Сийрат: Пайғамбаримизга илк ваҳий тушиши (3)

0

Учинчи: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро ғорида эканларида Жаброил келиб,  у зотга: “Ўқинг!” деди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўқишни билмайман”, дедилар. “Кейин у мени бағрига босиб бир сиқди, сўнг қўйиб юборди ва: “(Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган зотдир. Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз карамли зотдир” деди”. (Алақ, 1-3).

Дарҳақиқат, бу муборак ояти карималар энг биринчи нозил қилинган оятлар эди. Бу оятларда Аллоҳ таоло инсонни лахта қондан яратганлигига, инсонга у билмаган нарсаларни таълим берганлигига, уни илм билан шарафли ва мукаррам қилганлигига танбеҳ ва эслатма бордир. Зеро Одам алайҳиссалом шу илм шарофати ила малоикалардан афзал бўлган эди. Ва ниҳоят, мазкур оятлар билан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликлари бошланди.

Дарҳақиқат, бу жуда улкан ҳодиса эди. Шаҳид Саййид Қутб “Зилол” тафсирида буни шундай ифодалаган: “У улкан, жуда улкан, беҳад улкан ҳодиса эди. Бугун биз унинг нақадар улканлигини тасаввур этишга ҳар қанча уринмайлик, барибир унинг кўп томонлари тасаввуримизга сиғмай қолаверади! У ўз ҳақиқати билан, мазмун-моҳияти билан, бутун башарият ҳаётига кўрсатган таъсири билан беҳад улкан ҳодиса бўлди. Ушбу ҳодиса содир бўлган лаҳзалар ҳеч муболағасиз, тарихлар мобайнида ер юзида кечган энг буюк лаҳзалар саналади. Ўша лаҳзаларда содир бўлган бу улкан ҳодисанинг асл моҳияти нимадан иборат эди? Унинг асл моҳияти шундан иборат эдики, Аллоҳ азза ва жалла, буюк, жаббор, қаҳҳор, мутакаббир, подшоҳлар подшоҳи бўлган Зот бу бепоён коинотнинг бир бурчагидан жой олган Ер аталмиш митти бир саёрадаги инсон деб аталмиш заиф махлуқотга раҳм қилишни истади. Уларга марҳамат кўрсатиб, ичларидан бир кишини танлади ва унга Ўз илоҳий нурини туширди, уни Ўзининг ҳикмати ва Ўзининг каломини қабул қилишга муносиб кўрди”[1].

Ваҳийнинг илк буйруқларига эътибор қаратадиган бўлсак, Исломда илм-маърифатнинг ўрни катта эканлигига урғу берилганини кўрамиз. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий этилган амр ўқишга буйруқ бўлди: “(Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг!” (Алақ, 1).

Ислом ҳамиша илм олишга чорлайди ва аҳли илмлар даражасини бошқалардан юқори кўтаради. Аллоҳ таоло айтади:

Эй мўминлар, қачон сизларга мажлисларда сурилиб, бир-бирингизга жой беришингиз сўралса, жой беринглар. Шунда Аллоҳ дунёю охиратда сизларга ҳам кенглик ато этади. Эй мўминлар, агар (ўзингиз учун яхшилик бўлган бирон иш учун ўтирган ўрнингиздан) туриб кетишингиз сўралса, дарҳол туриб кетинг. Аллоҳ сизлардан холис мўминларнинг ва илмли кишиларнинг мартабаларини кўтаради” (Мужодала, 11).

Яна айтади:

Кофирлигидан ҳузурланиб яшаётган ўша кофир яхшироқми ёки Раббига тоат-ибодат қилаётган, тунларини намозда тик туриб ва саждалар қилиб ўтказаётган, охират азобидан қўрқадиган, Раббининг раҳматини умид қиладиган киши яхшироқми? Эй Пайғамбар, айтинг, Рабларини ва ҳақ динларини биладиган кишилар билан ҳеч нарсани билмайдиган кимсалар тенг бўладими? (Йўқ, тенг бўлмайдилар.) Фақат соғлом ақлли кишиларгина (ўртадаги фарқни билади ва) панду насиҳат олади” (Зумар, 9).

Фойдали илмнинг манбаи Аллоҳдандир. Зеро У қалам билан таълим берди, инсонга билмаган нарсаларини билдирди. Энди агар башарият бу манбани тарк этиб, илм-маърифатни Аллоҳнинг йўлидан айирса, олган илми ўзига бало ва ўз ҳалокатига сабаб бўлади.

[1] “Фий зилол ал-Қуръон”, 6/3936.

Изоҳ қолдиринг