Пайғамбар уйида бир кеча: учинчи аёлнинг ҳикояси

1

Учинчи аёлнинг ҳикояси

Учинчи аёл: “Эрим узун бўйли, бироз калта фаҳмли” – деди, яъни қадди-қомати келишгану, лекин бу бефойда, чунки у нодон. Уламоларнинг айтишларича, унинг бўйи узун ва боши кичкина бўлган. Мия билан қалб орасидаги алоқа яхши бўлмаган. Гоҳида ақл кетиб қолса, гоҳида қалби ишламай қолади. “Гапирсам, талоқ эшитганим, жим турсам, аросатда қолар ҳолим” – яъни унга ҳеч қандай ҳийла найранг қила олмайман. Бошқа бир ривоятда: “У билан алоқам қил устида”, яъни жар ёқасида тургандек, унинг ҳаётида бу эркак бор экан, унга ҳеч ҳам хотиржамлик йўқ. У одам хулқи ёмонлигидан хотинининг гапиришига ҳам, жим туришига ҳам кўнмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, уни қийнайди. Лекин бу аёл уни севганидан ёки у едириб-ичириб тургани учун у билан бирга яшашга рози ва унинг бундай ёмон хулқларига кўз юмади. Жим турса ҳам уни аросатда қолдиради, яъни на унга эрлик қилади ва на уни талоқ қилади.

Аёлнинг эркакка муҳтожлиги

“Ундай бўлса, бундай одам билан яшашга не ҳожат?!” – дейишимиз мумкин.

Бунинг жавоби шуки, аёл киши талоқдан олдин минг марта ҳисоб-китоб қилади. Фақат куни ўтиши учун яшаш керак бўлса, шунинг ўзи ҳам эри билан яшашга етарли бир сабаб. Аёл эркакнинг қарамоғида яшаш учун мана шундай аччиқ ҳаётга ҳам сабр қилади. Оиладаги кўп келишмовчиликлар шу қабилдан эканига ўзим гувоҳ бўлганман. Баъзи бир аёллар хат орқали, баъзилари ўз оғзилари билан оталарининг уйида машаққат чекаётганини ва ҳар қандай инсонга турмушга чиқишга тайёр эканини айтишган. Бу аёл эрининг ёмон хулқларига шунчалик норози бўлишига қарамай, унга муҳтожлиги учун талоғини сўрамаган. Бу аёлнинг ҳикоясида биз эр-хотин ўртасидаги муомаланинг энг тубан кўринишини кўрдик. Бундан баттари бўлиши мумкин эмас. Бу аёлнинг айтишича, эри узун бўйли, лекин лақма. Устига устак хулқи ҳам ёмон. Бу аёл эрининг калтагидан қўрқиб, унга шикоят қилишга журъат қила олмайди. Жим турай деса, уни аросатда қолдиради: на унга эрлик қилади ва на қўйиб юборади.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 dona sharh

  1. Pingback: Пайғамбар уйида бир кеча: иккинчи аёлнинг ҳикояси

Изоҳ қолдиринг