Сатри авратга эътиборсизлик (4)

0

Аёлларнинг ёш болаларга нисбатан авратига келсак, кўпчилик бу масалада билимсиз бўлиб, бунга ўта бепарво ва енгил қарайди. Аёллар юз, бўйин, қўл ва билак каби аъзоларини кўрсатиши мумкин бўлганлар қаторида Аллоҳ таоло ёш болаларни ҳам зикр қилиб: “… аёлларнинг авратига алоқадор нарсаларни билмайдиган, ҳали шаҳвати уйғонмаган ёш болаларга кўрсатишлари мумкин”, (Нур, 31) деб айтган. Шунга кўра, аёлларга хос ҳолатларни тушуниб етмайдиган, чиройли билан хунукни ажрата олмайдиган ёш болалар олдида аёллар ҳижобланмаса бўлади. Аммо, бола аёлларга эътибор берадиган, қизиқадиган ва фарқлайдиган бўлиб қолса, аёллар бундай боладан ҳижобланишлари керак.

Бугунда кўп оилаларда хонадон ичида жуда катта ва ёмон даражада бепарволиклар бор. Хусусан, балоғатга етай деб қолган болалар масаласида… Балоғатга етган бўлса-ку эркак бўлади. Лекин кейинги пайтларда жамиятда кенг тарқалган, ойнома ва рўзномаларда, шунингдек ойнаи жаҳон, интернет ва қўл телефони орқали ёйилаётган кинолар, сериаллар, турли лавҳалар сабабли болалар балоғат ёшига етмай туриб ҳам тез катта бўлиб қолмоқда. Аёллар жамолини фаҳмлайдиган, чиройли ва хунукни ажрата оладиган бўлмоқда. Аёлларда эса бу масалага эътиборсизлик ва бепарволикни кўрасиз.

Бу жиддий эътибор бериш керак бўлган масаладир. Бепарволик қилинса, ўта шармандали ҳолатлар юзага келиши ҳеч гап эмас. Аллоҳ сақласин.

Шунинг учун бола аёлларга эътибор бераётгани, чиройи ва латофатини ажрата олаётгани сезилса, дарҳол ундай боладан аврат ерларини тўсиш, ҳижобланиш вожиб бўлади. Ундай болани хотин-қизлар олдига киритмаслик керак бўлади.

Аёлларнинг ўз маҳрамларига нисбатан аврати масаласига келсак, бу ҳақда уламолар Аллоҳ таолонинг: “Яширин зийнатларини эрларидан бошқаларга кўрсатмасинлар” (Нур, 31) оятидан келиб чиқиб: “Аёллар маҳрамлари олдида одатда очиб юрадиган юз, соч, бўйин, билак ва тўпиқларини кўрсатишлари мумкин”, деб айтганлар. Мана шу аъзолар одатда кўриниб туради. Бўйиндан пасти, билак ва тўпиқдан тепаси кўринмаслиги керак.

Айрим уламолар Аллоҳ таолонинг: “Яширин зийнатларини эрларидан бошқаларга кўрсатмасинлар. Юз, бўйин, қўл ва билак каби аъзоларини оталарига ё эрларининг оталарига ё ўз ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига кўрсатишлари мумкин” (Нур, 31) оятида амаки ва тоғанинг зикри келмагани учун ота, ака-ука ва ўғилдан кўра амаки ва тоғага нисбатан қаттиқроқ туришган.

Эй оталар, эй ака-укалар, эй эрлар, бу сўзларга диққат қилинг, бепарво бўлманг!!!

Аёлларни уйда, хонадон ичида ҳам ўранишга, сипо кийинишга унданг. Бу кўнгилсиз ва шармандали ҳодисалар олди олинишига бир қадам ташлаш бўлади.

Ёш болаларга келсак, агар бола гўдак ва эмизикли ёшда бўлса, унга нисбатан аврат йўқ, яъни авратини яшириш деган ҳукм йўқ. Уламолар етти ёшдан кичик бола камида икки авратини беркитиши керак, деб айтганлар. Болага масъуллар бунга диққат қилишлари лозим. Қиз бола тўққиз ёш, ўғил бола ўн ёш бўлганда эса кийинишига жиддий қараб, аврат ерларини ёпадиган тарзда тўлиқ кийиниши лозим. Минг афсус, бу масалага кўпчилик бепарво қараётганини кўрасиз. Тўққиз-ўн ёшга тўлган қизларига тиззадан юқориси очиқ, калта ва тор кийимлар кийдириб қўядилар. Ҳа, нима қипти, ўзининг амакиси-ку, ўзининг тоғаси-ку, қариндоши-ку ва ҳоказо деб бепарволик қиладилар. Ҳолбуки, юқорида айтганимиздек, ҳозирги асримиз фаҳш-мункар кенг тарқалган, фасод-бузуқлик оммалашган бир фитна даврдир. Эҳтиёт чорасини олмаса бўлмайди, хусусан шу масалаларда қаттиқроқ туриш керак. Фитрат бузилганига, одамлар ваҳшийлашганига далолат қилувчи жиноятлар ҳақида тез-тез эшитиб турганимиз ҳам бизни бепарво бўлмасликка, енгил санамасликка чорлайди.

Ўғил бўладими, қизми, фарзандларимизни ёшлигидан ҳаёли, иболи, аврат аъзоларини беркитишга эътиборли қилиб тарбия қилайлик, токи катта бўлиб, улғайгунига қадар шунга одатланишсин, авратни сақлаш уларнинг қон-қонига сингиб кетсин.

Арқонни бўш қўйсак, қизларимизни ёшлигидан рўмолга, ҳижобга, сипо кийинишга одатлантирмасак, катта бўлгач қийин бўлиши мумкин. Рўмолингни ўраб ол, ҳижобингни кийиб ол, сипо кийин, десак, ёшлигидан одатланмагани учун қулоқ солмаса, гапимизни қабул қилмаса, айбни ўзимиздан қидирайлик. Бепарво бўлганимиз, енгил санаганимиз оқибати шундай бўлади. Кийиниш ва ҳижобланишга эътиборсизлик оқибати ёмон бўлаётгани, қиз-жувонлар, келинлар очиқ-сочиқ, эркак кишини жунбушга келтирадиган кийимлар кийиб юриши натижасида пешонадан совуқ тер чиқариб юборадиган уятли ва шармандали ишлар, аянчли фожиалар рўй бераётганини ўзингиз кўриб, билиб, эшитиб турибсиз.

Табиатлар бузилган, ҳаё, иффат йўқолган – фақат Аллоҳ раҳм қилган кишилар бундан мустасно бўлган – даврда яшаяпмиз. Шунинг учун бу масалада қаттиқроқ туриш лозим бўлади, бепарво бўлмаслик керак. Уламолар: “Фитнага тушиб қолишдан қўрқилса, аёлларнинг одатда қараш жоиз бўлган ерларига аёллар ва маҳрамлар ҳам қараши ҳаром бўлади”, деб айтганлар.

Фитнага тушиб қолиш хавфи бўлганида мумкин ерларга қараш ҳам жоиз бўлмайди деган гап  саҳобалар ва салафи солиҳлар фаҳш-мункардан пок ҳаёт кечирган, жамият покиза, бузуқлик бўлмаган даврда айтилган бўлса, шаҳватни жунбушга келтирувчи сабаблар ниҳоятда кўп бўлган ҳозирги кунда бу масалага жиддий эътибор бериш шарт экани ўз-ўзидан маълум бўлади.

Эй оталар, ўғиллар, ака-укалар, амаки-тоғалар, эй эрлар! Ғаюр – ҳамиятли бўлинг. Хотин-қизларингизни авратларини сақлашга буюринг!!!

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг