1) Таърифи:
Бидъат – илгари бўлмаган нарсани ихтиро қилиш маъносидаги «бадъ» сўзидан олинган.
«Фалончи бир бидъатни пайдо қилди» дегани илгари бўлмаган бир янги ишни бошлаб берди, деганидир.
Бидъат пайдо қилиш икки хил бўлади:
1) Дунё ишларида бидъат пайдо қилиш. Масалан, янги ихтиролар яратиш. Бу мубоҳ (дуруст) ишдир. Чунки дунёвий ишлардаги асл-асос мубоҳликдир.
2) Динда бидъат пайдо қилиш. Бу ҳаромдир. Чунки дин ишидаги асл-асос тавқиф (Аллоҳ ва Расулининг амрларига чекланиш)дир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинади)».[1]
Бир ривоятда: «Ким у ҳақда бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади», деганлар.[2]
2) Бидъатнинг турлари:
Диндаги бидъат икки турли:
Биринчиси: Эътиқод ва сўздаги бидъат. Жаҳмия, мўътазила, рофиза ва бошқа адашган фирқаларнинг сўзлари ва эътиқодлари каби.
Иккинчиси: Ибодатлардаги бидъат. Аллоҳга У жорий қилмаган ибодатлар билан ибодат қилиш каби. Бунинг ўзи бир неча қисмга бўлинади:
Биринчи қисм: Ибодатнинг аслида бўладиган бидъат. Шариатда асли бўлмаган янги бир ибодатни пайдо қилиш билан бўлади. Масалан, аслида шаръий бўлмаган бирор намозни янгидан пайдо қилиш ёки мавлуд ва бошқа ношаръий байрамларни пайдо қилиш каби.
Иккинчи қисм: Шаръий бўлган ибодатга зиёда орттириш билан бўладиган бидъат. Масалан, пешин ёки аср намозига бешинчи ракатни зиёда қилиш каби.
Учинчи қисм: Шаръий бўлган ибодатни адо этиш кўринишида бўладиган бидъат. Масалан, шаръий зикрларни жўр бўлиб, оҳанг билан айтиш каби ёки ибодатларда ўзини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан чиқиб кетиш даражасида қаттиқ қийнаш каби.
Тўртинчи қисм: Шаръий ибодат учун шариат хосламаган бир вақтни хослаш билан бўладиган бидъат. Масалан, шаъбон ойининг ўртасидаги кечани намозга, кундузини рўзага хослаш каби. Чунки рўза ва тунги намоз аслида шаръий амал, бироқ уларни махсус кунларга хослаш далилга муҳтождир.
3) Динда бидъат пайдо қилиш ҳукми:
Диндаги ҳар бир бидъат ҳаром ва залолатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар! Чунки (динда) янги пайдо қилинган ҳар бир нарса бидъат ва ҳар бидъат залолатдир»[3]. Бир ривоятда: «Ким у ҳақда бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади» деганлар[4].
Мазкур икки ҳадис шуни кўрсатадики, динда пайдо қилинган ҳар бир янгилик бидъат, ҳар бир бидъат рад этилажак залолатдир. Бунинг маъноси шуки, ибодат ва эътиқодлардаги бидъатлар ҳаром қилинган. Бироқ, ҳаромлик бидъатнинг навига қараб фарқли бўлади.
Улар ичида очиқ куфр бўлганлари ҳам бор. Қабрларни уларда ётганларга қурбат ҳосил қилиш мақсадида тавоф қилиш, уларга жонлиқ ва назрлар келтириш, қабрдагиларга дуо қилиш ва улардан мадад сўраш каби ёки жаҳмия ва мўътазилаларнинг ғулув кетганлари айтадиган сўзлар каби.
Улар ичида ширкка восита бўладиганлари бор. Қабрлар устига бино қуриш, улар олдида намоз ўқиш ва дуо қилиш каби.
Улар ичида эътиқодий фисқ бўлганлари бор. Хавориж, қадария ва муржиъаларнинг шаръий далилларга зид сўз ва эътиқодларидаги бидъат каби.
Улар ичида гуноҳ-маъсият бўлганлари бор. Тарки дунёчилик, рўзасини офтоб тиғида туриб ўтказиш, жимоъ шаҳватини кесиш мақсадида ўзини бичиш каби.
Эслатма:
Ким диндаги бидъатни бидъати ҳасана ва бидъати саййиага (яхши бидъат ва ёмон бидъатга) бўлса, у хато қилган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳар бир бидъат залолатдир» деган сўзларига хилоф қилган бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча бидъатни залолат деб ҳукм қилган ҳолларида бу одам, йўқ, барча бидъат залолат эмас, балки ҳасана бидъат ҳам бор, деган бўлади. Ҳофиз Ибн Ражаб «Арбаийн» шарҳида айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавомиъул калимдан саналувчи «ҳар бир бидъат залолатдир» деган сўзларидан ҳеч бир нарса истисно этилмайди. Бу дин асосларидан бир буюк асл-асосдир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилингандир» деган сўзлари ҳам айни шу маънони ифодалайди. Демак, ким бир янгилик пайдо қилиб, уни динга нисбатласа, динда унинг қайтадиган асли бўлмаса, у залолатдир. Эътиқод масалалари бўладими, амалларми, зоҳирий ишлар бўладими, ботинийми, фарқсиз, дин ундан покдир»[5].
Бидъати ҳасана дейдиганларнинг сўзларига ҳеч қандай ҳужжат йўқ, фақат Умар разияллоҳу анҳунинг таровеҳ намози ҳақида: «Бу нақадар яхши бидъат» деган сўзини ҳужжат қиладилар.
Ва яна салафларнинг Қуръонни битта китоб қилиб жамланишини ҳамда ҳадисларни ёзиб, девон қилинганини инкор қилмаганларини айтиб, бу ҳам бидъат-ку, дейдилар. Бунга жавоб шуки, бу ишлар шариатда асли бор бўлиб, янги пайдо қилинган эмас.
Умар разияллоҳу анҳу «нақадар яхши бидъат» деган сўзлари билан луғавий бидъатни назарда тутган, шаръий бидъатни эмас. Шариатда қайтадиган асли бор бўлган ҳар қандай нарсага бидъат дейилса ундан луғавий бидъат тушунилади, шаръий бидъат тушунилмайди. Чунки шаръий бидъат деб шариатда қайтадиган асли бўлмаган нарсага айтилади.
Қуръонни битта китобга жамлашнинг шариатда асли бор. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ёзиб қўйишга буюрар эдилар, лекин қўлёзмалар тарқоқ эди. Саҳобалар разияллоҳу анҳум уни сақлаш мақсадида битта мусҳафга жамладилар.
Таровеҳни Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча кун масжидда саҳобалари билан ўқигач, уларга фарз қилиниб қолишидан қўрқиб, чиқмай қўйганлар. Саҳобалар разияллоҳу анҳум уни Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида ёлғиз-ёлғиз ўқиб юрганлар. У зотнинг вафотларидан сўнг Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу худди Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида ўқиганларидек ҳаммани битта имом ортига жамлади. Бу диндаги бидъат эмас.
Ҳадисларни ёзиб қўйиш ҳам шариатда асли бўлган ишдир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи саҳобаларнинг илтимосларига кўра, айрим ҳадисларни ёзишга буюрган эдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида умумий тарзда ҳадис ёзишдан эҳтиёт бўлишнинг сабаби – ҳадис билан Қуръоннинг аралашиб кетиши хавфи эди. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач, бу қўрқув барҳам топди. Яъни Қуръон Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан илгари мукаммал ва аниқ-тиниқ бўлган эди. Шундан сўнг мусулмонлар ҳадисни зое бўлиб кетишидан сақлаш учун йиғиб, китоб ҳолига келтирдилар. Уларни Аллоҳ таоло яхши мукофотлар билан мукофотласин. Улар Раббиларининг китоби ва набийлари саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини зое бўлишдан сақлаб қолдилар.
[1] Бухорий ва Муслим ривоятлари.
[2] Муслим ривояти.
[3] Муслим ривояти.
[4] Муслим ривояти.
[5] Жомеъул улум вал-ҳикам.