Таркибида тўнғизга оид моддалар мавжуд бўлган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш ҳукми ҳақида

0

Савол:

Бозорларда сотилаётган, таркибида нима борлигини биз билмайдиган, эҳтимол ҳаром қўшилган маҳсулотлар ҳақида сўрамоқчиман. Интернетдан ўқишимча, таркибида қуйидаги рамзлар ёзилган маҳсулотларда ҳаром моддалар бор экан:

E100, E110, E120, E140, E141, E153, E210, E213, E214, E216, E234, E252, E270, E280, E325, E326, E327, E334, E335, E336, E337, E422, E430, E431, E432, E433, E434, E435, E436, E440, E470, E471, E472, E473, E474, E475, E476, E477, E478, E481, E482, E483, E492, E493, E494, E495, E542, E570, E570, E572, E631, E635, E904, E104, E122, E141, E150, E153, E171, E173, E180, E240, E214, E477, E151. Бу моддалар ҳақида «www.islamweb.net» сайтида фатво ўқидим. Шунингдек, «www.islamonline.net» сайтида қуйидагича фатво берилган экан: «Мусулмон мутахассислар томонидан ўтказилган илмий тадқиқотлардан маълум бўлишича, бу моддалар бутунлай бошқа моддаларга айланган пок моддалардир. Шунинг учун уларни аввалги номи билан номлаш дуруст бўлмайди. Чунки улар кимёвий ёки табиий реакция сабабли умуман бошқа моддаларга айланиб кетган ва асл хусусиятини йўқотган. Шунинг учун уларни тановул қилиш жоиздир. Уламоларимиз асли ҳаром модда юқорида айтилган тарзда бутунлай ўзгариб бошқа ҳолга келгандан кейин унга ҳалол ҳукмини берганлар. Масалан, Имом Ибн Таймия айтганидек, чўчқа ёки ит туз конига тушиб, титилиб, туз таъсири остида бошқа моддага, яъни тузга айланиб кетса ва ўз хусусиятини бутунлай йўқотса, бундай тузни истеъмол қилиш ҳалол бўлади. Салафи солиҳ уламолар бу қоидани яхши билганлар. Улар асл ҳолати бўйича қолса ҳаром саналган моддаларни ҳалолга айлантириш учун «истиҳола» услуби, яъни бир модданинг бутунлай бошқа моддага айланиб кетиш услубини қўллашда асло иккиланмаганлар. Аммо таркибида чўчқа ёғи ва гўштидан олинган ёғли моддаларга ишора қилувчи рамзлар бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳаромдир. Чунки ёғли моддалар иситиш ёки қайнатиш орқали ўз хусусиятини йўқотмайди. Шунга кўра, агар маҳсулот идишига чўчқа ёғи ёки бошқа бирон ҳаром ҳайвон ёғи бор деб ёзиб қўйилган бўлса, юқорида айтилган сабабга кўра, уни тановул қилиш мутлақ жоиз эмас».

Саволларим:

  1. Энди мен сотиб олмоқчи бўлган ҳар бир маҳсулотни текширишим керакми? Таркибида ҳаром модда бор озиқ-овқатларни қандай билиш мумкин? Агар мазкур рамзлар орқали десангиз, улар қайси рамзлар? Агар бу моддалар ишлаб чиқарилган асл моддасидан десангиз, баъзи моддалар борки, уларни тушуниб бўлмайди ёки баъзи маҳсулотлар борки, уларнинг таркиби ёзилмайди.

  2. Агар ҳаром модда оз миқдорда қўшилган бўлса, ейиш жоиз деган гап тўғрими? Агар қўшилган миқдорини билмасак, ейиш жоиз бўлаверадими?

  3. Кўркани чўчқадан олинадиган моддалар билан урчитилиши ростми?

  4. Таркибида чўчқадан олинган модда бўлган маҳсулотни ейиш гуноҳми? Бирон маҳсулотни еб бўлгандан кейин унинг таркибида чўчқадан олинган моддага ишора қиладиган рамзлардан бири борлигини билим қолсам, гуноҳкор бўламанми? Саволни чўзиб юборганим учун узр сўрайман. Жазакумуллоҳу хойрон!

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Биринчидан:

Мусулмон киши ҳаётига тааллуқли бўлган, шу жумладан, касб-кори, еб-ичишига тааллуқли шаръий ҳукмларга риоя қилиши билан бошқалардан ажралиб туради. Дарҳақиқат, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам  мусулмон киши учун дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳалол таом ейишнинг улкан аҳамиятини, ҳаром ейиш дуо ижобат бўлмаслигига сабаб эканини ва ҳаром билан ўсган тана эгасига охиратда қаттиқ азоб борлигини баён қилганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳаромдан ўсган ҳар бир тана дўзахга лойиқдир» (Табароний ривояти. Шайх Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (4519) саҳиҳ деган).

Мусулмон киши ҳаром еб қўйишдан хушёр, ҳалол овқатланишга ҳарис бўлсин. Гарчи кўпроқ пул сарфлаб бўлса ҳам, кўпроқ машаққат чекса ҳам ҳалолдан есин.

Иккинчидан:

Чўчқа ҳаром ва нажасдир. Унинг гўштини ҳам, ёғини ҳам, озини ҳам, кўпини ҳам, ҳатто ундан бир заррасини ҳам ейиш ҳаромдир. Агар нонда, овқатда ёки дорида чўчқа гўшти ёки ёғидан озгина топилса ҳам ўша нонни, овқатни ёки дорини ейиш ҳаром бўлади.

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Агар мусулмон киши чўчқа гўшти, ёғи ёки суягининг кукуни овқатга, дорига ёки тиш пастасига қўшилганини билиб қолса ёки қўшилганига кўпроқ гумонда бўлса, уни ейиши, ичиши ва баданига суртиши жоиз бўлмайди. Шубҳали нарсани тарк этиш керак. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом «Сени шубҳага қўйган нарсани тарк этиб, шубҳалантирмайдиган нарсани ол», деганлар» («Доимий фатво қўмитаси» фатволари, 22/281).

Учинчидан:

Мусулмон киши таркибида ҳаром моддалар бўлиши эҳтимоли бўлган маҳсулотларни тановул қилишидан аввал у ҳақда суриштириши вожибми?

Юқорида «Доимий фатво қўмитаси»нинг «Шубҳали нарсани тарк этиш керак» деган сўзи ўтди. Қўмитанинг бошқа бир фатвосида (22/285) «Ҳаром ейишдан эҳтиёт бўлиш вожиблиги сабаб сўраб-суриштириш керак» дейилган.

Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи давлатлар фирмаларнинг чўчқа маҳсулотларини ишлатишини тақиқламагани боис улар ишлаб чиққан бу маҳсулотларни текшириш вожибдир. Зеро, бундай давлатларда чўчқадан қолган ёғлар кўп учрайди. Улар бу қолдиқларни турли озиқ-овқат маҳсулотлари, дорилар, пасталар ва шу каби бошқа маҳсулотлар таркибига қўшадилар.

Бундай маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи давлатлар чўчқа гўшти ва ёғидан фойдаланишни ман қиладиган исломий ўлкалар бўлса, мусулмон киши асли ҳалол бўлган бундай маҳсулотлар ҳақида суриштириши шарт эмас ва бу унга вожиб ҳам эмас. Чунки исломий корхоналар бу каби ҳаром ишлардан йироқ деб ишонилади.

Ишлаб чиқарувчи давлатлар ва корхоналарга қараб уламолар фатволари турлича бўлади. Кимёвий бирикмалар ва моддалар ҳақида соҳа мутахассисларидан сўраш эҳтиёткорлик талабидир. Шунингдек, ҳаромдан эҳтиёт бўлиш ҳатто кофир давлатлардан келтирилган бўлса ҳам маҳсулотлар идишига ёзиб қўйилган таркибини ўқишни тақозо этади. Шу билан мақсад ҳосил бўлади деб ўйлаймиз. Чунки улар маҳсулот таркибига тегишли нотўғри маълумотлар бериш борасида тегишли қонуний жазо ва жарималардан қўрқадилар. Ёлғон маълумот бериш оқибатида тижоратларига зарар етишини ҳоҳламайдилар. Агар идиш ва қутилар устига ёзилган рамз ва сўзлар маъносини тушунмасангиз биладиганлардан сўранг. Ҳозирги даврда маълумот олиш воситалари кўпайган ва қулайлашган. Ким бу томондан кўнгли таскин топса ва бу ёзувларга ишонса, шу билан кифоялансин. Акс ҳолда, кўпроқ излансин ёки ундай маҳсулотлардан бутунлай четлансин. Зеро, шубҳали нарсадан четланиш энг саломат йўлдир.

Тўртинчидан:

Юқорида зикр этилган сўзларнинг барчаси таркибида оз ёки кўп миқдорда чўчқа гўшти ёки ёғи бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ёки дориларга тааллуқлидир. Аммо бундай гўшт ёки ёғлар ўзининг асл ҳолатидан ўзгартирилиб, умуман бошқа моддага айлантирилса, ҳаромлик ҳукмидан чиқадими ёки ҳаромлигича қолаверадими?

Уламолар бу масалада ихтилофли қарашдалар. «Доимий фатво қўмитаси» бундай ўзгартириш уни ҳаромликдан чиқара олмайди, балки ҳаромлигича қолаверади, деб фатво берган. Бошқа бир гуруҳ уламолар, жумладан «Тиббиёт фанларига оид исломий ташкилот»нинг фикрича, нажосат ва ҳаром нарсалар ўз хусусиятини йўқотиб, бошқа моддага айланса, унинг нажаслиги ҳам, аввалги номи ҳам йўқолади. Бу фикр Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ рожиҳ-қувватли деб билган фикрга мувофиқдир (биз ҳам шу фикрни қувватли деб биламиз).

Шуни қўшимча қилиш лозимки, юқоридаги фикр айни дамда Саудия Арабистони «Катта уламолар ҳайъати» тўғрироқ деб билган фикр ҳамдир. Ҳайъатга оид «Илмий тадқиқотлар» (3/467) китобида бундай дейилади: «Бунинг ўхшаши нажосатлар билан ўғитланган дарахт ва экинлар ҳосилининг пок саналишидир. Тупроққа қоришган нажосатлар ўзгариши сабабли бу экинлар ҳосили ҳалол ҳисобланади. Шунингдек, ўз-ўзидан сиркага айланган ароқ пок саналиб, уни овқатга қўшиб истеъмол қилиш, у билан савдо-сотиқ қилиш  ва бошқа турли мақсадларда ишлатиш ҳалол бўлади. Ичиш, сотиш ва сотиб олиш ҳаром бўлган ароқ асл ҳолатидан ўзгариши сабабли ўз хусусиятини йўқотиб, ҳалол ичимликка айланади».

Бешинчидан:

Ким ҳаром таомдан озгина еб қўйган бўлса, унинг ҳаром эканини билмаган бўлса, билгандан кейин дарҳол ундан тийилиши лозим.

«Доимий фатво қўмитаси»дан билмасдан чўчқа гўштини еб қўйган, еб бўлганидан кейин унинг чўчқа гўшти эканидан хабар топган киши бу ҳолатда нима қилиш кераклиги ҳақида савол сўралган. Қўмита шундай жавоб берган: «Бу ҳолатда унга ҳеч қандай жавобгарлик йўқ. Чунки у чўчқа гўштини билмасдан еб қўйган. Ундан келажакда эҳтиёткорликни ошириши талаб қилинади» («Доимий фатво қўмитаси» фатволари, (22/282, 283). Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг