Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (18)

0

Энди чеклов ва рухсатларга келсак, инсон ерни обод этиш ишидаги ўринбосарликни мукаммал адо этиши учун унга нималар зарур бўлишини яратган зот Аллоҳ яхши билади. Хоҳиш-истакларга ортиқча берилиб, чегарадан чиқиб кетиш инсонни бузади, солиҳлар мақомидан узоқлаштиради. Ҳолбуки, Аллоҳ инсонни ҳайвондан фарқли ўлароқ энг гўзал суратда яратган. Уни еру осмонлар кўтара олмайдиган оғир омонатни кўтаришга лойиқ қилган. Ер ва осмонлар бу ишга лойиқ бўлмаганлари учун уни кўтаришдан бош тортган эдилар.

Чекловлар инсон ҳаётида икки хил вазифани ўтайди. Биринчи вазифаси, инсоннинг ҳоҳиш-истаклари миқдорини белгилайди. Шу билан унинг бор кучи фақат ҳиссий майдонда сарфланиб кетишининг олди олинган бўлади. Иккинчиси, ўша кучни тўғри йўналишга солиб қўяди. Шу билан инсон ҳиссий майдондан маънавий майдонга кўтарилади, юксак мақомга эришади ва елкасига юкланган омонатни адо этишга муяссар бўлади.

Шундай қилиб, инсон вужуди чекловлар ва рухсатлар ўртасида мувозанатли ҳолга келади ва ўзининг ҳаётдаги вазифасини энг гўзал суратда адо этади. Лекин ҳар доим ҳам чекловни бузмай юравермайди ва ҳар ҳолатда ҳам ўзининг мувозанатини сақлаб туравермайди:

Биз Одамга у дарахт мевасидан еб қўйишидан илгари ундан емаслигини амр этган эдик. Биз унга, Иблис сенга ва жуфтингга душмандир, у сизларни жаннатдан чиқариб қўймасин, акс ҳолда, сен ва жуфтинг дунёда бахтсиз бўлиб қоласиз, деб айтган эдик. Шайтон уни васваса қилди, Одам унга итоат қилди ва Аллоҳнинг амрини унутди. Биз Одамда ўзига буюрилган нарсани ёдда тутадиган кучли азму қарорни топмадик“. (Тоҳо, 115).

Одам фарзандлари ҳаммаси хатокордир. Хатокорларнинг яхшилари эса тавба қилгувчиларидир“. (Ҳадисни Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ва Дорамий ривоят қилганлар).

Демак, гуноҳ содир бўлиши бор нарса.

Гуноҳ ишлар икки сабабнинг бири билан ёки бир вақтнинг ўзида икки сабабга кўра содир этилади. Яъни инсондаги хоҳиш-истак кучли бўлганидан ёки хоҳиш-истакни чегаралайдиган чекловларга унинг эътибори сусайганидан ёки мазкур иккала сабабга кўра гуноҳ содир этилиши мумкин. Натижа гуноҳларга элтувчи омиллар миқдорига қараб катта ёки кичик бўлади. Гуноҳга элтувчи омил кучсиз бўлса, уни тўхтатиш осонроқ кечади. Агар омил кучли бўлса, уни тўхтатиш иймон қувватига боғлиқдир. Инсоннинг иймони мустаҳкам бўлса, ўзини гуноҳдан тўхтатиб қолиши мумкин, ёки гуноҳни оз-моз қилади-да, узоққа бормай тўхтайди. Буни Қуръони каримда “ламам”, яъни кичик гуноҳ иш қилмоқ ёки гуноҳга яқинлашиб, сўнг гуноҳ қилмасдан ўзни тийиб олмоқ, деб ифода этилган. Аммо иймони заиф бўлса, ҳар қандай гуноҳ олдида таслим бўлиши муқаррардир. Аллоҳ асрасин!

Аллоҳга ва охиратга бўлган иймон инсонни хоҳиш-истаклар қаршисида кучли қилиб қўяди. Иймоннинг кучи ва даражасига қараб, инсон Аллоҳ унга чизиб берган чегара ичида ўзини тута олади. Яъни Аллоҳнинг амрига бўйсуниш ва фарз қилган ибодатларни адо этишда қийналмайди. Лекин бу дегани инсон ўзининг инсонлик сифатидан чиқиб, фариштага айланиб қолади, дегани эмас. Чунки у инсондир, хато ва гуноҳ қилиш пешонасига  битилгандир. Айтмоқчи бўлганимиз шуки, агар инсоннинг иймони кучли бўлса, Аллоҳнинг амрига сўзсиз бўйсунади, Аллоҳ фарз қилган ибодатларни адо этади ва ибодат унинг ҳаётида асосий мақсадга айланади. Ундан бошқа ишлар эса ўткинчи ва иккинчи даражали бўлиб, улар учун ҳеч ғам емайди. Ана ундан кейин қуйидаги раббоний сифатга лойиқ бўлади:

Улар бирон катта гуноҳ қилиб қўйсалар ёки (кичикроқ гуноҳлар билан) ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эсга олиб, Ундан гуноҳларини кечиришини сўрайдиган кишилардир. Улар тавба қилсалар, Аллоҳ албатта тавбаларини қабул қилишини билган ҳолларида, гуноҳу маъсиятда давом этмайдилар. Уларнинг мукофотлари Аллоҳ гуноҳларини кечириши ва уларни остидан анҳорлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларга киритишидир. Яхши амал қилувчи зотлар учун нақадар яхши мукофот!” (Оли Имрон, 135-136).

Аммо Аллоҳга ва охиратга бўлган иймон заифлашадиган бўлса, заифлик даражасига қараб, юқорида айтилган сўзнинг акси кўрилади. Аллоҳ йўлидаги собитқадамлик бир ўткинчи ҳолатга айланади-да, гуноҳ, зулм ва фасод йўли асосий мақсад бўлиб қолади.

Лекин инсон гуноҳ қилиши сабабли уни Исломдан чиқариб юборилмайди. Бунга уламоларимиз иттифоқ қилганлар. Инсон Исломдан қачон чиқади? Бир гуноҳ ишни ҳалол деб эътиқод қилса, шундагина Исломдан чиқади. Гарчи инсон ўша гуноҳни қилмаса ҳам, ёмон эътиқоди сабабли Исломдан чиқаверади. Гуноҳни ҳалол санаш уни ҳаром санаб туриб қилишдан ёмондир. Аллоҳ асрасин! Инсон иймони заифлашган пайт гуноҳга қўл уради, берган аҳдини худди Одам алайҳиссалом унутгани каби унутади. Гарчи қалбида иймон мавжуд бўлса ҳам, азму қарори бўшашиб, иймон ҳаловатини йўқотади. Бунга Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари далилдир:

Зинокор зино қилаётган пайтида иймонли ҳолда зино қилмайди. Ўғри ўғирлик қилаётган пайтида иймонли ҳолда ўғирлик қилмайди” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Гуноҳ иш қилгандан кейин инсон ғафлатидан уйғонса, қилган ишига пушаймон бўлса, Раббига истиғфор айтиб, чинакам тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади.

Гуноҳни ҳалол санаш Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортиш, Аллоҳга бўйсунмаслик демакдир. Бундай одам гўёки тили билан ёки ҳолати билан бу ибодатлар Аллоҳ танлаган ишлардир, бу борада менинг ўзимнинг ҳам шахсий фикрим бор, деётгандай бўлади. Аллоҳ шайтонни Одамга сажда қилишга буюрганда, шайтон Унга осийлик қилиб, бундай деган эди: “Унга сажда қилмаганим боиси – мен ундан афзалман. Мени ўтдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг. Ўт лойдан яхшироқ” (Сод, 76).

Бошқа бир оятда: “Қора балчиқдан бўлган қуриган лойдан яратганинг инсонга сажда қилиш менга ярашмайди” (Ҳижр, 33).

Аллоҳ таоло бундай гуноҳни кечирмайди. Чунки у ширкдир:

Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа ҳар қандай гуноҳни Ўзи истаган бандасидан кечиради” (Нисо, 116).

Изоҳ қолдиринг