Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (15)

0

75 – Жанозага қатнашиш одоблари

(давоми)

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон жанозага қатнашсалар юзларида маъюслик кўринар, нафсларини тергашлари ортар эди»[1].

Абу Баҳр ал-Абсийдан ривоят қилинади: «Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бир кишининг жанозада кулаётганини кўриб: “Жанозада куласанми?! Бундан буён сен билан бир оғиз ҳам гаплашмайман”, деди»[2].

Қатодадан ривоят қилинади: «Бизга етиб келишича, Абу Дардо разияллоҳу анҳу жанозада кулаётган кишига қараб: “Наҳотки мана бу кўриб турганинг ўлим даҳшати сени кулишдан машғул қилмаса?!” деган экан»[3].

Абу Қилобадан ривоят қилинади: «Жанозада эдик, ваъзхон одамлар овозларини кўтаришди. Шунда Абу Қилоба: “Аввалгилар маййитга сукунат билан ҳурмат кўрсатар эди”, деди»[4].

Қайс ибн Убод айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари уч ўринда овоз кўтаришни ёқтирмас эдилар: жангда, жанозада ва зикрда»[5].

Ибн Қудома деди: «Жанозага эргашувчи киши ўзининг хотимаси тўғрисида ўйга чўмган, оқибатидан қўрққан, ўлимдан ва маййит бораётган макондан таъсирланган ҳолатда бўлиши мустаҳабдир. У дунёга алоқадор нарсалар ҳақида сўзламайди ва кулмайди.

Саъд ибн Муоз айтади: “Қачон жанозага эргашган бўлсам, албатта маййитга нималар қилинишидан бошқа нарса ҳақида ўйламас эдим”.

Салафлардан бири жанозада кулаётган одамга қараб: “Тобут ортидан кетатуриб ҳам куласанми? Сен билан қайтиб гаплашмайман”, деди»[6].

Ибн Ҳож Моликий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Салафлар (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) жанозага келганларида бир-бирларини танимасликка олар, қишлоқларига қайтганларидан сўнг яна одатларига кўра шариатга мувофиқ тарзда муомала қилиб кетаверар эдилар.

Баъзиларни кўриб ажабланасан киши, тобутдан олдин қабристонга бориб оладилар-да, кейин тобут олиб келинишини кутиб ўтиришади. Шу аснода тижоратлари, тирикчиликлари, дунё матоҳларига эришиш йўллари ҳақида суҳбатлашиб ўтирадилар! Бундай кимсаларнинг шафоатлари қабул бўлиши қандай умид қилинсин?! Баъзилар эса кўпинча маййит қабрга қўйилаётган онда шу каби иш билан машғул бўлишади. Яна айримлар гаплашиш асносида бемалол кулишади ҳам, кимлардир уларга қараб жилмайиб қўйишади, қолганлар эса қулоқ солиб ўтиришади! Буларнинг бари пок суннатга зид бўлган ишлардир. Аллоҳ Ўзи аҳволимизни ўнгласин!»[7]

«Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн аш-Шиххир отаси ҳақида бундай дейди: “У киши узоқ вақтдан бери кўришмаган яқин биродарларидан бирини жанозада учратиб қолса, саломлашишдан нарига ўтмас, ҳатто биродари бу киши мендан хафамикин, деб ўйлаб қолар эди. Бунга сабаб отам жаноза ҳамда ўзининг хотимаси ҳақида ўйга чўмган бўлар эди.

Жанозадан бўшаганидан сўнг биродари билан учрашиб ҳол-аҳвол сўрар, илтифот кўрсатар ва у билан аввалгидан-да гўзалроқ муомалада бўлар эди”»[8].

Имом Ғазолий айтади: «Собит ал-Буноний деди: “Жанозага ҳозир бўлсак, юзларини беркитиб олиб йиғлаётган кишиларнигина кўрар эдик”.

Уларнинг ўлимдан қўрқувлари ана шундай эди. Бугун жанозага ҳозир бўлган бирор жамоатга қарамайлик, кўпчиликнинг кулаётганини, вақтичоғлик қилаётганини кўрамиз. Уларнинг гурунглари маййит меросхўрларига қолдириб кетган меросдан нарига ўтмайди. Қавму қариндошлар эса маййит ташлаб кетган нарсадан насибадор бўлиб қолиш илинжида қандай ҳийла ишлатишдан бошқа нарсани ўйламайди, бирорталари ўзининг жанозаси ҳақида фикр юритмайди, тобутда ётган пайти аҳволи нима кечиши хаёлига келмайди, фақат Аллоҳ раҳм қилган кишилар бундан мустасно. Бу ғафлатнинг боиси гуноҳу маъсиятлар кўпайиши ортидан қалблар қотиб кетди, ҳатто Аллоҳ таолони, қиёмат кунини ва у кунда бўладиган даҳшатларни унутдик. Натижада беҳуда ишлар билан машғул бўладиган, вақтичоғлик қиладиган, ғафлатга ботадиган бўлиб кетдик, Аллоҳ таолодан бизларни ғафлат уйқусидан уйғотишини сўраймиз. Дарҳақиқат, жанозага ҳозир бўладиган кишилар тарафидан содир бўладиган энг яхши ҳолат маййит учун кўз ёш тўкиш бўлиб қолди. Агар ақл юритганларида маййитга эмас, ўзларининг ҳолатларига ачиниб йиғлаган бўлур эдилар»[9].

(давоми бор)

[1] Табароний «ал-Кабир»да (11/106, 11189-ҳадис) ривоят қилган.

Мулла Али ал-Қорий айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон жанозани кўрсалар қайғуга чўмиб, камгап бўлиб қолганлари саҳиҳ ҳадисда собит бўлган» («Мирқот ал-мафотиҳ», 8/534, 5352-ҳадис). Д.Олия Балту: «Ҳадис санади «ҳасан ли-зотиҳи»дир», деган («Ал-усва ан-набавийя фи мусобот ан-Набий ал-жисмийя». «Дор ас-Сумайъий» нашриёти, биринчи нашр, 1436 ҳ.й.).

[2] Вакиъ «аз-Зуҳд»да (2/461, 210-ҳадис) ривоят қилган, лафз унга тегишли. Шунингдек, Имом Аҳмад «аз-Зуҳд»да (201-бет, «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1403 ҳ.й.), Байҳақий «Шуъаб ал-иймон»да (7/11, 9271-ҳадис) ривоят қилган.

[3] Ибн Асокир. «Тарих мадинат Димашқ», 47/194.

[4] Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да (7/201, 11312-ҳадис) ривоят қилган.

[5] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/201, 11313-ҳадис. Байҳақий «Ас-сунан ал-кубро»да (4/124, 7182-ҳадис) ривоят қилган. Албоний: «Санадидаги ровийлар «сиқа» (ишончли) кишилардир», деган («Аҳком ал-жаноиз», 92-бет, 48-масала).

[6] «Ал-муғний», 3/396-397.

[7] «Ал-мадхал», 3/250.

[8] Абдулҳақ ал-Ишбилий. «Ал-оқиба фи зикр ал-мавт», 154-бет. Муҳаққиқ: Хизр ал-Хизр. «Дор ал-Ақсо» нашриёти, биринчи нашр, 1406 ҳ.й.

[9] Абу Ҳомид Муҳаммад ал-Ғазолий. «Иҳё улум ад-дин», 5/171-172. Муҳаққиқ: Саййид ибн Имрон. «Дор ал-ҳадис» нашриёти, биринчи нашр, 1419 ҳ.й.

Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ мазкур китоб ва унинг муаллифи ҳақида бундай дейди: «“Иҳё”да талай фойдалар билан бир қаторда нотўғри маълумотлар ҳам бор. Китобда файласуфларнинг тавҳид, пайғамбарлик ва охиратга тааллуқли бузуқ фикрлари ҳам келтирилган. Муаллиф қачон сўфийларга оид илм-маърифатни зикр қилса, гуёки мусулмонларнинг душманини олиб келиб, унга мусулмоннинг кийимини кийдиргандек бўлади. Дарҳақиқат, Ислом уламолари Абу Ҳомид китобларидаги бу каби ишларини рад этиб: “Абу Ҳомидни «Шифо» касал қилди”, деб айтишган ва Ибн Синонинг фалсафага бағишланган «Шифо» китобини назарда тутишган.

Яна бу китобда заиф асарлар ва ҳадислар бор. Уларнинг аксари тўқима ривоятлардир. Шунингдек, унда сўфийларнинг хатолари ва сафсаталари ҳам келтирилган. Шу билан бирга, қалб амалларини яхши билган, тўғри йўлдан четлашмаган сўфий шайхларнинг Қуръону суннатга мувофиқ сўзлари ҳам китобдан жой олган. Китобда зикр қилинган ибодатлар ва одобларга тааллуқли сўзларнинг Қуръон ва ҳадисларга мувофиқлари улар иккисига тескари бўлганларига қараганда кўпроқдир. Шунинг учун ҳам бу китобга нисбатан одамларнинг қарашлари ва тортишувлари турлича кўриниш олди» («Мажмуъ ал-фатово», 10/551-552).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг