Тавҳид ақидаси: Мусулмонлар ҳаётида бидъатларнинг пайдо бўлиши ва унга олиб келган сабаблар

0

1) Мусулмонлар ҳаётида бидъатларнинг пайдо бўлиши. Бунинг остида иккита масала бор:

Биринчи масала: Бидъатлар пайдо бўлган давр

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади[1]: «Маълумки, илмларга ва ибодатларга тааллуқли аксар бидъатлар уммат ичида хулафои рошидинларнинг охирги даврларида содир бўлди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек: «Мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Шунда сизлар менинг суннатимни ҳамда хулафои рошидин ва маҳдиййин (ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифалар) суннатини маҳкам ушланглар»[2].

Биринчи бўлиб қадарийлик бидъати, муржиалик бидъати, шиалик ва хаворижлик бидъати пайдо бўлди. Усмон разияллоҳу анҳу вафотидан кейин бўлиниш пайдо бўлгач, ҳарурия бидъати пайдо бўлди. Саҳобалар даври охирларида, яъни Ибн Умар, Ибн Аббос ва Жобир каби саҳобалар даврининг охирларида қадария пайдо бўлди. Муржиалар ҳам шунга яқинроқ даврда пайдо бўлди. Жаҳмийлик эса Умар ибн Абдулазизнинг ўлимидан сўнг тобиинлар даврининг охирларида пайдо бўлди. У киши бу фирқадан огоҳлантирганлиги ривоят қилинган. Жаҳм Ҳишом ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Хуросонда чиққан эди.

Бу бидъатлар иккинчи асрда пайдо бўлди, у даврда саҳобалар бор эди. Улар бидъатчиларни инкор қилдилар. Энг афзал асрлардан сўнг мўътазила бидъати пайдо бўлди, мусулмонлар орасида фитналар юз берди, фикрлар хилма-хиллиги, бидъат ва хоҳиш-ҳавога мойиллик кучайди, сўфийлик бидъати, қабрларга сағана қуриш бидъати вужудга келди. Шундай қилиб, вақт ўтган сари бидъатлар кўпайиб, хилма-хил тус олди.

Иккинчи масала: Бидъатлар пайдо бўлган ўринлар

Бидъатлар пайдо бўлиши жиҳатидан исломий диёрлар фарқли бўлган. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари яшаган ва улардан илм ва иймон тарқалган катта шаҳарлар бешта: икки ҳарам (Макка ва Мадина), икки ироқ (Кўфа ва Басра) ва Шом. Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ибодат ва улар ортидан келувчи исломий ишлар барчаси шу диёрлардан чиққан. Асосий бидъатлар ҳам Мадинаи набавиядан ташқари шу тўрт шаҳардан чиқди. Кўфадан шиалик ва муржиалик чиқди, кейин бошқа жойларга тарқалди. Басрадан қадарийлик, мўътазилалик, носиклик (таркидунёчилик) чиқди, кейин бошқаларга тарқалди. Шомда носибийлик ва қадарийлик тарқалди. Бидъатларнинг энг ёмони бўлмиш жаҳмийлик Хуросон томонда пайдо бўлди. Бидъатларнинг пайдо бўлиши пайғамбар диёри Мадинадан узоқлик миқдорига қараб бўлди. Усмон разияллоҳу анҳу ўлдирилгандан сўнг бўлиниш пайдо бўлгач, ҳарурия бидъати пайдо бўлди. Аммо Мадинада ҳам гарчи бидъатни дилдан истовчи кимсалар бўлган эса-да, бу шаҳар бундай бидъатлар тарқалишидан саломат эди. Унда қадария ва бошқа бидъатлар бўлган, бироқ бидъатчилар хорланган, мазамматланган эди, улар Кўфадаги, Басрадаги, Шомдаги бидъатчилардан фарқли ўлароқ мағлуб ва хор эди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадисда собит бўлганки, Дажжол Мадинага кира олмайди. Дарҳақиқат, тўртинчи асргача, яъни имом Моликнинг асҳоблари давригача иймон ва илм ғолиблигича қолди».[3]

Аммо афзал уч аср ичида Мадинаи набавияда бошқа шаҳарларда бўлгандек бидъат зоҳир бўлмади ва унда диннинг аслларида бидъат чиқмади.

 

[1] Мажмуъ ал-фатово (10/354).
[2] Абу Довуд, Термизий ривоятлари.
[3] Мажмуъ ал-фатово (20/300-303).

Изоҳ қолдиринг