Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (14)

0

74 – Тобутни олиб кетиш асносида тўхташ

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Олиб кетилаётган тобутни қорилар тиловат қилиши учун тўхтатиб туриш шариат қайтарган ишлардандир. Гарчи бу тўхташ қориларга пул бериш мақсадида бўлмаса ҳам. Агар шу мақсадда тўхталса ёмонлик устига ёмонлик бўлади. Аслида, тобутни шунчаки тўхтатишнинг ўзидан мутлақо қайтарилган. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Маййитни дафн этишга шошилинглар. Агар у солиҳ бўлса, уни яхшиликка элтасизлар. Агар ундай бўлмаса, елкаларингдаги ёмонликни тезроқ тушурасизлар»[1]. Яна у зот: «Маййитни дафн этишга шошилинглар, яҳудларга ўхшаб судралиб юрманглар», деганлар[2]. Жанозада Қуръон тиловат қилиш макруҳ бидъат амал эканига тўрт мазҳаббоши имомлар иттифоқ қилишган. Энди бунинг учун маййитни тўхтатиб турилса, янада кўпроқ макруҳга йўл қўйилган бўлади.

Қориларга чиройли тиловат қилиши учун пул бериш динда қайтарилган амал бўлиб, пул берган кимса савобга эришмайди. Чунки у мазкур иши билан Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмон кўрадиган ишга ҳисса қўшган бўлади. Валлоҳу аълам»[3].

75 – Жанозага қатнашиш одоблари

Жанозага ҳозир бўлган киши ўз хотимаси ҳақида фикр юритиши, ўлимдан ва маййитнинг оқибатидан ибрат олиши, сокин ва ўйчан бўлиши, кўз ўнгида кечаётган ишлардан панд-насиҳат олиши лозим. Чунки шундай кўриниш инсоннинг эслатма ва панд-насиҳат олганини кўрсатади.

Шунга кўра, жаноза асносида ҳамда қабристонда дунё ишлари тўғрисида сўзлаш ва кулиш инсон қалбининг қотганига, куни келиб аниқ бошга тушадиган шу манзилдан ғафлатда эканига далолат қилади.

«Бу ва бошқа ҳар қандай ҳолатда киши ўзини катта олишдан ва бошқани ҳам улуғлашдан эҳтиёт бўлсин. Кишига ҳар ҳолатда кўрк берадиган хокисорлик, айниқса, шу ҳолатда янада кўпроқ ярашади»[4].

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Олдимиздан тобут олиб ўтилган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турдилар. Биз ҳам у зот билан бирга турдик. Сўнг: “Эй Расулуллоҳ, ахир у яҳудий аёл (маййити)-ку?!” дедик. Шунда у зот: “Албатта ўлим қўрқинчлидир. Қачон тобут (олиб ўтилаётганини) кўрсангиз, ўрнингиздан туринг”, дедилар»[5].

Имом Қуртубий айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Албатта ўлим қўрқинчлидир” деганлари ўлимдан қўрқилади ва айни дамда ўлим сари қочилади, деганидир. Бу сўз билан ўлимни ёдда тутиш, уни катта иш санаш, эслаш ва хаёлга келтиришга ҳақли бўлган энг муҳим иш эканини эслатдилар. Мазкур ҳадисдан кўзда тутилган мақсад шуки, инсон маййитни кўрган чоғида ҳам ғафлатида бардавом бўлмасин. Зеро, маййитни кўрганидан кейин ҳам пинагини бузмай ўз ишида давом этаверса, бу унинг ғафлатда эканига ва ўлимга енгил қарашига далил бўлади.

Шунинг учун ҳам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон бажариб турган ишини ташлаб, ўлимга ҳурмат бажо келтириб, уни ҳис қилиб ўрнидан туришга буюрдилар»[6].

(Давоми бор)

[1] Ҳадис тахрижи 12-масалада ўтди.

[2] Имом Аҳмад (14/368, 8760-ҳадис) ривоят қилган. «Муснад» муҳаққиқлари Шуайб Арнаут ва Одил Муршид ҳадис санадини заиф санашган.

[3] «Жомеъ ал-масоил», 4-тўплам, 153-бет. Муҳаққиқ: Азиз Шамс. «Дор олам ал-фавоид» нашриёти, биринчи нашр, 1422 ҳ.й.

[4] Ибн Аттор. «Мажлис фи аҳком ал-мавта», 398-бет.

[5] Муслим ривояти, 960.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тобутни кўрган пайт ўриндан туришнинг ҳикмати ўлим ҳар бир тирик жоннинг хотимаси эканини нафсга эслатишдир» («Шарҳ булуғ ал-маром», 5/565).

[6] Қуртубий. «Ал-муфҳим шарҳ саҳиҳи Муслим», 3/1603-1604. Муҳаққиқ: «Дор ал-китоб ал-мисрий» нашриёти жамоаси.

Танбеҳ: «Ғарб маданияти кўзларини кўр қилган, разил, маккор ва бузғунчи фикр бўлмиш динлараро яқинлашувга чақирадиган баъзи кимсалар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яудий жанозаси учун ўринларидан турганларини далил қилишиб у зот дини қандай бўлишидан қатъи назар инсон ҳурмати учун ўринларидан турдилар, дейишади. Бироқ бу асоссиз далил, яроқсиз ҳукм олишдир. Ҳадис на узоқдан ва на яқиндан уларнинг даъволарига далолат қилади. Устига-устак Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг изоҳлари у даъвони рад этади ва ёлғонга чиқаради. Шунингдек, саҳобаларнинг тушунчалари, инкорлари ва муносабатлари ҳам мазкур далиллаш нотўғри эканини кўрсатади. Илгари ўтган уламолару пешво имомлардан бирортаси ҳадисни бундай носоғлом фикрга биноан тушунмаган. Зеро, саҳобалар (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) яҳудийнинг тобути учун туришдан ажабланганларида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам буни: “Албатта ўлим қўрқинчлидир”, дея изоҳладилар. Бошқа бир ривоятда “Албатта ўлимнинг қўрқинчи бор”, дейилган. Бундан тушуниладики, ўриндан туриш маййит учун эмас, балки ўлим, унинг қўрқинчи ва даҳшати учун бўлган. Бу борада мусулмон билан кофир бир хил ҳукмдадир. Яна бир ҳадисда у зот: «Ахир у ҳам жон эмасми?!», дейдилар. Бунинг маъноси «Ахир тобутда олиб кетилаётган нарса қабз этилган жон эмасми?!» деганидир. Имом Синдий айтади: “Пайғамбаримизнинг «Қачон тобутни кўрсангиз, ўрнингиздан туринг» деган сўзларининг маъноси: «маййитни улуғлаб эмас, ўлим даҳшати ва қўрқинчи буюк эканини ҳис этиб ўрнингиздан туринглар», деганидир. Бу мақсадда ўриндан туриш муайян маййит учун хосланмаган”» (Д.Солиҳ Рамза. «Ҳукм қиём ал-муттабиъ лил-жаноза ҳатто тувзаъ». Жазоирдаги «Ал-ислоҳ» журнали, 7-том, 37-адад, 23-бет, 2013 йил).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг