Сийрат: Пайғамбаримизга илк ваҳий тушиши (2)

0

Ойша разияллоҳу анҳо ривоят қилган мазкур ҳадис ҳақида бироз фикр юритсак, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларидан фойдали масалаларни чиқарсак бўлади. Жумладан, қуйидагилар:

Биринчи: тушлари ўнгидан келиши:

Ойша разияллоҳу анҳонинг: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий илк бор ўнгидан келадиган тушлар кўриш билан бошланган эди” деган сўзларидан бу тушлар кишига кўтаринки руҳ бағишлайдиган, қалб таскин топадиган тушлар экани тушунилади. Аллоҳ таоло у зотга ваҳий нозил қилишни бу каби тушлардан бошлашининг ҳикмати нима? Эҳтимол, у зотга тўғридан-тўғри фариштани туширса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам фариштани илгари ҳеч кўрмаганликлари учун қаттиқ қўрқиб кетиб, ундан ҳеч нарса ололмасликлари мумкин эди. Шу сабабга кўра, у зот ваҳийни қабул қилишга кўникиб олишлари учун, ваҳий дастлаб тушлар орқали намоён бўлган бўлиши мумкин. Ўнгидан келадиган тушлар пайғамбарликнинг қирқ олтидан бир жузи ҳисобланади. Бу ҳақда бир ҳадиси шарифда баён қилинган[1]. Байҳақий раҳимаҳуллоҳ айтишича, уламолар: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга олти ой ўнгидан келадиган тушлар орқали ваҳий келган”, дейдилар. Лекин Қуръон оятларидан биронтаси ҳам у зотга тушларида нозил бўлмаган. Балки оятлар ҳаммаси  у зотга уйғоқлик вақтларида нозил бўлган.

Ҳаётда ўнгидан келадиган тушлар ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадис ривоят қилинган: “Эй одамлар, пайғамбарлик башоратларидан ҳеч нарса қолмади, фақат мусулмон киши кўрадиган ёки унга кўрсатиладиган ўнгидан келадиган тушларгина қолди”[2]. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келишидан олдин Ҳиро ғорида бўлган эдилар. Чиройли тушлар кўриб, эрталаб кўтаринки руҳда уйғонар, кўнгиллари шодланар эди.

Ваҳийнинг бошланиши ҳақида келган барча ривоятлар унинг илк бор солиҳ тушлар кўриш билан бошланганлигини таъкидлайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тушда кўрганлари ўнгларида ҳам мукаммал суратда, ойдек равшан келар эди. Тушда кўрганларидан биронтаси янглиш бўлмас эди. Худди  у зотнинг қалб ва ақлларига нақш қилингандай бўлар эди. Арабларнинг энг сўзга уста, фасоҳатли инсонларидан бўлган Ойша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ кўрган тушлар ўта равшанлигидан уларни тонг ёғдусига ўхшатдилар. Ёғду қоронғулик асоратидан тамоман холи бўлган ёруғликдир. Буни ҳақиқий тасвирлаш деса бўлади.

Иккинчи: Сўнг у зотнинг кўнгиллари ёлғизлик истайдиган бўлиб қолди. Ҳиро ғорида ёлғиз ўтирар ва бир неча кунлаб Рабларига ибодат қилар эдилар.

Пайғамбарликдан бироз олдин кўнгиллари ёлғизликни истаб қолиши у зотга яқинда инъом этилажак пайғамбарликни қабул қилиш учун руҳий тарбия эди. Одамлардан ва ҳаёт ташвишларидан бутунлай узилиб, Ҳиро ғорида Рабларига астойдил ибодат қилдилар. Чунки улкан коинот ва барча мавжудоднинг яратувчиси бўлган Аллоҳга муножот қилар эканлар, ақл-ҳушлари, руҳлари, ҳис-туйғулари ҳаёт ташвишларидан фориғ бўлмоғи керак эди.

 Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлган ғор кишини тафаккурга, тааммулга ундайди. Унинг устида туриб атрофга боқар экансиз, фақатгина баланд-баланд тоғларни ва мусаффо осмонни кўрасиз, гўё тоғлар Аллоҳнинг буюклигига эгилиб сажда қилаётганга ўхшайди. Кўзи ўткирроқ киши бўлса, ўша тоғ устидан Маккани кўриши мумкин эди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўнгиллари ёлғизлик исташи бежиз эмас эди, ёлғизлик илоҳий тарбияга кўникиш ва раббоний одобга мослашиш ҳам эди. У зот пайғамбарликдан олдин ғорда Рабларига ибодат қилар эканлар, устларидаги осмонга боқар, бутун коинотга ибрат кўзи билан назар ташлар эдилар, назар ташлар эдилар-да, уларнинг яратувчисининг чексиз қуввати ва тадбири ҳақида тафаккур қилар эдилар.

Дарҳақиқат, бу тарзда ёлғиз ҳолда Аллоҳга ибодат қилишни тасаввуф аҳли нафсни поклаш учун қоида қилиб олганлар. Улар дунёдан ва унинг ташвишларидан узилиб, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишни нафс тарбиясининг  бир босқичи, деб эътибор қиладилар. Инсон шу ҳолатда Раббига ибодат қилар экан, қалбига нур кириб, ундан зулмат кетади ва ғафлатидан уйғонади. Рамазонда эътикоф ўтириш Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан[3]. Эътикоф ҳар бир мусулмон учун нафс ва қалб кирларидан покланиши учун қулай фурсатдир. Бунда раҳбар ҳам, оддий одам ҳам, бой ҳам, камбағал ҳам баробардир. Натижада, эътикофдан сўнг ҳаётга бошқача, янги руҳда, Қуръон ва суннатга мувофиқ яшаш истаги билан киришамиз[4].

Хусусан, даъват соҳасидаги биродарлар бундай фурсатларни қўлдан бой бермасликлари зарур. Ўзларини мукаммал суратда сарҳисоб қилиб, Аллоҳга тавба-тазарру қилишлари, даъват ҳақида бош қотиришлари, заифлик ўрни қаерда эканини ўрганишлари керак.

Ойша разияллоҳу анҳонинг: “Бир неча кунлаб ибодат қилар эдилар” деган сўзлари ҳақида Шайх Муҳаммад Абдуллоҳ Дарроз бундай дейди: “Бу сўзлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатлари ҳаддан ортиқ кўп ёки ўта оз бўлмаганига далолат қилади. У зотнинг ибодатда мўътадиллик таълимоти ўша даврдан бошлаб ва Аллоҳ у зотни бутун оламга раҳмат қилиб юборгандан кейин ҳам Ислом миллатининг шиори ва пайғамбар ҳидоятининг рамзи бўлиб келди ва ҳамон шундай бўлиб келмоқда”[5].

 

[1] Ҳишом Ҳимсий, «Ар-рўъё, завобитуҳо ва тафсируҳо», 7-бет.
[2] Ибн Можа саҳиҳ санад билан ривоят қилган, 3899.
[3] Саид Ҳавво, “Ал-асос фис-сунна ва фиқҳуҳо», 1/195.
[4] Ғазбон, «Фиқҳ ас-сийра».
[5] «Ал-мухтор мин кунуз ас-сунна», 19-бет.

Изоҳ қолдиринг