Эй иймон келтирганлар (31): Таҳорат, ғусл, таяммум ва таҳоратни бузувчи нарсалар ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, намозга турсангиз юзингизни ва қўлларингизни тирсаклар билан қўшиб ювинг, бошингизга масҳ тортинг ва оёқларингизни тўпиқлар билан қўшиб ювинг. Агар жунуб бўлсангиз, ғусл қилиб покланинг. Агар касал ё сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бир киши қазойи ҳожат қилган бўлса ё хотинларингиз билан қўшилган бўлсангизу сув топилмаса, у ҳолда қўлларингизни ерга уринг ва ундан юзингизга ҳамда қўлларингизга суртинг. Аллоҳ таоло сизларга қийинликни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди” (Моида, 6).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу буюк илоҳий нидода мўминлар учун энг зарур илмлар баён этилган. Сиз буларни ёдланг, яхши тушуниб олинг ва энг муҳими уларга амал қилинг. Чунки Аллоҳ таоло бу нидони мўмин бандаларига йўллар экан, уларни поклашни, қалблари ва баданлари саломат бўлишини хоҳлайди. Ҳар тарафлама пок бўлсалар, улардан рози бўлади ва уларни рози қилади, жойларини жаннатдан ҳозирлаб қўяди. Қуйида сиз азизларга бу илоҳий нидо ўз ичига олган илмларни баён қиламиз, уларни билиш ва ўрганиш ҳар бир мўмин ва мўмина учун зарурий, бирламчи ишдир.

  • Таҳоратнинг фарзлиги. Аллоҳ таоло ҳузурида туриб, Унга муножот қилмоқчи, яъни руку ва саждалар ила намоз ўқимоқчи ва Қуръон тиловат қилмоқчи бўлган киши таҳоратли бўлиши шарт.

  • Таҳоратнинг қандай қилиниш баёни. У қуйидагича: таҳорат қилувчи аввал қўлини уч марта ювади, оғзини уч бор чайқайди, бурнига уч марта сув тортиб қоқади. Сўнг уч марта юзини узунасига пешонадаги одатда соч чиқадиган ердан ияк остигача ва энига ўнг қулоғининг бўртиғидан чап қулоғининг бўртиғигача ювади. Сўнг олдин ўнг қўлини, кейин чап қўлини тирсаги билан қўшиб уч марта ювади. Сўнг бошига ва қулоғига бир марта масх тортади. Сўнг аввал ўнг оёғини, кейин чап оёғини тўпиғи билан қўшиб уч бор ювади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир ишда ўнг тарафдан бошлашни яхши кўрар эдилар. Фақатгина хожатхонага киришда чап оёқлари билан кирганлар. Бу Аллоҳ таолонинг: “юзингизни ва қўлларингизни тирсаклар билан қўшиб ювинг, бошингизга масҳ тортинг ва оёқларингизни тўпиқлар билан қўшиб ювинг”, сўзининг маъносидир. Кафтни уч марта ювиш, оғиз ва бурунни чайқашни эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда баён қилганлар.

  • Жунубликдан ғусл қилишга буйруқ. Аллоҳ таоло деди: “Агар жунуб бўлсангиз ғусл қилиб покланинг”, яъни ювининг. Жунуб деб хотинига яқинлик қилган ёки тушида эҳтилом бўлиб қолган кишига айтилади. Эркак ва аёл бу хусусда баробар, яъни шундай ҳол бўлса иккисига ҳам ғусл вожиб бўлади. Ғусл қандай қилинади? Энг аввал вожиб бўлган ғуслни ният қилади, ниятсиз чўмилиш ғуслга ўтмайди. Шунинг учун дилида ният қилади, зеро ниятнинг ўрни қалбдир. Сўнг икки кафтини уч бор ювади, сўнг жинсий аъзоларни ва орқа авратни атрофлари билан қўшиб ювади. Сўнг намозга таҳорат олгандек таҳорат қилади, юқорида бунинг сифатини айтиб ўтдик. Бошини бирдан совуқ сув билан ювиб шамоллаб қолмаслиги учун олдин кафтига сув олиб, сочининг тагини бармоқлари билан тарайди. Сўнг бошини қулоқлари билан бирга уч бор ювади. Сўнг ўнг тарафини бошдан оёқ ва чап тарафини бошдан оёқ ювади. Бутун баданига тўла сув етказади. Қўлтиқ ости, киндик ва тиззанинг орқа тарафи каби сув тегмай қолиш эҳтимоли бўлган ерларга диққат қилади. Таҳорат олаётганида қўл ва оёқларининг бармоқ ва панжалари орасига сув етишини таъминлайди.

  • Таҳоратни бузувчи ва уни вожиб қилувчи ишлар. Аллоҳ таоло деди: “Сизлардан бир киши қазойи ҳожат қилган ё хотинингиз билан қўшилган бўлсангиз”. Кичик ё катта ҳожатни адо этиб, ҳожатхонадан чиқиш, ел чиқариш ёки аёлини шаҳват билан ушлаш кишининг таҳоратини бузади. Таҳорати йўқ одам намоз ўқиш, Каъбани тавоф қилиш ва Қуръон ушлаш учун таҳорат қилиши вожиб бўлади. Ел чиққанини билмай қоладиган даражада қаттиқ ухлаш, туя гўшти ейиш (айрим уламолар: “туя гўшти ейиш таҳоратни бузиши ҳақидаги ҳадис мансух бўлган, шунинг учун таҳоратни бузмайди” деганлар, лекин туя гўшти еган киши эҳтиёт юзасидан таҳорат олгани яхши), кафтнинг ич қисми билан жинсий аъзони ушлаш таҳоратни бузувчи ишлардан.

  • Ғусл ё таҳорат қилиш учун сув топа олмаган ёки сув топилса-ю, бироқ ичиш ё таом ҳозирлашгагина етарли бўлса ва хоссатан агар мусофир бўлса ёки сув совуқ бўлиб, уни ишлатиш билан баданига касаллик етиши ё касали кучайиши ё тузалмай қолиши эҳтимоли бўлса, таяммум қилиш вожиб экани.

  • Таяммумнинг қандай қилиниши. Таяммум қилувчи киши “Бисмиллаҳ” деб, икки кафтини тоза тупроққа, тупроқ топа олмаса, ерга ё сунъий бўлмаган табиий тошга уради ва бир маротаба юзига суртади. Сўнг яна бир бор икки кафтини тупроққа уриб, икки қўлининг тирсагигача суртади. Билагигача суртиш билан кифояланса ҳам жоиз. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис бор. У зот Аммор ибн Ёсирга: “Мана бундай қилишинг кифоя эди”, деганлар ва икки қўлларини ерга бир уриб, чап қўлларини ўнг қўлларига (бир ривоятда икки қўлларини бир-бирига), икки кафтларининг ортига ва юзларига суртганлар (Бухорий (347), Муслим (368).

  • Аллоҳ таоло мўмин бандаларини таҳорат ва ғусл қилишга ҳамда сув топиш ё уни ишлатишдан ожиз бўлганларида таяммум қилишга буюриши Унинг уларга бўлган лутфи, раҳмати ва эҳсонидир. Аллоҳ субҳонаҳу мўминларга: “Аллоҳ таоло сизга қийинликни истамайди”, деб, лутф айлади. Яъни машаққатга қўйишни ва қийнашни хоҳламайди. Сизни зоҳиру ботинда пок бўлишингизни истайди. Исломга ҳидоят этиши, шариатини баён қилиши ва унга амал қилишга чақириши билан сизга неъматини комил қилди. Зеро, ҳидоят мўминнинг икки дунёдаги саодати ва камолининг манбаидир. Бу билан Аллоҳ сизни шукр қилувчи банда бўлишга тайёрлайди. Ҳаётнинг маъноси ҳам тўлиғича Аллоҳнинг зикри ва Унга шукр қилишдадир. Аллоҳни зикр қилиш қалб ва тил билан, шукр қилиш аъзолар ва бадан билан бўлади. Таҳорат, ғусл ва таяммум қилиш эса ҳаётга келтиргани ва яшаттиргани учун Аллоҳга шукр қилиш бўлади. Парвардигоро, бизни Сени зикр қилувчи ва Сенга шукр қилувчи бандаларингдан бўлишга насиб эт. Сенинг зикринг, шукринг ва ҳусни ибодатингда бизга ёрдам бер, эй оламлар Парвардигори.

Сўзимизнинг охирида сиз ҳурматли ўқувчига мукофот ўлароқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламниннг ушбу ҳадисларини келтирамиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким таҳорат олса ва таҳоратни мукаммал қилса, сўнг осмонга қараб: “Гувоҳлик бераман, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. У шериксиздир. Яна гувоҳлик бераман, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир. Эй Аллоҳ, мени тавба қилувчилардан ва таҳоратли-покиза кишилардан қилгин”, деса, у учун жаннатнинг саккиз эшиги очилади”, (Абу Довуд, 1/59). Имом Аҳмад ривоятида: “хоҳлаганидан кираверади” деганлари зиёда қилинган. Буни доим ёдда тутинг, унга амал қилинг, асло ташлаб қўйманг, чунки бу бебаҳо хазина ва мўл-кўл яхшиликдир. Доим таҳоратда юрган кишига саломлар бўлсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг