Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ироқ фатҳи: Мазор ва Валжа жанглари

0

Мазор (Саний) жанги

Бунгача Убулла ҳокими Ҳурмуз форс шоҳи Кисро Ардашерга мусулмонлар билан урушиш учун қўшимча куч юборишини сўраб мактуб юборган эди. Кисро унга мадад учун Қорин исмли қўмондон бошчилигида қўшин юборди. Лекин Ҳурмуз мусулмонлар қўшинини кучсиз ва оз сонли санаб, Қорин етиб келишини кутмасдан урушни бошлаб юборди ва қўшини мағлуб бўлиб, ўзи ўлди. Унинг қўшинидан тирик қолганлар қочиб бораётиб, йўлда Қорин қўшинига йўлиқдилар ва унга қўшилиб, мусулмонлардан қақшатқич қасос олиш иштиёқида урушга ҳозирлана бошладилар. Улар Мазор деган жойга келиб тушдилар.

Холид Мусанно ибн Ҳорисани ва укаси Муаннони душман ортидан юборганди. Улар бир неча қалъаларни фатҳ этдилар. Йўл-йўлакай форсликларнинг мададга етиб келган қўшинидан хабар топиб, зудлик билан Холид ҳузурига қайтдилар. Холид Абу Бакр Сиддиққа мактуб йўллаб, уни воқеадан бохабар қилди ва форсликлар билан тўқнашишга ҳозирлана бошлади.

У қўшини билан Мазорга етиб келиб, душман қўшинига рўпара келди. Форс қўшини бош қўмондони Қорин ўртага чиқиб, яккама-якка олишувга талабгор чақирди. Холид унинг қаршисига чиқиш учун олдинга юраётганида Маъқал ибн Аъмаш ибн Наббош ундан олдинроқ чиқиб, олишувга талабгор бўлди ва яккама-якка олишувда Қоринни ўлдирди. Қорин қўшиннинг ўнг қанотига Қубоз, чап қанотига Анушажжон исмли қўмондонларини қўйган эди. Ҳар иккиси бундан олдинги жангда ҳам иштирок этган ва майдонни ташлаб қочишган эди. Бу иккиси ҳам яккама-якка олишувга талабгор чақиришди. Уларга қарши мусулмонлардан икки паҳлавон ўртага чиқди ва Қубозни Адий ибн Ҳотим Тоий, Анушажжонни эса Осим ибн Амр Тамимий ўлдирди. Шундан сўнг икки ўртада шиддатли жанг бошланиб кетди, бироқ форсликлар асосий қўмондонлари ҳалок бўлгани туфайли жангни кўнгилдагидек давом эттира олишмади ва ортга чекинишди. Улардан ўттиз минг киши ўлдирилди, тирик қолганлари кемаларга ўтириб қочиб қолишди. Мусулмонлар уларни сув бўйигача қувиб боришди, аммо уёғига сув тўсқинлик қилди.

Холид ибн Валид ўлжаларни йиғдириб, бешдан бирини халифага юборди ва қолганини жангчиларга тақсимлаб берди[1].

Валжа жанги

Форс қўшинининг Мазордаги қақшатқич мағлубияти хабарини эшитган Форс шоҳи Кисро Ардашер мусулмонларга қарши Андарзағар номли лашкарбошиси бошчилигида улкан қўшин юборди. Унинг ортидан Баҳман Жозуя (баъзи манбаларда Баҳман Жозавайҳ) бошчилигида яна бир қўшин юборди. Андарзағар пойтахт Мадоиндан йўлга чиқиб, аввал Каскарга, ундан Валжага етиб келди. Баҳман Жозуя эса мусулмонларни орқа томонидан келиб қамалга олиш мақсадида Савод орқали юрди. Улар мусулмон қўшинини форсликларнинг икки қўшини ўртасига олиб, икки томондан омбурдек қисиб, мажақлаб ташлашни қасд қилишганди. У йўл-йўлакай қўшинига кўп сонли одамларни қўшди.

Андарзағар форс қўшини мусулмон қўшинидан кўплигигига ишонч ҳосил қилгач, Холиднинг қўшини устига юриш бошлашга қарор қилди.

Холид Басра яқинидаги Саний деган жойда эканида форсликларнинг Валжага келиб тушгани хабари келди. Холид бу улкан қўшинни парчалаб ташлаш учун форсликларга кутилмаганда уч томондан ҳужум уюштириш керак деган қарорга келди. Сўнг ҳужум режасини тузишга киришди. У мусулмон қўшинининг орқа тарафи хавфсизлигини таъминлаш учун Сувайд ибн Муқарринга Ҳафирга ўрнашишни буюрди, сўнг ўзи қўшинни бошлаб Валжага кириб борди. Минтақани кўздан кечириб, унинг асосан текисликдан иборат эканини, уруш олиб боришга ва эркин ҳаракатланишга мос эканини кўрди. У форсликларга уч томондан ҳужум уюштириш режасига кўра, асосий қўшинни форс қўшини рўпарасига чиқарди ва икки катта гуруҳни икки ёндан ва орқадан ҳужум уюштириш учун пистирмага қўйди. Сўнг жанг бошланди ва ҳар икки рақиб қўшини шиддат билан жангга киришди. Холид душман билан жанг олиб борар экан, қулай фурсат келиши билан пистирмадаги икки қўшин душманнинг орқа томонидан қақшатқич ҳужум бошлади. Душман аскарлари эсанкираб қолди ва саросимада орқа-олдига қарамай қоча бошлади. Андарзағарнинг ўзи ҳам аскарларига қўшилиб қочди ва қочиб юриб, ташналикдан ҳалок бўлдилар[2].

Урушдан сўнг Холид ибн Валид одамларни йиғиб, уларга хутба қилди. Хутбасида уларни ажам тупроқларини янада кўпроқ қўлга киритишга тарғиб қилиб, шундай деди: «Бу ерларда анвои емишлар борлигини кўряпсизларми?! Қасамки, агар биз холис Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва Исломга даъват қилиш мақсадида чиқмаган бўлганимизда ва мақсадимиз фақат ерга эга бўлиш бўлганида ҳам, шуларни қўлга киритиш учунгина жанг қилишга ҳам арзийдиган серҳосил ерларда турибмиз».

Сўнг у ғаниматларни бешга бўлди ва бешдан бирини Сиддиққа юбориб, қолганини жангчиларга тақсимлаб берди. Урушда иштирок этмаган тинч аҳолига ва деҳқонларга яхши муомалада бўлди, деҳқонлар билан жизя тўлашга келишдилар.

Холид ибн Валиднинг мазкур хутбасида араблар жоҳилият даврларида охират талабида ҳаракат қилишмаганига, бироқ шу билан бирга ўзаро тарқоқликлари ва ички урушлари сабабли ўта катта мол-дунёга ҳам эга бўлишмаганига ишора бор. Биз охират талабгоримиз, – деди Холид, – бизнинг уни деб ҳаракат қиладиган, у учун даъват қиладиган ва унинг йўлида жиҳод қиладиган олий ғоямиз бор. Фаразан, агар олдимизда шу олий ғоямиз бўлмаганида ва шу йўлда жиҳод қилмаганимизда ҳам, ўз ҳаётимизни яхшилаш учун урушишимиз ҳам мантиқан тўғри бўларди. Бу гап билан Холид ҳаётни яхшилаш учун жанг қилишни ўзи тилга олган олий мақсад ва ғоя қаторига қўйишни кўзда тутмади, балки буни шунчаки, шу дунёвий ғаразлар ҳам урушишга арзигулик сабаб бўлар экан, нега энди ухровий мақсад учун ва Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун урушмаймиз, деган мақсадда айтди.

Бу каби ташвиқотлар мусулмонларнинг ҳимматларини жўштирар, азму қарорларини кучайтирар, қалбларини уйғотар, куч-қувватларини орттирар эди. Бундай сўзларни эшитган мўминлар бор кучлари билан Аллоҳ йўлидаги жиҳодга шўнғишга тайёр бўлиб қолар эди.

Ушбу жангда эсда қоларли воқеалардан бири, Холид ибн Валид форсликларнинг минг кишига тенг деб таърифи кетган бир паҳлавони билан олишиб, уни ўлдирди. Сўнг унга суяниб ўтириб, нонуштасини чорлади[3].  Холид ибн Валиднинг бу хатти-ҳаракатида форсларни ерга уриш, уларнинг кибр ва ғурурларини синдириш ва бурунларини ерга ишқаш мақсади очиқ кўриниб турар эди.

[1] «Тарих ат-Табарий», 4/168. «Ат-тарих ал-исломий», 9/134.
[2] Ибн Асир, «Ал-комил», 2/52.
[3] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/350.

Изоҳ қолдиринг