Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Уллайс жанги ва Амғишия фатҳи

0

Валжа жангида баъзи насроний араб қабилалари форсларнинг Жобон бошчилигидаги қўшини билан бирга мусулмонларга қарши урушган эди.  Уларнинг бошлиғи Абдул Асвад ал-Ижлий деган киши эди. Шармандали мағлубиятдан сўнг улар мусулмонлардан ўч олиш учун атрофдаги қабилаларни ўзларига қўшилишга чақирдилар ва форс шоҳи Кисро Ардашердан шошилинч мадад кучлари юборишини сўрадилар. Сўнг Абдул Асвад ал-Ижлий бошчилигида Анбор минтақасидаги Уллайс қишлоғида йиғилиб уруш ҳозирлигини кўра бошладилар.

Шу яқин минтақаларда бўлган форслар ҳам уларга келиб қўшилди ва биргаликда Кисро ваъда қилган форс қўшинининг етиб келишини кута бошладилар. Кисро лашкарбоши Баҳман Жозуяга Уллайсда йиғилган араб ва форслардан иборат қўшинга мадад учун йўл олишни буюрди. Сўнг ортидан лашкарбоши Жобон бошчилигида яна бир қўшин юборди. Баҳман Жозуя жанговар вазиятнинг нақадар қалтис ва мураккаблигини билгани учун Жобонни умумқўшинга бошлиқ қилиб қолдириб, ўзи подшоҳ ва аркони давлат билан мусулмонларга қарши урушлар стратегиясини белгилаб олиш учун пойтахт Мадоинга йўл олди. У Жобонга,  агар мусулмонлар биринчи бўлиб уруш бошламасалар, то у қайтиб келгунича уруш ҳаракатлари олиб бормаслигини тайинлади.

Жобон Уллайсга етиб келди ва шу ерда Холиднинг қўшинини кута бошлади.

Холид ибн Валидга насроний араблар ва Ҳийра атрофидаги араб қабилалари бирлашиб, мусулмонларга қарши урушга ҳозирланаётгани ҳақида хабар етгач, улар томон йўлга отланди. Холид Уллайсга келар экан, мақсади насроний араблар билан жанг қилиш бўлиб, бу қадар каттта қўшинга дуч келишини ўйламаган эди. У арабларга Жобон бошчилигидаги форс қўшини мададга келганидан хабари йўқ эди. Мусулмонлар қўшини етиб келгач, Жобон ўз қўшинини уларга ҳужум бошлашга чақирди. Аммо ўз куч-қудратларига мағрур баъзи аскарбошилар Холиднинг қўшинига беписанд қараб, аввал овқатланиб олайлик, кейин уларни бир ёқлик қиламиз, деб овқатланишга ўтиришди. Холид уларнинг овқатланиб олишларини кутиб ўтирмади ва уларга ҳужум бошлади. Икки ўртада шиддатли жанг бўлди. Душман ўзига ишонч билан қарашининг сабаби, улар Баҳман Жозуя янада каттароқ куч билан ёрдамга етиб келишидан умидвор эдилар. Мусулмонлар учун уруш кутилганидан кўра оғир кечди. Холид Аллоҳга илтижо қилиб: «Аллоҳим, агар уларнинг бўйинларини бизга насиб этсанг, қўлимизга тушганларидан бирортасини қолдирмасдан ҳаммасининг бўйнига қилич уришга ва дарёни сув ўрнига  уларнинг қони билан оқизишга Сенга аҳд бераман», деб қасам ичди. Оғир жангдан сўнг Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалаба ато этди ва душманларнинг бўйинларини уларга насиб этди. Шундан сўнг Холид жарчига буюриб, ҳаммасини тириклай қўлга олинглар, фақат асирга тушишга рози бўлмаганларни ўлдиринглар, деб жар солдирди. Отлиқлар гуррос-гуррос душман аскарларини олдиларига солиб ҳайдаб келаверди. Дарё сувини тўхтатдилар. Дарё бўйида уларнинг бошларини таналаридан жудо қилиш учун махсус гуруҳлар қўйилди ва бир кеча-кундуз уларнинг қонлари дарёга оқизилди. Эртасига ва кейинги кунлар ҳам душманни таъқиб этиб, қўлга тушганларини келтириб қатл этилди. Сўнг Қаъқоъ ва бошқа қўмондонлар Холидга: «Агар бутун ўлка аҳолиси қонини оқизсанг ҳам дарёда қон сувдек оқмайди. Яхшиси, дарё сувини буларнинг қонлари устига очиб юбор, шунда дарёда қон оқади ва қасаминг устидан чиққан бўласин», дедилар. Холид дарё сувини очтирди ва дарё душманлар қони билан қип-қизил бўлиб оқа бошлади. Шу сабабли бу дарё қон дарёси номини олди[1].

Душман мағлуб бўлиб, аскаргоҳни ташлаб қочгач, Холид мусулмонлар билан уларнинг аскаргоҳига келиб, мўл-кўл озиқ-овқатлар устидан чиқди. Холид мусулмонларга бу егуликларни бемалол еяверишга рухсат берди ва: «Енглар, бу сизлар учун қўшимча ғанимат (ўлжа), Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам урушларда тайёр таом устидан чиқсалар, қўшимча ғанимат сифатида ейишга ижозат берардилар», деди. Аскарлар овқатланиш учун ўтирдилар. Форслар дастурхонида кўп миқдорда оқ юпқа нонлар қўйилган эди. Мусулмонлар ичида умрида оқ нонни кўрмаган кишилар ҳам бор эди. Улар: «Бу оппоқ юпқа нарсалар нима?» деб сўрашарди бир-биридан. Билганлар ҳазил аралаш: «Сизлар юмшоқ ҳаёт деган нарса ҳақида эшитганмисизлар ҳеч?» деб сўрашди. «Ҳа, эшитганмиз» жавобини олгач, «Ўша юмшоқ ҳаёт деганлари шу бўлади», деб айтишди. Шу кундан юпқа оқ нонни «рақиқ» (юмшоқ нон) деб атайдиган бўлдилар, бунгача араблар юпқа нонни «қиро» деб аташарди.

Холид Уллайс жангидан фориғ бўлганидан сўнг Амғишияга йўл олди. Бироқ бу диёр халқи мусулмонлар етиб келишидан олдин ошиғич равишда қўлга кирган нарсаларини олиб, у ерни ташлаб кетишган ва Савод ерларига тарқалиб кетишган эди. Мусулмонлар Амғишияда аввал мисли кўрилмаган даражада ғаниматларга эга бўлдилар. Бир отлиқнинг улуши қўшимча ғаниматлардан ташқари 1500 дирҳамни ташкил этди. Ғаниматларнинг бешдан бири, зафар муждаси, Холид ибн Валид бошчилигида мусулмонларнинг музаффар юришлари хабари Абу Бакр Сиддиққа етиб келгач, у атрофидагиларни бу хабарлардан воқиф этди ва уларга хитоб қилиб: «Эй қурайшликлар, арслонингиз арслонни мағлуб этди ва унинг этларини бурда-бурда қилди. Хотинлар Холидга ўхшашини туғишдан ожизмилар?!» деди[2].

Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу ҳақида айтган бу сўзларида Холидни шарафлаш, унинг қаҳрамонлигини эътироф этиш, фазл ва олий ҳиммат эгаларини қадрлаш бор, ҳиммати заиф кишиларни бундан ибрат олишга ва ҳимматларини оширишга тарғиб бор, олий ишлар ва улуғ хислатларда мусобақалашишга чақириқ бор[3].

Одам танишга моҳир бўлган Абу Бакр Сиддиқ томонидан айтилган бу сўз Ислом тарихидаги энг катта гувоҳлик ва энг буюк тақдирлашдир. Зеро, Сиддиқ мусулмонларнинг буюк халифаси ўлароқ Холиднинг шижоат ва маҳоратда тенги йўқлигини эътироф этмоқда. Сиддиқнинг шу эътирофи Холид учун мақтовга етарлидир[4].

[1] «Тарих ат-Табарий», 4/173.
[2] «Тарих ат-Табарий», 4/175.
[3] «Ат-тарих ал-исломий», 9/144.
[4] Содиқ Аржун, «Холид ибн Валид», 216-бет.

Изоҳ қолдиринг