Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (16)

0

75 – Жанозага қатнашиш одоблари

(охири)

Шайх Муҳаммад ал-Усаймин айтади: «Қилиниши тўғри бўлмаган ишлардан яна бири шуки, баъзи одамлар маййит дафн этилишини кутиш асносида тўпланиб олиб, гурунглашиб ўтиришади, ҳатто баъзиларнинг овоз чиқариб кулганини эшитасиз. Бу хатодир. Қабристонда ундай ишлар қилиш тўғри эмас. Жанозага қатнашаётган инсон виқорини сақлаган, ўз хотимаси ҳақида ўйга толган бўлиши керак. Ҳозир у маййит дафн этилишини кутиб ўтирибди, эртага одамлар унинг ҳам дафн этилишини ана шундай кутиб ўтиришади. Бугун у кимнидир дафн этгани каби, ўзи ҳам яқинда дафн этилади»[1].

Нававий: «Жанозада шовқин солиш (ва овозни кўтариш)[2] макруҳдир», деди[3].

«Салафларнинг жанозалари одоб, сукунат, тавозеъ ва тазарруъ билан ўтар, барча одамларни бирдек маҳзунлик ва ўзининг қабрдаги ҳолати қандай кечиши ҳақидаги хавотир чулғаб олганидан ҳақиқий азадорни ажратиб бўлмас эди. Ҳатто баъзилари жанозада учратиб қолган биродарида зарур иши бўлатуриб, унга нисбатан шаръий саломлашишдан нарига ўтмас, юқорида зикр қилинган ҳолат ва ташвишлар бунга йўл қўймас эди. Баъзилари эса қўрқувнинг кучидан иштаҳасини йўқотар, ўша кеча томоғидан қил ўтмас эди. Ҳасан Басрий айтганидек, “эртага ўладиган бугун ўлганни кўммоқда” эди»[4].

Ажабланарли ишлардан яна бири, жаноза асносида тўпланганлардан баъзиларининг телефонлари жиринглаб қолиши, шу маконда ҳам телефонда бемалол суҳбат қуришидир. Бу айни ғафлатдандир, Аллоҳдан ўзимиз ва мусулмонлар учун офият сўраймиз!

Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жанозага эргашган киши тобут ортидан борар экан, ўлимни эслашни кўпайтирсин. Олиб кетилаётган биродари ҳақида, у кетаётган жойга яқинда ўзлари ҳам бориши ҳақида ўйласин. Ўлимга ва ундан кейин содир бўладиган ишларга тайёргарлик кўрсин. Аллоҳ барчамизга чиройли тайёрланишни ва Ўзи билан бўладиган учрашувни осон қилсин!»[5].

[1] «Шарҳ риёз ас-солиҳин», 4/560.

[2] Аҳмад ал-Буруллусий (Умайра). «Ҳошият Умайра ала канз ар-роғибин шарҳ минҳож ат-толибин», 2/992. Муҳаққиқ: Абдулҳамид Ҳиндовий. «Ал-мактаба ал-асрийя» нашри, биринчи нашр, 1428 ҳ.й.

[3] «Минҳож ат-толибин», 1/355.

[4] «Ал-мадхал», 3/244.

[5] «Ал-авсат», 5/384.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг