Сатри авратга эътиборсизлик (5)

0

Эй мусулмонлар!

Одамзот бугунга келиб сатри аврат масаласида Аллоҳнинг шариатига хилоф иш қилмоқда. Кўча ва соҳилларни ярим-яланғочларга очиб берди. Аёллар аврати очиқ, фаҳшни тарғиб этувчи филмлар ойнаи жаҳон орқали намойиш этиладиган бўлди. Ярим-яланғоч аёллар қатнашган рекламалар кўпайди. Газета ва журналларнинг биринчи бетида ўз жамолини кўз-кўз қилиб турган, ноз-карашмаси, ясан-тусани билан фаҳшга чорловчи аёллар сурати ўрин олди. Аёллар сатри авратсиз бозорларга борадиган, спорт мусобақаларида қатнашадиган бўлди. Спорт ўйинларида авратни сақламасликда эркаклар ҳам шариатга хилоф қилдилар. Ахир бу спорт, бадантарбия-ку деб, бегоналар олдида сонлари ва бошқа аврат ерларини очдилар. Тўй ва маъракаларда эркак ва аёллар аралаш ўтирадиган бўлди. Хонадонларга келган меҳмонлар олдига вояга етган қизлар тор ва калта кийимларда чиқадиган ва кўрсатиш жоиз бўлмаган ерларини маҳрамлар олдида очиб ўтирадиган бўлди.

Инсоният гуноҳ-маъсият йўлини тўсиш масаласига ҳам ўта хилоф қилди. Асл-асосда, яъни гуноҳ-маъсият масаласида хилоф қилган башарият қандай қилиб гуноҳга олиб борувчи йўлларни тўсиш қоидасига хилоф қилмасин?! Фитна дарчаларини тўсиш қоидасига кўп ўринларда риоя қилинмади. Шариатга хилоф қилинди, такрор-такрор хилоф қилинди ва хилоф қилишда давом этилмоқда.

Бу ишлар уммат ичига душманлар тарафидан атайин киритилгани ва бизнинг қўлимиз билан амалга оширилаётгани ҳам сатри аврат масаласи зое қилинганига очиқ далилдир. Сатри аврат масаласи яшаётган оламимиз ва воқелигимизда зое бўлган ишлардан биридир. Чунки Ислом душманлари бўлмиш яҳудларнинг жамиятда иффат-ҳаёни кўтариш, авратларни очиш ва жамиятни интизомсиз, шармандаликлар бемалол ва ҳамма нарса мумкин бўлган жамиятга айлантириш, одамлар зеҳнидан ҳаё, уят, ор-номус тушунчаларини йўқотиш режаси бор.

Аллоҳ таоло душман режасини амалга оширмасин. Умматга ҳаёсини, иффатини, ор-номусини, ҳижобини, ғайратини, шижоатини ва иззатини қайтарсин. Аёл-қизларимиз зеб-зийнатларини эркакларга кўрсатмасин, балки уларни яширишга ҳаракат қилсин. Сатрлари тўла-тўкис бўлиши учун рўмолларини юзларини ёпган ҳолда кўкрак ва бўйинларига ҳам ўрасин. Яширин зийнатларини эрларидан бошқаларга кўрсатмасин.

Шариатга хилоф қилиш жамиятимизда содир бўлаётган ёмонликлар сабабидир. Биз кўп ишларда шариатга хилоф қилмоқдамиз. Кўп масалаларни енгил санаяпмиз, беэътибормиз. Аврат ерларни очиш, номаҳрам ҳайдовчи билан машинада, дўхтир ва ҳамширалар билан касалхонада ёлғиз қолиш ва ҳоказо ҳолатларни бунга мисол қилиш мумкин. Бу мухолифатимиз охир-оқибат Аллоҳ таолонинг азобини муқаррар қилиб қўймасин тағин: “Раббингизнинг азоби шак-шубҳасиз тушувчидир. У азоб содир бўлган вақтда ҳеч ким уни тўса олмайди” (Тур, 7-8).

“Эй мўминлар, дунё ва охират яхшилигига эришиш учун Аллоҳнинг тоатига қайтинглар ва жоҳилият аҳлида бўлган разил ахлоқ ва сифатларни ташланглар” (Нур, 31).

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг