Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (17)

0

76 – Жанозага қатнашиш учун муайян либос кийиш

Жаноза маросими учун муайян либосни хослаш Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг асҳобларидан келмагани боис «Доимий фатво қўмитаси» бу ҳақда: «Ҳаром қилинган бидъатдир», дейди[1]. Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Чунки ундайлар бу ишларини диндан деб билиб, вожиб ёки мустаҳаб деган эътиқодда қиладилар. Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрмаган иш на вожиб ва на мустаҳаб бўлади. Бу ишга Аллоҳ ва Расули буюрмаган, балки шайтон буюрган ва уни одамлар кўзига чиройли қилиб кўрсатган».

77 – Яхшилик умидида тобут устига яшил мато ёпиш ва унга оятлар ёзиш

Яхшиликни умид қилиб тобут устига яшил ёки оқ рангли мато ёпиш ёки унинг устига баъзи оят ва дуоларни ёзиб қўйиш бидъатдир.

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аслида, Аллоҳ азза ва жалланинг каломини маййитга ёпинчиқ қилиш оятни пастга уриш демакдир. Бу иш маййит учун заррача манфаат келтирмайди. Бинобарин, ундан четланиш вожиб бўлади.

Биринчидан, ундай қилиш салафлар амалидан эмас.

Иккинчидан, бу ишда Қуръони каримни таҳқирлаш бор.

Учинчидан, бу иш шундай қилишнинг маййитга фойдаси бор, деган бузуқ эътиқодни ўз ичига олади»[2].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Айрим одамлар атайлаб маййит устига Қуръондан баъзи оятлар ёзилган ёпинчиқ ёпишади. Ундай қилмаслик ва бошқаларни ҳам ундан огоҳлантириш вожибдир. Чунки бу иш Қуръон оятлари ерга урилишига сабаб бўлади.

Баъзи одамлар эса шундай қилишнинг маййитга фойдаси бор, деб ўйлаши мумкин. Бу эса пок шариатимзида ҳеч қандай далили бўлмаган ёмон хатодир»[3].

Ибн Боз раҳимаҳуллоҳдан қабр устига ёки ичига тавҳид калимаси (Ла илаҳа иллаллоҳ)ни ёзиб қўйиш ҳақида сўралганда бундай жавоб берган: «Ундай қилиш шариатимизда йўқ. Фақат вафот этаётган кишига калимани қайтартириш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Маййитларингизга «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни такрорлатинглар[4], деган ҳадисларига кўра собит бўлган. «Маййитларингиз» деган сўзларидан ўлими келган кишилар назарда тутилган, токи уларнинг охирги сўзлари «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлсин. Маййитнинг кафани ё қабрига уни ёзиб қўйиш эса жоиз эмас»[5].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Тавҳид калимаси «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни қабр ичига ёзиб, устига маййит жасадини қўйиш жоиз эмас. Чунки бундай қилиш тавҳид калимасини хорлаш ва динда бидъат жорий қилиш демакдир. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизнинг шариатимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади[6], деганлари собит бўлган».

[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 24/271, 21045-фатво, биринчи тўплам.

[2] Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 168-бет.

[3] «Мажмуъ ал-фатово», 13/184.

[4] Муслим ривояти, 2/631, 916-ҳадис.

[5] «Мажмуъ ал-фатово», 13/186.

[6] Бухорий (440-бет, 2697-ҳадис) ва Муслим (3/1343, 1718-ҳадис) ривояти.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг