Аллоҳ йўлидаги жиҳод туради.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсон вужудидаги хоҳиш-истакларни бекордан-бекорга яратмаган. Албатта У ҳикматсиз иш қилишдан пок зотдир. Шунингдек, хоҳиш-истаклар йўлига чекловларни ҳам мақсадсиз қўймаган.

Инсон ерни обод этиши учун уни амалга, ҳаракатга чорлайдиган турткиларга эҳтиёжли эканини яратган зот Аллоҳ  яхши билади. Ва бу иш инсондан талаб қилинган олий мақсадлардан биридир:

Эй Пайғамбар, одамларга айтингки, Раббингиз фаришталарга: «Мен ерда уни обод қилишлари учун бир-бирига ўринбосар бўлиб ҳаётга келадиган қавмни (Одам ва унинг зурриётини) қилмоқчиман», деган эди” (Бақара, 30).

У сизларни ердан яратган ва сизларни ернинг обод қилувчилари қилиб қўйган зотдир” (Ҳуд, 61).

Шунингдек, ерни обод этиш  – халифалик иши Аллоҳ таоло инсон учун марҳамат қилган фойдаланиш василаларидан биридир ҳам:

Сизлар учун ерда ўрнашиб яшаш ва ажалларингиз етгунича ундаги нарсалардан фойдаланиш имкони берилгай” (Бақара, 36).

Шу билан бирга, халифалик иши инсон учун синовдир:

Биз бандаларимиздан қай бири Бизга итоат қилиб, чиройли амаллар қилишини ва қай бири гуноҳга ботиб, ёмон ишлар қилишини имтиҳон қилиш ва ҳар бир кишига ўзига лойиқ мукофоту жазоларини бериш учун ер юзидаги барча мавжудотни ер учун зийнат ва ер аҳлига фойдали қилиб қўйдик” (Каҳф, 7).

Изоҳ қолдиринг