Сийрат: Пайғамбаримизга илк ваҳий тушиши (4)

0

Тўртинчи: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий тушиш пайтидаги қийналиши ва ваҳий ҳақида маълумот:

Дарҳақиқат, Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни бир неча бор бағрига босиб сиқди, ҳатто у зотга машаққат етказди ва қийин аҳволга солди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳийдан шиддат, қийинчилик, оғирлик тортдилар. Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам ваҳийни оғир деб атаган: “Биз сизга яқинда оғир Сўзни — Қуръонни туширамиз” (Муззаммил, 5).

Ваҳий Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлишидаги шиддат ва оғирликда ҳам ҳикмат бор, албатта. Ваҳий оғир кечар экан, қийинчилик билан эришилган диннинг қадрига етилади, унга диққат-эътиборли бўлинади. Бунда дин мукаммал бўлгандан кейин келган авлодларга дин осонликча келмаганини эслатиш ва унга эътиборли бўлиш кераклигини уқтириш бордир.

Ваҳий ҳодисаси ғайритабиий мўъжизадир. Яъни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг каломини Жаброил фаришта воситаси ила эшитганлар. Шунга кўра, ваҳий ҳодисаси ҳеч қандай илҳомга ёки фикрий тааммулга ёки ички ҳис-туйғуларга алоқадор нарса эмас. Балки ваҳий Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ташқаридан келган бўлиб, у зотнинг вазифалари фақат нозил қилинган ваҳийни ёд олиш ва халқларга етказиш эди. Аммо ваҳийни баён этиш ва тафсир қилиш у зотнинг сўзлари ва ҳадислари билан мукаммал бўлади.

Диннинг барча мажбуриятлари: ақида, фиқҳ, одоб-ахлоқ, муомалалар ҳаммаси ваҳий орқали билинган. Замондош шарқшунослар ва уларнинг ўтмишдаги динсиз устозлари ваҳийнинг асл моҳияти ҳақида шак-шубҳалар қўзғаб, уни камситишга уриниб келадилар. Улар ваҳийнинг саҳиҳ ҳадисларда баён этилган ва ишончли муаррихлар айтган ҳақиқий маъносини бузиб, бошқача қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Улардан бири: “Муҳаммад Қуръонни ва Ислом асосларини роҳиб Баҳиродан таълим олган” деса, яна бири: “Муҳаммад асабий ёки ҳушидан кетиб қолиш касалига йўлиққан киши  эди”, дейди. Ҳолбуки, ўша даврда Макка мушриклари ҳам, Мадина яҳудийлари ҳам Муҳаммад динни Шомдаги роҳибдан таълим олди, деб айтмаганлар. Асабий ёки ҳушидан кетиб қоладиган касали бор эди, деган гаплар ҳам бўлмаган. Балки улар ваҳий нозил этилишидан бурун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни энг ишончли, ростгўй, омонатдор киши деб таниганликлари тарих саҳифаларига битилган ҳақиқатдир. Лекин ваҳий келганда, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлмаганликлари боис, Муҳаммад ёлғончи, уйдирмачи, фалон-писмадон деган бўҳтонлар қилдилар.  Чунки у зот Ҳиро ғорида бўлган пайтларида қўққисдан Жаброил келгани, уни ўз кўзлари билан кўрганликлари инкор этиб бўлмайдиган очиқ ҳақиқат эди. У зотнинг ўқиш ва ёзишни билмасликларини, шу ёшга етгунларича ҳам бирон марта шеър ёзмаганларини ва ёзувчилик қилмаганларини ҳам мушриклар билишар эди. Бас, шундай экан, бунақа тенгсиз, мислсиз, мўъжизавий Қуръонни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан тўқишлари ақлга сиғмайдиган ҳолат эди. Ваҳий ички оламдан пайдо бўладиган, яъни инсон хаёлида кечадиган нарса эмас. Балки ваҳий инсоннинг ички оламига мутлақо алоқаси бўлмаган ташқи ҳолатдир. Жаброил у зотни ўз бағрига босиб, сўнг қўйиб юбориши ва бу ишини уч марта такрорлаши ва ҳар гал у зотга “Ўқинг!” дейиши, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Мен ўқишни билмайман”, дейишлари ҳам ваҳийнинг ташқаридан келишига ва ички оламга алоқаси йўқлигига далолат қилади.

Изоҳ қолдиринг