Эй иймон келтирганлар (30): Аллоҳнинг чегараларини бузиш ҳаромлиги, эҳромдан чиққач ов қилиш ҳалоллиги ҳамда яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмаслик ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳнинг чегараларини бузманг. Уруш ҳаром қилинган ойларда уруш қилишни ҳалол санаб олманг. Аллоҳнинг уйига аталган ва бўйинларига белги осиб қўйилган ҳайвонлар ҳурматини поймол қилманг. Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва розилигини истаб Каъбани мақсад қилиб кетаётган кишиларга қарши урушишни ҳалол қилиб олманг. Эҳромдан чиқсангиз, ов қилаверинг. Сизларни  Масжиди ҳаромдан тўсганлари учун бир қавмни ёмон кўриш улар ҳақида адолатсизлик қилишингизга олиб бормасин. Яхшилик ва тақво қилишда ўзаро ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва тажовузкорликда ҳамкорлик қилманг. Аллоҳдан қўрқинг. Зеро, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида, 2).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо бир неча ўта муҳим ишларни ўз ичига олган. Қуйида уларни батафсил баён этамиз:

  • Аллоҳнинг чегараларини бузишнинг ҳаром экани. Аллоҳнинг чегаралари – Аллоҳ таоло фарз ва вожиб қилган, қайтарган ва ҳаром қилган дин аҳкомларининг барчасидир. Бунга кўра, намоз, рўза, ҳаж ва умра, закот, жиҳод, ота-онага яхшилик қилиш ва силаи раҳм – буларнинг барини тарк қилиш ҳалол бўлмайди. Яна Аллоҳ ҳаром қилган рибо, зино, ёлғончилик, муттаҳамлик, ўғрилик, хиёнат, ҳақорат, бировнинг обрўсини тўкиш каби ишларни ҳалол санаш мумкин эмас. Юқорида ўтган Исломда вожиб ёки ҳаром бўлган амалларнинг бари диний удумлар, чегара ва белгилар ҳисобланади.

  • Дин аҳкомларидан насх қилингани (яъни бекор қилингани) Ҳаром ойлардан бири Ражаб ойидир. Ражаб ойида уруш қилиш ҳаром эди, сўнг Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ урушни ҳаром қилган ойда мушриклар билан урушишларингиз уларнинг уруш ҳаром қилинган ойда сизларга уруш қилишганига жазодир” (Бақара, 194) ояти билан насх қилинди. Шунингдек, уруш ҳаром қилинган бошқа ойларда ҳам агар душман уруш очса, уларга қарши урушиш мумкин. Мушриклар қурбонлик учун атаган ва бўйнига осиб қўйган белги ҳурматини сақлаш ҳам насх (бекор) қилинди. Сабаби, қурбонлик учун атаган ҳайвонлари у ёқда турсин, мушрикларнинг ўзига ҳам Масжиди ҳаромга кириш тақиқланди. Аталган ҳайвон дегани – Байтуллоҳ учун атаб, ҳадя қилинган ҳайвон, уларга осиб қўйилган белги эса Байтулллоҳга ҳадя қилинган туя ё қўй эканини билдириш учун бўйнига осиб қўйилган белги бўлиб, бундай ҳайвонларга тегилмаган. Гоҳида, Ҳарам ҳудудидаги дарахт қобиғини ҳайвон бўйнига илиб қўйишар ва шу билан у ҳайвон ҳурматли саналиб, унга тегилмас эди. Бу ишлар Исломдан олдин бўлиб, Ислом келгач насх қилинди.

  • Аллоҳнинг розилигига эришиш учун ибодат қилиш мақсадида Каъбани кўзлаб кетаётган кишиларга қарши уруш қилиш ҳаром экани. Фақат Каъбага кетаётган одам кофир ё мушрик бўлса, унга Ҳарамга киришга изн берилмайди.

  • Мўмин киши эҳромдан чиққанидан сўнг ов қилишига рухсат борлиги. Чунки эҳромдаги киши ов қилиши ёки у учун овланган ҳайвон гўштидан ейиши ҳалол бўлмайди. Бу ҳукм ўз кучида қолган, юқоридаги насх унга тегишли эмас.

  • Душманга адоват қилишда ҳаддан ошишнинг ҳаром экани. Кимнинг душмани бўлса, бу ҳол уни душманига зулм қилишга, ҳаддан ошиб, тажовуз қилишга олиб бориши жоиз эмас. Аммо душман зулм қилса, шундагина зулми ва тажовузига қарши етарлича жавоб бериши мумкин. Аллоҳ таоло деди: “Сизларни Масжиди ҳаромдан тўсганлари учун бир қавмни ёмон кўриш улар ҳақида адолатсизлик қилишингизга олиб бормасин”. Бу ҳодиса Ҳудайбияда бўлган эди. Мушриклар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминларни умра қилишдан тўсган эдилар. Шунда мусулмонлар билан мушриклар ўртасида “Ҳудайбия сулҳи” номи билан машҳур сулҳ тузилди. Аллоҳ таоло мўминларни огоҳлантирдики, уларни Масжиди ҳаромдан тўсишгани туфайли мушрикларга бўлган адоват ва нафратлари ўртада сулҳ тузилгандан сўнг улар ҳақида адолатсизлик қилишга олиб бориб қўймасин.

  • Яхшилик ва тақвода мусулмонлар ўзаро ҳамкорлик қилиши вожиб экани. Яхшиликда ҳамкорлик қилишдан мурод садақа қилиш, қарз бериш, ҳар турли ёрдам ва мурувват кўрсатиш, хайр-саховат ва эҳсонлар қилишда бир-бирларига ёрдам беришларидир. Зеро буларнинг барчаси яхшилик ва яхшиликда ҳамкорлик қилишдир. Тақвода ҳамкорлик қилиш эса Аллоҳ ва Расулининг буйруқ ва қайтариқларига итоат этишда, амри маъруф ва наҳий мункар билан динни комил тарзда барпо қилишда ҳамкорликдир. Бирон вожиб тарк этилса ёки ҳақ-ҳуқуқлардан бири поймол қилинса, мўминлар дарҳол шу ташлаб қўйилган вожибни тиклаш ва ўрталарида зое бўлган ҳақни ўрнига келтиришда бир-бирларига ёрдам беришлари шарт. Чунки улар бир миллатдир.

  • Гуноҳ ва адоватда ҳамкорлик қилишнинг ҳаром экани. Гуноҳдан мурод зино, судхўрлик, ўғрилик, ғийбат, чақимчилик, фарз амалларни қилмаслик, шунингдек, турмуш қуришдаги, емоқ-ичмоқ, кийим-кечак ва бошқа нарсалардаги ҳаром ишларни қилиш каби катта гуноҳлардир. Бу каби гуноҳлар мусулмонлар орасида олдин йўқ бўлган бўлса, уларни пайдо қилиш, бор бўлса, давом этишига ҳамкорлик қилиш ҳаром бўлган гуноҳлардир. Адоват эса зулм, тажовуз ва ҳаддан ошиш бўлиб, мўминларнинг жони, моли ва обрўсига тажовуз қилувчи золимга ёрдам бериш ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаромдир. Золимга ёрдам бериш у ёқда турсин, унга мойил бўлиш ҳам ҳаром. Аллоҳ таоло деди: “Ўша золим кофирларга мойил бўлманглар, акс ҳолда сизларга дўзах ўти етади” (Ҳуд, 113). Мойил бўлиш – золим тарафга оғиш, унинг қилаётган зулмига рози бўлиш ва зулмдан қайтармасликдир.

  • Аллоҳ азза ва жалладан тақво қилишга бўлган буйруқ. Аллоҳ таоло ушбу нидонинг охирида: “Аллоҳдан қўрқинг. Зеро, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”, деди. Тақвога буюриш – Аллоҳ ва Расулига ҳамда мусулмон раҳбарга итоат этишга буйруқ деганидир. Аллоҳ ва Расули буюрган фарз, вожиб ва суннат амалларни бажариш ҳамда Аллоҳ ва Расули қайтарган ботил эътиқод, ёмон, бузуқ сўз ва ишларни тарк этиш билан тақво ҳосил бўлади.

Бу нидо ўз ичига олган буйруқ ва қайтариқларга мўминлар бепарво бўлмаслиги учун, Аллоҳ таоло бу нидони: “Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” деган сўзлар билан якунлади. Агар мўминлар ўзларига топширилган ишларга бепарво бўлсалар, жиддий эътибор қаратмасалар, Аллоҳ уларнинг устига шундай азоб туширади, кейин ўзлари афсус-надомат чекиб қоладилар, бироқ унда кеч бўлган бўлади. Кейинги пушаймон ўзинга душман, дейилгани каби, афсус-надоматларининг фойдаси бўлмайди. Аллоҳнинг азобидан ҳазир бўлинг, эй аҳли иймон! Аллоҳ таоло ҳукм қилади, Унинг ҳукмини қайтарувчи ҳам, бекор қилувчи ҳам йўқ. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг