Эй иймон келтирганлар (33): Аллоҳнинг неъматларини ёдга олишга, тақво ва таваккул қилишга буйруқ

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ таоло сизларга ҳужум қилишни истаган душманингизни буриб қўйиши билан сизга ато этган неъматини эсланг. Аллоҳдан қўрқинг. Иймонли кишилар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар” (Моида, 11).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нидо қилар экан, уларнинг одоб-ахлоқ, давлат-салтанатда етук бўлишларини истайди ва дунёю охиратда саодат топишларига сабаб бўладиган ишларга буюради. Зеро Аллоҳ уларнинг Рабби ва дўстидир. Раб бандасининг комил, бахтли инсон бўлишини истайди, дўст дўстига фақат яхшилик ва саодат тилайди. Аллоҳ ушбу нидода мўмин бандаларига нидо қилиб: “Эй иймон келтирганлар”, деди ва уларга Ўзи инъом этган буюк бир неъматни эслатди. Ҳар бир мўмин ва мўмина бу неъмат берилган кундан то қиёматгача унинг шукрини адо этишга буюрилган. Шукр неъматни билиш ва эслашга тобеъдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “сизга ато этган неъматини эсланг”, дегач, бу неъматнинг даражасини ва ҳақиқий салмоғини кўрсатди: “сизларга ҳужум қилишни истаган душманингизни сиздан буриб қўйди”. Дарҳақиқат, душманлар тарафидан бир неча бор Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга уринишлар бўлган. Лекин ҳар сафар Аллоҳ азза ва жалла маккор душман қўлини тийиб қўяр, натижада улар пайғамбаримизни уриш ё ўлдиришга муваффақ бўлмас эди. Ана шундай уринишлардан бири Ғаврас ибн Ҳорис тарафидан уюштирилди. Бу ҳақда “Саҳиҳ Бухорий”да қуйидагича ҳадис келган: “Аъробий Ғаврас Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ерга келиб ўтирганларини, саҳобалари эса жанг ва сафар чарчоғини чиқариш учун дарахтлар соясига тарқалиб, у зотнинг олдиларидан узоқлашганларини кўрди. Расулуллоҳ ҳам бир оз дам олиш учун қиличларини дарахтга илиб, ерга чўзилдилар. Шунда Ғаврас келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиличларини қинидан суғуриб: “Сени мендан ким ҳимоя қила олади?” деб сўради. Расулуллоҳ: “Аллоҳ азза ва жалла”, дедилар. Аъробий сўзини уч бор қайтарди, Расулуллоҳ ҳам уч бор “Аллоҳ азза ва жалла”, деб жавоб қайтардилар. Шунда Ғавраснинг қўлидан қилич тушиб, ўзи гапира олмай ўтириб қолди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан юз ўгирдилар ва  саҳобаларни чақириб бу аъробий билан бўлган ҳодисани айтиб бердилар, аъробий эса ёнларида ўтирар эди. Унга ҳеч қандай жазо бермадилар”. Бу аъробий мушриклар тарафидан Расулуллоҳни ўлдириш учун юборилган эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушриклар суиқасдидан нажот топишлари Аллоҳ таолонинг Ислом умматига қиёматга қадар берган неъматлари ичида энг буюк неъматдир.

Шундай суиқасдларнинг яна бири: Бану Назир яҳудийлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларига тепадан харсанг тош ташлашни режалаштирган эди. Ўшанда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча саҳоба ҳамроҳлигида яҳудийлар билан тузилган тинчлик битими ҳақида гаплашиш учун улар олдига бордилар ва уларнинг уйларидан бирининг девори остига келиб ўтирдилар. Шунда яҳудийлар у зотнинг устларига томдан катта тошни ташлаб ўлдирмоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ таоло Расулига ваҳий қилиб, хоин яҳудлар режаси ҳақида хабар берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан у ердан тез чиқиб кетдилар ва яҳудлар режаси пучга чиқди. Яҳудлар сирлари фош бўлганидан надомат чекиб қолдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга хиёнаткор яҳудийлар билан тузилган битимдан чиқишни амр этди. Пайғамбаримиз саҳобалар билан келиб, яҳудларни қамалга олдилар. Таслим бўлишгач, уларни Мадинадан сургун қидилар. Яҳудлар Шом тарафларга чиқиб кетишди.

Учинчи суиқасдни ҳам лаънати яҳудлар амалга оширмоқчи бўлган. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни заҳарлаб ўлдирмоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ пайғамбарига нажот берди, бу неъмати учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аллоҳ ўз динини комил қилиш учун, пайғамбарига суиқасддан нажот берди: “Бугун Мен сизларга динингизни комил қилдим. Сизларга неъматимни тўла-тўкис қилдим ва сизлар учун Исломни дин ўлароқ ихтиёр қилдим” (Моида, 3). Шунча суиқасдлар бўлса ҳам Аллоҳ таоло Расулини сақлаб, умрлари поёнига етганида ўз уйларида вафот топтирди ва ҳужраи саодатга дафн қилиндилар. У зотдан сўнг икки улуғ саҳабалари Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумолар ҳам Расулуллоҳ ёнларига дафн қилиндилар. Шунинг учун Аллоҳ мўмин бандаларига нидо қилиб: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ сизга ато этган неъматини эсланг”, яъни тавҳид ва Ислом душманлари бўлмиш яҳудийлар тарафидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши режалаштирилган суиқасддан нажот бериш неъматини эсланг, деди. “Аллоҳ таоло сизларга ҳужум қилишни истаган”, яъни пайғамбарингизни ўлдирмоқчи бўлган “душманингизни сиздан буриб қўйди”.

Ҳурматли ўқувчи, бир тааммул қилинг-а, суиқасд қилинган зот Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлганлари ҳолда Аллоҳ таоло бу суиқасдни барча мусулмонларга қилинган суиқасд деб атади. Бундан келиб чиқадики, ҳар бир мўмин ва мўмина Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ўзини, ота-онаси, фарзандлари ва барча инсонларни фидо қилишга тайёр бўлиши лозим. Аллоҳ таоло деди: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан кўра ҳам ҳақдорроқдир” (Аҳзоб, 6). Бу билан Аллоҳ таоло нима учун мўмин бандаларини уларнинг пайғамбарларига маккор душман суиқасдидан нажот бериш, душман қўлини улардан қайтариш ва душманни улардан буриб қўйиш билан берган неъматини эслашга буюрганининг сири маълум бўлади.

Оят охирида Аллоҳ таоло мўминларни яна тақвога, яъни Ундан қўрқишга буюрди: “Аллоҳдан қўрқинг”. Тақво қилиш ортида икки дунё саодати гарови бўлган Аллоҳнинг ризоси ва дўстлигига эришиш бор. Шундай экан, тақво қилайлик ва Аллоҳга суянайлик. Аллоҳ таоло бизни фақат  Ўзига таваккул қилишга буюрди. Зеро, Аллоҳга суяниш озорларни даф қилиш ва кўп яхшиликларга эришишдан иборат орзуйимизни рўёбга чиқаради. Аллоҳдан бошқага суяниш эса ноумид бўлиш, хорлик ва йўқликдан бошқа нарсани келтирмайди.

Эй мўминлар, бу сўзлардан ғафлатда қолманг, уларни доим ёдда тутинг. Улар сизни саодатга олиб чиқувчи нарвон, сизга етажак барча неъматлар калитидир. Аллоҳ сизу бизни Ўз розилигига муваффақ қилсин. Амин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг