Тавҳид ақидаси: Саҳобаларни ва ҳидоят имомларини сўкишдан қайтарилганлик ҳақида

0

1) Саҳобаларни сўкишдан қайтарилганлик

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини яхши кўриш ва улар шаънида ножўя сўз айтмаслик аҳли сунна ва жамоанинг асосий қоидаларидан. Аллоҳ таоло уларни шундай деб сифатлаган: «Улардан кейин (дунёга) келган кишилар айтадилар: Парвардигор, бизни ва биздан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қўймагин. Парвардигор, Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр, 10).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Саҳобаларимни сўкманглар! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла инфоқ-эҳсон қилса ҳам улардан бирининг бир муд (бир ҳовуч) ёки ярим муд қилган инфоқига етолмайди»[1].

Аҳли сунна саҳобаларни сўкадиган, уларни ёмон кўрадиган, фазилатларини инкор қиладиган рофизий ва хаворижларнинг йўлидан покдир. Улар саҳобаларнинг фазилатлари ҳақида Қуръон ва ҳадисларда келган сўзларни қабул қиладилар ва уларни энг яхши аср кишилари деб эътиқод қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Энг яхшиларингиз менинг асрим(да яшаганларингиз)»[2].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ва ҳаммаси дўзахда бўлиб, фақат биттаси нажот топишини айтганларида саҳобалар бу қайси фирқа эканини сўрадилар. «Улар бугун мен ва асҳобларим тутаётган йўлни тутган кишилар», деб жавоб бердилар[3].

Имом Муслимнинг энг катта устозларидан бўлган Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар бирон кишининг саҳобалардан бирортасини камситаётганини кўрсанг, билгинки, у зиндиқдир. Зотан Қуръон ҳақ, Расул ҳақ, у олиб келган нарсалар ҳақ, буларнинг ҳаммасини бизга саҳобалар етказганлар. Ким уларни камситса, Китоб ва Суннатни бекорга чиқармоқчи бўлибди. У одам айбланишга лойиқ, зиндиқлик ва адашганлик билан ҳукм қилинишга ҳақли бўлибди»[4].

Аллома Ибн Ҳамдон «Ниҳоят ал-мубтадиин» китобида айтади: «Ким саҳобалардан бирини сўкса ва бундай қилишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Ҳалол санамаса, фосиқ бўлади. Ким уларни фосиқ санаса, ё динлари борасида айбласа, ё уларни кофир санаса, кофир бўлади»[5].

2) Ҳидоят имомлари бўлмиш уммат уламоларини сўкишдан қайтарилганлик

Улуғлик, фазилат ва мартабада саҳобалардан кейин уларга яхшилик билан эргашган тобеинлар ва улардан кейинги ҳидоят имомлари туради. Аллоҳ таоло айтади: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга яхшиликда эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Тавба, 100).

Уларни камситиш ва сўкиш жоиз эмас, чунки улар ҳидоят машъаласидирлар. Аллоҳ таоло айтади: “Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у! (Нисо, 115).

Таҳовия шориҳи айтади: «Демак, ҳар бир мусулмон Қуръон айтгани каби, Аллоҳ ва Расулини дўст тутганидан сўнг мўминларни дўст тутиши, хусусан, пайғамбарларнинг ворислари ҳамда зулматларда йўлчи юлдуз мақомида бўлган зотларни дўст тутиши вожиб бўлади. Мусулмонлар уларнинг ҳидоят устида эканига ва илм эгалари эканига иттифоқ қилганлар. Улар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммат устидаги ўринбосарларидир, у зотнинг унутилган суннатларини тирилтирувчилардир. Қуръон улар сабабли ҳаётга кўчди, улар Қуръонга амал қилдилар, Қуръон уларнинг тиллари билан сўзлади, улар Қуръон ҳукмларини сўзладилар. Барчалари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш вожиб эканига қатъий иттифоқ қилганлар. Лекин улардан бирорталари бир сўз айтган бўлса-ю, унинг зиддига саҳиҳ ҳадис мавжуд бўлса, у ҳадисни тарк қилишида албатта узри бор бўлади.

Узрлар жами уч турли бўлиши мумкин:

Биринчиси: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзни айтганлар, деб эътиқод қилмаслиги;

Иккинчиси: У зот бу сўз билан айни шу масалани кўзда тутмаганлар, деб эътиқод қилиши;

Учинчиси: Ҳукм мансух деб эътиқод қилиши.

Диндаги пешқадамликлари ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга юборилган динни бизга етказишгани туфайли зиммамизда уларнинг фазлу миннатлари бордир. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни рози қилсин. «Парвардигор, бизни ва биздан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қўймагин. Парвардигор, Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр, 10)»[6].

Уламоларнинг баъзиларидан ижтиҳодий хато содир бўлгани сабабли уларнинг қадрларини камситиш бидъатчиларнинг йўлидир. Бу иш уммат душманларининг Ислом динини шубҳа остига қўйиш, мусулмонлар орасига адоват солиш, умматнинг халафини (кейингиларини) салафидан (аввалгиларидан) ажратиб ташлаш, ҳозирда бўлаётгани каби ёшларни уламолардан узоқлатиш мақсадида тузган режаларидандир. Фуқаҳоларнинг ва исломий фиқҳнинг қадрини пастлатишга уринаётган, уни ўрганишдан ва унда бўлган ҳақ ва тўғриликдан фойдаланишдан юз ўгираётган айрим ғўр талабалар кўзларини очсинлар, фиқҳлари билан ғурурлансинлар, уламоларини ҳурмат қилсинлар, адаштирувчи ва ғаразли чақириқларга алданиб қолмасинлар. Аллоҳ Ўзи муваффақ қилсин.

[1] Муттафақун алайҳ.
[2] Муттафақун алайҳ.
[3] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
[4] Хатиб Бағдодий, «Ал-кифоя», 97-бет.
[5] Аҳмад ибн Ҳамдон, «Ниҳоят ал-мубтадиин фий усул ад-дин», 66-бет.
[6] Али ибн Абу ал-Из ад-Димашқий, «Шарҳ ақида ат-Таҳовия», 741-бет.

Изоҳ қолдиринг