Аллоҳнинг борлигини исботловчи далиллар

0

Аллоҳ таолонинг борлигини исботловчи далилларнинг чеки йўқ, сон-саноқсиздир. Негаки, Аллоҳ таолонинг борлигини билиш энг мустаҳкам ўрнашган маълумот ва исботга муҳтож бўлмаган бирламчи масаладир. Қолаверса, инсоннинг соғлом фитрати ҳам шунга гувоҳ: “Ҳар бир чақалоқ фитратга асосан дунёга келади”.

Зеро, соғлом ақл ҳар бир яратилган нарсанинг яратувчиси бўлиши, йўқлик ҳеч нарсани ярата олмаслиги ва ўзида йўқ ўзгага бирон нарса бера олмаслигини ҳукм қилади; Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улар (ҳеч қандай яратувчисиз) ҳечдан-ҳеч дунёга келдиларми ёки улар (ўзларини) яратувчимилар?!” (Тур, 35).

Барча халқлар Раббиларининг борлигига ва ҳеч қандай шериксиз якка Ўзи яратувчи эканига иттифоқ қилганлар; Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ(нинг борлиги ва якка Ўзи ибодатга ҳақли экани)да шак қиласизларми?!” (Иброҳим, 10). Аллоҳнинг борлиқда кўзга ташланган, қалбларда жо бўлган ва саҳифаларда ёзилган оят-аломатлари Аллоҳга тасбеҳ айтишга чорлайди ва Уни яккалаш ва улуғлашга даъват этади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), энг олий зот бўлмиш Раббингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) покланг! У (барча нарсани) яратиб, (унинг табиатида мавжуд иш ва вазифаларни қулай бажариши учун) мувозанатли қилиб қўйган ва (барча мавжудотларга ўзига хос моддий ва маънавий имконият ва қобилиятлар) белгилаб, (бу имконият ва қобилиятларни ишга солиш ва вужуддаги ўз вазифасини адо этиши учун) ҳидоят қилиб қўйган зотдир” (Аъло, 1-3). Аллоҳ таоло ночор қолган бандалар дуосини ижобат қилади, Унга илтижо қилганлар эҳтиёжини қондиради; Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтда (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган… зотми?!” (Намл, 62).

Дарҳақиқат, иззат-икром соҳиби бўлмиш пайғамбарлар Аллоҳни танитдилар. Уларни қўллаб-қувватлаш учун Аллоҳ уларга турли мўъжизалар берди. Ана шундай инсонни лол қолдирувчи мўъжизаларнинг энг каттаси: тилларда тиловат қилинган, қулоқлар билан эшитилган ва то охир замонга қадар Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояси билан сақланажак Қуръони каримдир.

Аҳли суннат Аллоҳнинг исм ва сифатларига иймон келтирадилар. Бу исм ва сифатларни Аллоҳнинг улуғворлиги ва мукаммаллигига лойиқ тарзда исботлайдилар. Шунингдек, Рабларини махлуқотларга ўхшашдан поклаб, исм ва сифатларининг қандайлиги ёлғиз Ўзигагина маълум, деб эътиқод қиладилар.

Бу борада Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини далил қилиб, унга таянадилар: “Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ ва У эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Шўро, 11).

Аллоҳ таолонинг исмлари фақат Қуръон ва саҳиҳ суннат орқалигина исбот қилиниб, улар Аллоҳнинг атоқли исмлари ва сифатларига далолат қилади. Бу исмлар сони тўқсон тўққизта билан чекланмай, балки уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг сифатларининг барчаси олий, барчаси мукаммал ва барчаси Қуръон ва ҳадислар кўрсатмаси билангина маълум бўлади.

Сифатлар тўғрисидаги гап исмлар тўғрисидаги гапга ўхшаганидек, сифатлар ҳақидаги гап зот ҳақидаги гапга, шунингдек, айрим сифатлар тўғрисидаги гап қолган сифатлар тўғрисидаги гап билан баробардир.

Раббимизни ибодат билан яккалаш Ислом динининг асоси ва Аллоҳнинг бандалари устидаги собит ҳаққидир. Кимда ким Аллоҳнинг Раб эканига чинакам иймон келтирса, албатта шериксиз ёлғиз Аллоҳгагина буйсуниб, Унгагина тоат-ибодат қилади.

Аллоҳдан бошқасига ибодат қилишга ёки Аллоҳнинг динида бидъат пайдо қилишга олиб борадиган барча восита ва баҳоналарни олдини олиш ва ман қилиш вожибдир. Зеро, динда пайдо қилинган ҳар бир янгилик бидъат ва ҳар бир бидъат залолат ва адашишдир.

Аллоҳнинг ҳақларидан бири ҳукм чиқаришни сўраб Унга мурожаат қилиш ва ажрим қилиши учун келишмовчиликларни фақат Унга ҳавола этишдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ҳукм чиқариш фақат Аллоҳга хосдир”. Шундан келиб чиққан ҳолда, фақат Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларгина ҳалол, фақат Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларгина ҳаром ва Аллоҳ шариатида кўрсатганидан бошқа дин йўқдир.

Иймон асосларидан бири Аллоҳ ва Унинг дўстларини яхши кўриш, уларни дўст тутиш ва душманларини дўст тутмасликдир. Кимда ким Ислом динида бўлмаган бирон кимсани дўст тутса, у ҳолда динининг илдизига болта урган ва золимлардан бирига айланиб қолган бўлади.

Изоҳ қолдиринг