Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Холид ибн Валиднинг Ироқда олиб борган урушлари

0

 

Холид ибн Валид халифадан буйруқ келгач, кечиктирмай Ироққа йўл олди. Унинг измида муртадларга қарши урушда иштирок этган икки минг кишилик қўшини ва Рабеа қабилаларидан йиғилган саккиз минг аскар бор эди. У Ироққа яқин минтақаларда бўлган уч қўмондонга – Мазъур ибн Адий ал-Ижлий, Сулмо ибн Қайн ат-Тамимий ва Ҳармала ибн Мурайта ат-Тамимийга мактуб йўллаб, уларни ҳам ўзига қўшилишга чорлади. Улар унинг чақириғини қабул қилдилар ва Мусанно ибн Ҳорисанинг қўшини билан қўшиб ҳисоблаганда ҳаммаси бўлиб саккиз минг кишилик қўшинни тахт қилиб турдилар. Шундай қилиб, мусулмонларнинг Ироқдаги жами қўшини сони ўн саккиз минг аскарни ташкил этди[1]. Қўшинларнинг йиғилиш жойи этиб Убуллани танладилар.

Холид Ироққа юриш бошлаши олдидан Убулла минтақаси ҳокими Ҳурмузга огоҳлантирув мактуби йўллади. Унда шундай сўзлар бор эди: “Аммо баъд, Исломни қабул эт, саломат қоласан. Ёки ўзинг ва қавминг учун жизя тўлашга рози бўл. Акс ҳолда ўзингдан кўр. Мен устингизга сизлар ҳаётни қандай яхши кўрсангиз, ўлимни худди шундай яхши кўрадиган кишилар билан келдим”. Холид ибн Валид бу билан Ҳурмуз ва унинг аскарлари қалбига қўрқув солишни ва уларнинг урушга бўлган азму қарорларини сусайтиришни кўзлаган эди. Зеро бу услуб психологик урушнинг бир тури саналади.

Холид душманга яқинлашгач, қўшинни уч қисмга бўлди ва умумқўшин хавфсизлигини кўзлаб, уларни уч алоҳида йўлдан юришга буюрди. Биринчи гуруҳга Мусаннони, иккинчи гуруҳга Адий ибн Ҳотим Тоийни бош қилди, учинчи гуруҳга ўзи бош бўлди. Улар билан Ҳазир[2] деган жойда учрашишга келишдилар.

Зотус салосил жанги

Ҳурмуз Холиднинг келаётганини ва мусулмонларнинг қўшинлари Ҳазирда йиғилмоқчи эканини эшитгач, улардан олдинроқ Ҳазирга бориб ўрнашди. Қўшинининг олдинги қисмига Қубоз ва Анушажжон исмли икки қўмондонни бош қилди. Холидга бу ҳақда хабар етиб келгач, у қўшинларга Ҳазирга эмас, Козимага йўл олишни буюрди. Ҳурмуз бу гал ҳам улардан олдинроқ Козимага етиб бориб, қўшинини яхши ва сувли жойга туширди. Холиднинг қўшини сувсиз ерга тушишга мажбур бўлди. Сўнг Холид одамларига, тезда юкларни тушириб, сув учун уруш бошлашни буюрди. “Қасамки, сув икки гуруҳдан сабрлироғига ва икки қўшиндан яхшироғига насиб бўлади”, деди у[3].

Мусулмонлар кўч-кўронларини туширдилар ва отлиқлар орқада, пиёдалар олдинга ўтиб, душманга ҳамла қилдилар. Аллоҳ таоло ўз фазли карами билан мусулмонлар устига бир булут юборди ва у мусулмонлар сафларининг орқа тарафига ёмғир ёғдирди. Улар ёмғир ҳосил қилган кўлмак сувлардан ичиб ташналикларини қондирдилар ва анча ўзларига келиб олдилар. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин бандалари билан биргалигига ва уларни ўз мадади ва нусрати билан қўллаб-қувватлаб туришига кўплаб мисоллардан биридир.

Мусулмонлар Ҳурмуз қўшини билан юзма-юз келдилар. Ҳурмуз хиёнаткорлик ва бадхулқлик билан шуҳрат қозонган эди. У ўз одатича, Холидни хиёнаткорона ўлдиришни режалади ва бу ҳақда атрофидаги қўриқчилари билан келишиб олди. Режага кўра, у Холидни яккама-якка олишувга чақирадиган ва иккаласи олишиб турганида қўриқчилари кутилмаганда бостириб келиб, Холидни ўлдиришадиган бўлди. Сўнг у сафлар ўртасига чиқиб, Холидни яккама-якка олишувга чақирди. Холид унинг чақириғини қабул қилиб, ўртага чиқиб келди. Иккиси тўқнашиб, бир-бирига бир-икки зарба беришганидан сўнг Холид Ҳурмузга чанг солиб, бўға бошлади. Шу пайт Ҳурмузнинг йигитлари улар устига қуюндек ёпирилиб, уни Холиднинг қўлидан қутқаришга ва Холидни ўлдиришга ошиқишди. Аммо бу ҳаракатлари Холидни мақсадидан чекинтиролмади ва у Ҳурмузни ўлдиришга муваффақ бўлди. Яккама-якка олишувни узоқдан кузатиб турган буюк қаҳрамон Қаъқоъ ибн Амр аҳвол жиддийлашганини ва ўртага хиёнат оралаганини кўргач, бир тўда отлиқларни ёнига олиб, майдонга қараб отилди ва улар Холидни ўлдиришга уринаётган Ҳурмузнинг қўриқчиларига ҳамла қилиб, уларни ҳар тарафга улоқтириб ташладилар[4]. Бошқа мусулмонлар ҳам Қаъқоъ ортидан форсликларга ҳужум қилиб, охир-оқибат уларни мағлубиятга учратишди. Шу ерда Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг қўрқмас баҳодир Қаъқоъ ибн Амр ҳақида «Орасида бу кабилар бўлган қўшин енгилмайди»[5], деб берган баҳоси ўз тасдиғини топди.

Холиднинг ўзи ҳам бу жангда мислсиз қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди. Бир ўзи форсларнинг бош қўмондонини ўлдирди, қўриқчилари Ҳурмузни унинг қўлидан қутқариб ололмади. Сўнг то Қаъқоъ бошчилигидаги жамоа етиб келгунича Холид Ҳурмузнинг йигитлари билан олишиб, бир нечтасини ер тишлатди.

Бу жангда форслар ортга қочмаслик учун ўзларини занжирлар билан боғлаб олишган эди. Шу боис бу уруш Зотус салосил (занжирлилар) жанги деб ном олди[6].

Мусулмонлар форсликлардан қўлга киритган ўлжалар минг туяга юк бўлди. Холид Ҳийра атрофидаги қишлоқларни фатҳ этишга аскарлар юборди. Улар ҳам кўплаб ўлжалар билан қайтишди.

Холид ибн Валид мусулмонларга қарши қурол кўтармаган деҳқонларни ва тинч аҳолини ўз ҳолига қўйишни буюрди ва уларга Абу Бакр Сиддиқ буюрганидек чиройли муомала қилди. Уларга ўз ерларида бемалол ишлаш ва ерларининг ҳосилига ўзлари эгалик қилиш имкониятини яратиб берди. Улардан ким Исломни қабул қилса, улардан закотини олди. Ўз динида қолишни истаганларга жизя солиғи солди. Уларга солинган жизя миқдори форслик хўжайинлари одатда улардан тортиб оладиган ҳосилга қиёслаганда анча оз эди. Холид ерни эгаларидан тортиб олмади, балки уларга инсоф ва адолат билан муомала қилди. Деҳқонлар ҳам бу фатҳлар эпкини олиб келган адолат ва инсоний биродарлик ҳавосидан эркин нафас олдилар.

Холид ибн Валид ғаниматларнинг бешдан бирини пойтахтга, Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига юборди, қолганини мужоҳидларга тақсимлаб берди. Сиддиққа юборилган нарсалар ичида Ҳурмузнинг қимматбаҳо тожи ҳам бор эди. Абу Бакр уни урушдаги қаҳрамонлигига мукофот ўлароқ Холидга ҳадя қилди. Тожнинг қиймати юз минг динор эди, қиматбаҳо дуру гавҳарлар билан безалган эди. Форсликлар одатича, тож ўз эгасининг мартабасини кўрсатиб турар, энг улуғ мартаба эгасига қиймати юз минглик тож кийдирилар эди.

 

[1] «Тарих ат-Табарий», 4/163.
[2] Басрадан 4 мил узоқликдаги жой номи
[3] Ибн Асир. «Комил», 2/51.
[4] «Тарих ат-Табарий», 4/165.
[5] «Тарих ат-Табарий», 4/163.
[6] «Ат-тарих ал-исломий», 9/133.

Изоҳ қолдиринг