Аллоҳнинг динига даъват қилиш

0

Аҳли суннат ва жамоат эътиқодига кўра, Аллоҳга даъват қилишнинг энг биринчи нуқтаси Аллоҳга ихлос қилишдир. Зеро, ихлос даъватнинг руҳи, унинг муваффақияти калитидир. Шу боис, мухлис бўлмаганларга ғалаба, содиқ бўлмаганларга эса ҳукмронлик насиб қилмайди.

Аллоҳнинг динига даъват қилиш чинакам ҳаёт ва нажотдир. Даъват энг афзал ва энг долзарб амаллардан. Даъват аҳли пайғамбарлар вазифасини бажарувчи анбиёлар ўринбосарлари. Шундай қилиб, улар энг кўп савобни қўлга киритувчи, энг мартабаси баланд инсонлардир.

Аллоҳнинг динига даъват қилиш ўзгармас фарз, давомли ибодат. Даъват сабабли дин тикланади, мусулмонлар иззат-икром топадилар. Даъватнинг фарзлиги ҳар бир мусулмоннинг ҳолати ва имконияти даражасида бўлади.

Даъватчининг нияти – Раббининг амрига бўйсуниш, пайғамбарининг йўл-йўриғидан ўрнак олиш, бир неча баробар кўпайиб борадиган ажру савобларни қозониш, юксак мартабаларни қўлга киритиш, динга ёрдам бериш, ер юзида Ислом ҳукмронлиги сари интилиш ва ниҳоят оламлар Раббининг розилигига эришишдир.

Даъват мавзуси – халойиқнинг сарвари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган Ислом динидан иборат. Бу мавзу одамларни ҳақ динга бошлаш, унинг рукнларини баён қилиш, асосларини еткизиш, мақсад ва ғояларини эслатиш, шариатларини танитиш ва ниҳоят унинг гўзал ва таҳсинга лойиқ томонларини кўрсатиб беришни ўз ичига олади.

Аллоҳнинг динига даъват қилиш даъват бошланган дастлабки ондан эътиборан оламшумул бўлган эди. Зеро, Аллоҳ таоло энг аввал нозил бўлган оятлардаёқ муқаддас китобининг оламшумуллиги тўғрисида шундай деган эди: “У (Қуръон бутун) оламлар учун эслатмадир” (Қалам, 52).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам даъватининг оламшумуллиги ҳақида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Биз сизни бутун инсонлар учун (улардан итоатгўй бандаларга жаннат) хушхабар(ини) берувчи ва (осий бандаларни дўзахдан) огоҳлантирувчи бўлган ҳолда пайғамбар қилиб юбордик. Бироқ кўпчилик одамлар билмайдилар” (Сабаъ, 28).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан кейин оламшумуллик тушунчаси саҳоба разияллоҳу анҳум даъватида ҳам мустаҳкам ўрнашди. Ушбу тушунчани Рибъий ибн Омир қуйидаги тарзда эълон қилди: “Аллоҳ одамларни ўзлари каби бандаларга ибодат қилишдан бандалар Раббига ибодат қилишга, дунё торлигидан дунё ва охират кенглигига, динлар жабр ва зулмидан Ислом адолати сари чиқариш учун бизларни юборди”.

Даъватнинг оламшумуллигини таъкидлайдиган ва қўллаб-қувватлайдиган омиллардан бири Ислом билан бутун куфр динлари ўртасидаги курашнинг оламшумуллигидир.

Оламшумул даъват токи чегара билмас, қатъий ва ўзгармас дин асосларига риоя қилган ҳолда мақбул ва жоиз ижтиҳод доирасини тор олмайдиган, восита, уюшма ва ташкилотлари оламшумуллик хусусиятига эга даъват бўлмас экан, бундай даъват бутун жаҳон миқёсидаги даъват бўла олмайди.

Даъват ва даъватчилар мақсад ва ғоялари мўминлар ўртасида динни тиклаш, уни одамларга тўла-тўкис еткизиш, тушунчаларни тўғрилаш, барча инсонларга тўғри динни баён қилиш, дин душманлари ва хоинлар йўлини фош қилиш, жоҳил кимсалар билан қайсар кимсалар ўртасини ажратиш ва ер юзида Ислом ҳукмронлиги сари интилишдир.

Муваффақиятли даъват – мавзу ва соҳа жиҳатидан кенг қамровли бўлган, бутун инсониятга қаратилган, ҳар бир гуруҳ ва тоифага ўзига мос хитоб қиладиган, жамики инсонларга эзгулик раво кўрадиган, уларнинг ҳақ динларини ҳимоя қиладиган, дунёсини ислоҳ қиладиган, тараққиётини барпо қиладиган, моддий-маиший ҳаётларида фаровонликни таъминлайдиган, бошларига тушган ташвиш ва қийинчиликларни бартараф қиладиган даъватдир.

Даъватчилар ўзаро тўғри ва соғлом алоқа ўрнатадилар. Бу соғлом риштадан келиб чиқиб якдил ва бирдам бўладилар, тарқоқликка чек қўядилар. Ўзаро ораларида хуфёна ҳам, тинчлик-фаровонлик пайтларида ҳам панд-насиҳатлар қиладилар, шунингдек, ошкора ҳам, бошга кулфат тушган, ташвишли дамларда ҳам бир-бирларига таянч ва кўмакдош бўладилар. Улар шаръий манфаатлар билан партиявий манфаатларни фарқига борадилар, шаръий матлаблар билан шахсий матлаблар ўртасини ажратадилар. Бирон нарсага нисбатан муносабатларини ҳис-туйғулар билан эмас, балки шариат билан белгилайдилар, таҳсинга лойиқ муросаю-мадора билан манфур лаганбардорлик ва тилёғламалик ўртасини ажратадилар.

Аҳли суннатга мансуб бўлган даъватчининг сўзи амалига мувофиқ, ичи сиртига монанд бўлади. Зеро, раббоний даъват сўз билан хатти-ҳаракат ўртасидаги мукаммал уйғунликка асосланади. У сўзидан аввал амали билан ваъз қилади. Кўз қири фойда бермаганнинг гап-сўзи ҳам фойда бермас!

Қуръон ва ҳадисларда кўрсатилган даъват услуб ва воситаларининг жоиз эканлигида ҳеч қандай хилоф йўқ. Бироқ бу иккисида кўрсатилмаган услуб ва воситаларга келсак, улар ижтиҳод ва манфаатга асосланган услуб ва воситалардир. Бу хусусдаги асл қоида – уларнинг жоиз ва ҳалоллиги. Зеро, улар ақл маъносини идрок қилмайдиган, мағзини чақиш имкони бўлмаган муайян шариат кўрсатмасига муҳтож бўладиган тааббудий услуб-воситалар эмас.

Ва ниҳоят, даъват ва динни тўла-тўкис еткизишда бор куч ва имкониятларни сарфлаш анбиё ва расуллар, улардан кейин келган даъват арбоблари ва ислоҳотчилар даъватининг энг кўзга кўринган асос ва хусусиятидир.

Ер юзида Ислом ҳукмронлигини ўрнатиш, динни тиклаш сари интилиш айрим дин аҳкомларини поғонама-поғона, босқичма-босқич татбиқ қилиш, одамларга енгиллатиш ва васатия услубига қарама-қарши келмайди. Шунингдек, даъватнинг кенг қамровлилиги динни босқичма-босқич татбиқ қилиш тушунчасига ҳам зид эмас.

Изоҳ қолдиринг