Таркибида Е ҳарфи билан ифодаланадиган моддалар мавжуд бўлган озиқ-овқатлар ҳукми

0

Савол:

Барча озиқ-овқатлар таркибини текшириш зарурми? Чунки озиқ-овқатлар таркибида айрим моддалар бўлар экан. Бу моддалардан ҳаром бўлгани ҳам, ҳалол бўлгани ҳам бор экан. Баъзи интернет сайтлари бу моддаларнинг ҳалолларини ва ҳаромларини баён қилганини ўқиган эдим. Сайтда ёзилишича, шундай моддалардан бири Лецитин Е322 моддаси бўлиб, у гоҳида ҳаром, гоҳида ҳалол бўлиши мумкин. Яна бунга ўхшаган бир неча хил моддалар мавжуд экан.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Ислом шариатидаги муҳим қоидалардан бирига кўра, аслида барча озиқ-овқатлар ҳалол ва мубоҳ ҳисобланади. Бу қоидадан сўйиладиган ҳайвонларгина истисно қилиниб, улар ҳалол саналиши учун Ислом шариатига кўра сўйилган бўлиши зарур. Юқоридаги асл қоидадан чиқиш учун очиқ-ойдин далил топилиши лозим. Озиқ-овқатларнинг ҳалоллигида шубҳа туғилиши билан улар ҳаромга чиқарилмайди. Балки ҳалоллигича қолаверади. Бу Аллоҳнинг бандаларига қилган марҳамати ва Ислом динининг бағрикенглигидандир. Инсон аслида ҳалол бўлган озиқ-овқатлар таркибини суриштириши, асл манбаини аниқлаш учун изланиши вожиб эмас. Балки зоҳирига қараб амал қилаверади. Таомнинг ҳалоллигида жиддий шубҳа туғилиши бундан мустасно, албатта. Аммо сиртдан қараганда ҳалол ва мубоҳ бўлган нарсанинг кетидан ҳеч қандай асоссиз изланиш ортиқча такаллуф ва тирноқ ичидан кир топиш кабидир.

Энди сиз сўраган моддалар ҳукмига келсак, «Оврўпо фатво ва илмий тадқиқотлар исломий кенгаши»нинг шу ҳақдаги фатвосида бундай дейилган:

 «(Е) ҳарфи билан ифода этилган моддалар бир неча хил мураккаб бирикмалардан ташкил топган бўлиб, уларнинг сони 350 хил бирикмадан ошиқдир. Бундай моддалардан маҳсулотни узоқ муддатга сақлаш, унга ранг ёки там бериш, унинг сифатини ошириш ёки шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин. Бу моддалар таркибига қараб тўрт хил турга бўлинади:

  1. Сунъий-кимёвий йўл билан ҳосил қилинган бирикмалар.

  2. Ўсимликлардан олинган бирикмалар.

  3. Ҳайвонлардан олинган бирикмалар.

  4. Спиртга қўшиб эритилган бирикмалар.

Бу моддалар озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшилиши билан улар ҳаром бўлиб қолмайди. Сабаби, биринчи ва иккинчи турга оид бирикмалар аслида ҳалол моддалардан ишланган бўлиб, уларни истеъмол қилишнинг ҳеч қандай зарари йўқ. Учинчи турга оид бирикмалар эса ҳайвонлардан олинган бўлса-да, кимёвий реакция натижасида бутунлай бошқа пок моддага айланиб кетган. Модданинг бу тарзда бир моддадан бошқа моддага айланиши ўша моддага тегишли шаръий ҳукмга ҳам таъсирини ўтказмай қолмайди. Асли ҳаром бўлган ёки нажас деб эътиборга олинган модданинг тамоман бошқа моддага айланиб кетиши шаръий ҳукмни ҳам ўзгартириб юборади. Масалан, сиркага айланган ароқ ҳалол ва пок бўлиб, ароқлик ҳукмидан чиқиб қолади. Тўртинчи турга келсак, бундай бирикмалар кўпроқ ранг берувчи моддаларда учрайди. Одатда бундай бирикмалардан жуда кам миқдорда фойдаланилади ва қўшилган модда таркибига аралашиб, деярли йўқ бўлиб кетгани учун афв этилади.

Демак, таркибида мазкур моддалардан бири топилган озиқ-овқат маҳсулотлари асл ҳукмида, яъни мубоҳлигича қолаверади. Мусулмон киши уларни бемалол тановул қилса бўлади. Динимиз бағрикенглик дини бўлиб, ишларда чуқур кетишдан қайтаради. Валлоҳу аълам.

(islamweb саҳифасидан баъзи ўзгартиришлар билан олинди)

Изоҳ қолдиринг