Эй иймон келтирганлар (32): Ҳукм қилиш ва гувоҳлик беришда адолат вожиблиги ва Аллоҳдан тақво қилишга буйруқ

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳнинг юзини истаб, ҳақни ўрнатувчи ва адолат билан гувоҳлик берувчи бўлинг. Бирор қавмга бўлган нафратингиз сизларни адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқинг. Шубҳасиз, Аллоҳ қилаётган барча ишларингиздан хабардордир” (Моида, 8).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, ўтган нидоларнинг бирида Аллоҳ таолонинг адолат қилиш ҳақидаги буйруғи келган эди. Бу нидода ҳам адолатга буюрилди. Такроран адолатга буюрилишига сабаб ҳар бир ишда адолат қилиш зарурлиги ва ўта аҳамиятли эканидир. Зеро, осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам адолатдир. Буни доим ёдда тутинг ва ушбу нидога жон қулоғингиз билан қулоқ солиб, Аллоҳ бандаларига буюрган ибодатлар, одоб-ахлоқ ва аҳкомларда  Аллоҳ учун ҳақни барпо этинг. Ҳақда турувчи бўлибгина қолмасдан, балки ҳақни барпо этувчи, уни юзага чиқарувчи бўлинг.

Аллоҳнинг юзини истаб” дегани ширкни инкор қилишдир. Бундан мурод Аллоҳ таоло мўмин бандаларига буюрган ибодатлар, ҳақ-ҳуқуқлар ва вазифаларни бажаришда ширкка йўл қўймаслик, уни рад қилишдир. Аллоҳ ҳар бир ишда бандаларни адолат қилишга буюргани каби гувоҳлик беришда ҳам адолатли бўлишга амр этди. Чунки гувоҳликка ўтувчи киши гувоҳлиги билан ҳақ ўз эгасига қайтишига ё зое бўлишига сабаб бўлади. Гувоҳлигида одил бўлса, ҳақ эгасига қайтади. Жавр йўлини тутиб, гувоҳликда адолатдан бурилса, ҳақ эгасига зулм қилган, унинг ҳаққи зое бўлишига сабабчи бўлган бўлади. Бунда ҳақдорнинг мусулмон ё кофир, бой ё камбағал бўлишининг фарқи йўқ. Модомики, ҳар бир инсон Аллоҳга банда экан, Аллоҳ бандасининг ҳаққи зулм билан зое бўлишига изн бермайди. Адолат билан гувоҳлик бериш вожиблиги сири ҳам шудир: “Аллоҳнинг юзини истаб, ҳақни барпо этувчи ва адолат билан гувоҳлик берувчи бўлинг”. Буни доим ёдда тутинг.

Энди ушбу илоҳий нидодаги мана бу сўзга диққат қилинг: “Бирор қавмга бўлган нафратингиз сизларни адолат қилмасликка олиб бормасин”. Яъни кофирларни ёмон кўришингиз ёки бошқа бирон қавмга бўлган нафрат ва адоватингиз, – улар ким бўлишидан қатъи назар, мусулмонми, кофирми, муваҳҳидми, мушрикми, бирон сабаб билан сиз уларни ёқтирмасангиз ё ўртангизда душманона кайфият бўлса, – бу нафрат ва адоватингиз ҳукм қилган ё  гувоҳлик берган пайтингизда уларга нисбатан жавр-ситам ва адолатсизлик қилишингизга олиб бормасин.

Ҳукм қилиш ва гувоҳлик беришда адолатнинг нақадар муҳим эканидан – зеро қози жиноятчининг эътирофи ёки икки мусулмон гувоҳ кўрсатмасига кўра ҳукм қилади, – Аллоҳ таоло юқорида адолат қилишга бўлган буйруғини такрорлаб, уни яна бир буйруқ билан таъкидлади. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳнинг юзини истаб, ҳақни барпо этувчи ва адолат билан гувоҳлик берувчи бўлинг. Бирор қавмга бўлган нафратингиз сизларни адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Шу тақвога яқинроқдир”. Яъни ҳукм қилиш ва гувоҳлик беришда адолат қилинг. Яна банда Аллоҳнинг розилигини истаб бажарадиган ҳар қандай тоат-ибодатда адолатли бўлиши Аллоҳ азза ва жалладан тақво қилишга энг яқин ишдир. Тақво Аллоҳнинг дўстлигини қозонтирадиган амалларнинг ярми эканини, тақводор мўминлар Аллоҳнинг дўстлари, кофиру фожирлар Унинг душманлари эканини билдик. Шунга биноан, Аллоҳдан тақво қилишга яқинлаштирадиган ёки тақвони ҳосил қиладиган ҳар қандай амални қилиш вожибдир. Бунга бепарво бўлиш, эътибор бермаслик асло жоиз эмас. Аллоҳ таоло бу нидони тақвога буюриш билан тугатиши ҳам сўзимизни тасдиқлайди: “Аллоҳдан қўрқинг”, яъни тақво қилинг. Тақво сизларни Аллоҳ ва Расули Қуръон ва ҳадисда зиммангизга юклаган вазифаларни тўлиқ бажаришингизга етакласин. Хоссатан, ҳукм қилиш ва гувоҳлик беришда адолатли бўлишга олиб борсин. Бандани буйруқларни бажаришга, ҳақ ва омонатларни ўташга ундовчи тақво (Аллоҳдан қўрқув) ҳаёт мобайнида қўлга киритиладиган, ҳаракат ва жидди-жаҳд билан топиладиган неъматдир. Бунга эришишнинг бир қанча йўллари бор, қуйида шуларни баён қиламиз:

  • Уни ҳеч нарса ожиз қолдира олмайдиган Аллоҳ таолонинг қудратини эслаш.

  • Банданинг заифлигини, Аллоҳга муҳтожлигини ёдда тутиш. Банда нафас олиб чиқаришида ҳам Парвардигорига муҳтождир.

  • Амрига итоат этмаган кофир ва фосиқ кимсаларга қилган Аллоҳнинг таҳдидини эслаш.

  • Аллоҳ таоло душманлари бошига солган азобу уқубатлар, ҳалокат ва зиён-заҳматларни эсда тутиш.

  • Аллоҳнинг дўстлари эришган бу дунёдаги иззат ва камол, ютуқлар ва ҳукмронликни ҳамда охиратда уларга умид қилинажак жаннатдаги абадий роҳатни эслаш.

Шу тариқа қалб ва тил билан эслаш қалбда Аллоҳдан қўрқувни пайдо қилади. Қўрқув пайдо бўлса, тақво бўлади. Тақво Аллоҳ ва Расулига улар буюрганидек эътиқод, сўз ва амал билан итоат этиш ва Аллоҳ ва Расули қайтарган ботил эътиқод, ёмон сўз ва бузуқ амалдан тийилиш деганидир. Бу нарсалар Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган ҳар қандай ботил эътиқод ва бузуқ, зарарли сўз ва амаллардир.

Аллоҳнинг бу нидо охирида айтган сўзларидан ғофил қолмаслик бандага етарлидир: “Шубҳасиз, Аллоҳ қилаётган барча ишларингиздан хабардордир”. Бу сўзларни қалбига жо қилган банда Аллоҳ уни давомли равишда кузатиб турганини ҳис қилади. Ҳар бир қилган ишини Аллоҳ кўриб турибди деган ўйда амалга оширган киши ўзида тақвони ва Аллоҳнинг дўстлигини қўлга киритиб, Аллоҳнинг дўстлари қаторида бўлади. Аллоҳнинг дўстлари учун дунё ва охиратда ҳеч қўрқув йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар. Парвардигоро, бизларни ҳам шундай бандаларинг қаторида қилгин, уларни дўст тутганинг каби бизларни ҳам дўст тутгин. Аллоҳумма амин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг