Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (18)

0

78 – Гуноҳи кабира[1] қилган кишилар жанозаси ва дафнида иштирок этиш

Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким бузуқлик, ароқ ичиш, тажовузкорлик каби мункар ишларни қилса, унинг бу иши қўлдан келганча инкор этилиши шарт. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизлардан ким бирор ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар (қўли билан ўзгартиришга) қодир бўлмаса, тили билан, унга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан (инкор этсин). Энг заиф иймон ана шудир[2].

Агар киши гуноҳини яширса, ошкор қилмаса, гуноҳидан махфий равишда қайтарилади, айби ошкор этилмайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Ким бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ унинг ҳам айбини дунёю охиратда яширади[3]. Аммо унинг зарари ўзидан бошқаларга ҳам ўтадиган бўлса, яширилмайди. Тажовузкорни тажовузидан тийиб қўйиш зарурдир. Агар киши уни махфий равишда бу ишидан қайтарса-ю, бироқ у тийилмайдиган бўлса, алоқани узиш ёки бошқа шу каби уни тийилишга мажбур этадиган ишларни қилади, агар шундай қилиши диний тарафлама фойдалироқ бўлса.

Бироқ киши ножўя ишларни оммадан яширмай қилса, уни қайтариш ҳам ошкора бўлади. Энди унинг ҳаққида ғийбат қолмайди, уни ёмонликлардан тийилишга олиб борадиган ишлар ошкора амалга оширилади. Масалан, у билан алоқа узилади, саломлашилмайди, саломига алик ҳам олинмайди. Фақат шарти буни қилаётган шахс шуни эплайдиган бўлиши, бу ишининг ортидан каттароқ фитна-фасод келиб чиқмаслиги керак.

Нуфузли дин пешволари ундан тириклигида узоқ турганларидек, ўлганидан кейин ҳам тарк этишлари мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун шундай қилиниши унга ўхшаган бошқа жиноятчиларга ҳам таъсир этиши, гуноҳларидан тийилишига сабаб бўлиши шарт қилинади. Шунга кўра, унинг жанозасига қатнашишмайди. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча жиноятчиларга жаноза ўқимаганлари собит бўлган.

Самура ибн Жундубга: “Ўғлингиз кеча тунда вафот этди”, дейишди. Шунда у: “Агар ўлган бўса, унга жаноза ўқимайман”, деди[4]. Чунки ўғли ўзини ўлдиришга ҳисса қўшган, бинобарин, ўзини ўлдирган киши ҳукмида эди.

Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзини ўлдирган кимсанинг жанозасини ўқимаганлари собит бўлган[5].

Шунингдек, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам вожиб бўлган жиҳоддан узрсиз қолиб кетган уч саҳобийни то Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилмагунича тарк этганлари ҳам бунга мисол бўлади[6]. Агар киши тавбасини эълон қилса, унга нисбатан яна чиройли муомалага қайтилади. Энди ким ароқ ичиш, ўлимтик ейиш ва зино қилиш каби ҳаром экани мутавотир даражада собит бўлган ишлардан бирортасини рад этса ёки ҳаромлигида шубҳа қилса, у одам тавбага чақирилади, бу ишларнинг ҳаром экани тасдиқлатилади. Тавба қилса яхши, акс ҳолда Ислом динидан қайтиб муртад бўлгани учун қатл этилади. Унга жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди»[7].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ўзини ўлдирган кимса ғусл қилдирилади, жанозаси ўқилади, мусулмонлар орасига дафн этилади. Чунки у осийдир, кофир эмас. Ўз жонига қасд қилиш маъсиятдир, куфр эмас. Аллоҳ сақласин-у, кимдир ўзини ўлдирса, ғусл қилдирилади, жанозаси ўқилади ва кафанланади[8]. Бироқ халифа (ёхуд давлат раҳбари) ёки обрўли кишилар маъсиятдан қайтариш сиёсатидан келиб чиқиб, унинг жанозасига қатнашмайди. Токи одамлар уларни маййитнинг бу ишидан рози экан деб ўйлаб қолмасинлар. Халифа, султон, қозилар, шаҳар ҳокими ёки амири ножўя ишлардан қайтариш бобидан келиб чиқиб жанозага қатнашмасалар ва бу иш хато эканини эълон қилсалар, жуда соз. Шунга қарамай, баъзи мусулмонлар унинг жанозасини ўқиши керак бўлади»[9].

«Демак, давлат раҳбарлари ва дин пешволари фосиқларнинг жанозасига қатнашмаслиги шаръий фойдани ўз ичига олади. У ҳам бўлса, халқни тарбиялаш, фосиқ қиладиган гуноҳлардан уларни огоҳлантиришдир. Бу иш раҳбар зиммасидаги шаръий сиёсатдан саналади»[10].

[1] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Гуноҳи кабиралар деб зино, ўғрилик, покдомон инсонларни бадном қилиш каби бу дунёда жазо белгиланган ишларга айтилади. Шунингдек, сеҳр, «ғамус» (кишини жаҳаннамга ботирувчи) қасам, жанг майдонидан қочиш, ота-онага оқ бўлиш, ёлғон гувоҳлик бериш, ароқ ичиш каби Аллоҳ ғазаб қилган ёки лаънатлаган, жаҳаннамга тушиш ёки жаннатдан маҳрум этилиш ваъда қилинган гуноҳлар ҳам гуноҳи кабиралар жумласидандир. Ибн Аббос, Суфён ибн Уяйна, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа уламолардан ана шундай деганлари ривоят қилинган» («Мажмуъ ал-фатово», 11/658).

[2] Муслим ривояти, 1/69, 78 ва 49-ҳадислар.

[3] Бухорий (2442) ва Муслим (2580, 2699) ривояти. Лафз Муслимники.

[4] Вакиъ «Аз-зуҳд»да (1/302, 74-ҳадис) ривоят қилган. Ҳасандан ривоят қилинади: «Самура ибн Жундубнинг ўғли бўккунча овқат еди. Шунда Самура: “Агар ўлсанг, сенга жаноза ўқимайман”, деди».

Имом Аҳмад «Аз-зуҳд»да (248-бет) қуйидагича ривоят қилган: «Самурага: “Ўғлингиз кеча тунда ухламади”, дейишди. У киши: “Кўп еганиданми?” деб сўради. “Ҳа, кўп еганидан”, деб айтишди. Самура: “Агар ўлса жанозасини ўқимайман”, деди».

Имом Ибн Таймия айтади: «Гўё у киши: кўп ейиш сабабли ўзингни ўлдирдинг, демоқчи. Унинг бу иши гуноҳи кабираларни ошкор қиладиган кимса то тавба қилмагунича у билан орадаги алоқани узиш қабилидандир. Агар шундай қилинишида мазкур манфаат ҳосил бўлса, шу каби йўл тутиш маъқул кўрилади» («Мажмуъ ал-фатово», 24/286).

[5] Жобир ибн Самурадан ривоят қилинади: «Кенг тиғли найза билан ўзини ўлдирган киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирилган эди, у зот унга жаноза ўқимадилар» (Муслим ривояти, 2/672, 978-ҳадис).

[6] Каъб ибн Молик узун ҳадисда бундай дейди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жангга бормай қолган кишилар ичидан биз уччаламиз билан гаплашишни мусулмонларга ман қилдилар. Биз одамлардан четлашдик, улар ҳам бизга нисбатан ўзгардилар, ҳатто кўнглимда ер ҳам бошқача бўлиб қолгандек, мен билган ер эмасди. Шу ҳолда эллик кун қолиб кетдик…» (Бухорий (4418) ва Муслим (2769) ривояти).

[7] «Мажмуъ ал-фатово», 28/217-218.

[8] Шаъбийдан ривоят қилинади: «Али разияллоҳу анҳу Шароҳа ал-Ҳамадонияни тошбўрон қилганидан сўнг яқинлари келиб: “Энди унинг (жасадини) нима қилайлик?” деб сўрашди. Шунда Али уларга: “(Одатда) ўликларингизга нима қилсангиз, шуни қилинглар”, деди. Яъни, ғусл қилдириш, жанозасини ўқиш каби ишларни назарда тутди» (Абдураззоқ «Мусаннаф»да (3/537, 6626-ҳадис) ривоят қилган).

[9] «Фатово исломийя», 2/63.

[10] Шайх Самий ал-Ҳозимий. «Тарк вулот ал-амр вал-аимма ас-солата алал-фуссоқ сиёсатан» (илмий рисола). «Ал-буҳус ал-исломийя» журнали, 95-адад, 94-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг