Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (13)

0

71 – Тобут кўтаришдаги тирбандлик

Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: «Асовиралардан бирининг жанозасига қатнашдим. Улар тобут олдида тирбандлик пайдо қилишди. Шунда Абу Сивор ал-Адавий раҳимаҳуллоҳ бундай деди: “Ажабо, анавилар афзалми, ё Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларими?! Улардан бири тобутни кўтариш учун бўш жойни кўрса кўтарар, бўлмаса четга ўтиб, ҳеч кимга озор бермас эди”»[1].

Исмоил ал-Жаҳдарийдан ривоят қилинади: «Жанозага чиққан эдик, Ҳасан раҳимаҳуллоҳ тобутга ёпирилаётган одамларни кўриб: “Анавиларга нима бўлган?! Ўйлашимча, шайтон одамларни сезиб қолиб, ажрларини пучга чиқариш учун ортларидан тушган кўринади”, деди»[2].

Солиҳлардан бирининг тобутини кўтаришга бир тўда одамлар ёпирилаётганини кўрган Ҳасан Басрий: «Унингдек амал қилишда беллашинглар», деди. Бу билан у киши аслида энг буюк мақсад маййитнинг тобутига ёпирилиш эмас, балки амалларида унга эргашиш эканига ишора қилди[3].

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тобутга ёпирилиб, тирбандлик юзага келтириш жоиз эмас. Чунки ундай қилиш илгари учрамаган бидъатлардандир…

Бизга Вакеъ Рабеъдан, у Ҳасандан ривоят қилишича, у киши тобутга ёпирилишни ёмон кўрар, тобут ёнида тиқилинч келтириб чиқараётган одамларни кўрса: “Анавилар шайтонлардир”, дер экан»[4].

Баҳутий айтади: «Абу Ҳафс ва бошқалар: “Тобут устига ёпирилиб, уни кўтаришни талашиш макруҳдир”, деди»[5].

«Баъзи юртларда одат бўлганидек, тобутни кўтариш учун унинг устига ёпирилиш суннат амал ҳисобланганида уламолар ихтилофга ўрин қолдирмайдиган қилиб ушбу суннат амални бизларга етказишга тиришган, ҳаммадан аввал салафларнинг илк авлоди бу амални бажаришга шошган бўлар эди. Бундан маълум бўладики, иш биз ўйлагандай эмас экан. Маййитни дафн этишдан кечиктиришни келтириб чиқарадиган мазкур тирбандлик суннатга зид саналган бидъат экан»[6].

72 – Тобут кўтаришни паст санаш

Баъзи одамлар мусулмон биродарининг тобутини кўтаришни ўзига эп кўрмайди. Ҳатто баъзи юртларда бу иш муайян бир тоифага тегишли фаолиятга айланиб қолган[7].

Нававий айтади: «Шофеий ва мазҳаб уламолари бундай дейди: “Тобутни кўтариш пастлик ёки мурувватсизлик эмас, балки у яхшилик ва тоат, маййитга ҳурмат бажо келтиришдир. Бу ишни саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейин яшаган илм ва фазилат соҳиблари ҳам қилган”»[8].

Ибн Аттор айтади: «Тобутни кўтариш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит суннат бўлиб, унда ҳеч қандай пастлик ҳам, мурувватсизлик ҳам йўқ»[9].

Ибн Субкий деди: «Маййитни кўтариш яхшилик ва икромдир. Унда пастликдан асар ҳам йўқ»[10].

«Салафи солиҳлар замонида ғассоллик билан шуғулланадиган шахс ҳам, маййитни кўтарувчи ҳаммол ҳам бўлмаган. Балки улар бир-бирларини ювар, бир-бирларининг тобутини кўтарар эдилар»[11].

73 – Маййит ётган тобутнинг енгил ё оғир бўлиши

Тобутнинг енгил ё оғир бўлиши ёки қимирлаши унда ётган маййитнинг солиҳ ёки бузғунчи-фосид эканига далолат қилмайди.

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Тобут оғир ё енгил бўлишини ҳиссий сабаблардан бошқасига боғлаш тўғри эмас. Бу нарса маййитнинг семиз ёки ориқ бўлиши билан боғлиқдир. Ким «тобутнинг енгил бўлиши маййитнинг кароматидан, оғир бўлиши эса фосиқлигидан далолат», деб ўйласа, билишимизча, пок шариатимизда бундай хулосани кўрсатадиган бирор асос йўқдир. Тобут ичида ётган маййитнинг қимирлашига келсак, бу ҳодиса маййит ҳали тирик эканига, ўлмаганига далолат қилади. Бундай ҳолатда унинг иши яхшилаб ўрганилиши, мутахассис табибга текширтириб, тириклиги ё ўлгани таъкидлаб олиниши керак бўлади. Вафот этгани аниқ билинмагунча дафн этишга шошмай турилади»[12].

Демак, «тобутнинг оғир ё енгил бўлиши жасаднинг семиз ё ориқлиги, катта ё кичик бўлишига қараб фарқланади.

Ҳақ йўлдан оғган баъзи тушунчаси заиф кишилар даъво қилишича, бир маййитнинг ўзи кўтарувчиларга гоҳ оғир, гоҳ енгил туюлиши, гоҳида тобутини учириб кетиши ёки тобут кўтариб кетаётган кишиларни ўзи  дафн этилишни хоҳлаган тарафга қараб олиб кетиши мумкин экан. Ёки маййит ўзига хос кароматидан ёки солиҳ бандалигини, Аллоҳнинг авлиёларидан эканини билдириб, уларни бошқа тарафга йўналтирар эмиш. Буларнинг бари ўша тобут кўтарувчилар тарафидан тўқилган ёлғон даъволардан бошқа нарса эмас. Саҳобаи киромлар разияллоҳу анҳум ададлари кўп бўлган, салафларнинг энг яхшилари ва имомлари бўлишган. Салоҳиятда, ибодатда, тақвода ва Аллоҳга яқинликда анавилардан кўра яхшироқ бўлганлар. Шу билан бирга, бирорталарининг жанозасида мазкур ишлардан ҳеч бири содир бўлмаган»[13].

[1] Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да ривоят қилган, 7/432-433, 12116-ҳадис.

[2] Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да ривоят қилган, 7/433, 12117-ҳадис.

[3] Ибн Ражаб. «Фатҳ ал-Борий», 3/179.

[4] «Ал-муҳалло», 3/409-410, 622-рақам.

[5] «Шарҳ мунтаҳо ал-иродот», 2/128.

[6] Шайх Абдураҳмон ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ. «Ҳошият ар-равз ал-мурбиъ шарҳ зод ал-мустақниъ», 3/109. Учинчи нашр, 1405 ҳ.й.

[7] Қаранг: «Ал-ибдоъ», 200-бет.

[8] «Ал-мажмуъ», 5/166.

[9] «Мажлис фи аҳком ал-мавто», 396-бет.

[10] Тожуддин ас-Субкий. «Муъид ан-ниъам ва мубид ан-ниқам», 142-бет. Муҳаққиқ: Муҳаммад Нажжор в.б. Қоҳирадаги «Мактабат ал-хонжий» нашриёти, иккинчи нашр, 1413 ҳ.й.

[11] «Ал-мадхал», 3/247.

[12] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/86, 2873-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[13] Аввалги манба, 9/87-88, 7598-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг