Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (19)

0

79 – Бидъатчиларнинг жанозаси ва дафнига қатнашиш

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусулмон маййитга жаноза ўқиш вожибдир, гарчи бидъатга қўл урган бўлса ҳам.

Агар бидъатчининг бидъати уни Исломдан чиқармайдиган даражада бўлса, одамлардан баъзилари унинг жанозасини ўқийдилар[1].

Агар унинг бидъати кофир бўлишини тақозо этса, масалан, бидъатчи жаҳмийлар[2], мўътазилийлар ёки Али разияллоҳу анҳуга, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтига ёки уларга ўхшаган кишиларга ибодат қиладиган ва ёрдам сўрайдиган рофизий-шиалар каби тоифалардан бўлса, у ҳолда уларга жаноза ўқилмайди, ҳақларига истиғфор сўралмайди. Аллоҳ таоло мунофиқлар ва уларга ўхшаганлар тўғрисида бундай дейди: “(Эй Пайғамбар,) вафот этган мунофиқлардан бирортасига ҳеч қачон намоз ўқиманг ва қабри устида (ҳаққига дуо қилиб) турманг! Чунки улар Аллоҳ ва Расулига кофир бўлдилар ва фосиқ ҳолларида вафот этдилар. (Бу мунофиқлиги маълум бўлган ҳар бир кимсага тегишли умумий ҳукмдир)” (Тавба, 84)»[3].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким бидъатни ошкора қиладиган бидъатчи бўлса, уни инкор этиш вожибдир. Шариатда бор бўлган инкор кўринишларидан бири то тавба қилмагунича у билан алоқани узишдир.

Дин пешволари бўлган кишилар бидъатчига жаноза ўқимаслиги ҳам у билан алоқани узиш жумласига киради. Мақсад унга ўхшаган ва унинг йўлига даъват қилаётган бошқа бидъатчилар ҳам бидъатларидан тийилишидир. Молик ибн Анас, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа имомлар шундай қилишга буюрганлар»[4].

Қабрга атаб қурбонлик қиладиган, унда ётган маййитларни Аллоҳга васила қиладиган қабрпарастлар жанозасига қатнашиш ҳукми ҳақида «Доимий фатво қўмитаси»дан сўралганида қуйидагича жавоб берди: «Саволда таърифлангандек ҳолатда вафот топган кишининг тобути ортидан эргашиш, жанозасини ўқиш, ҳаққига дуо қилиш ва Аллоҳдан мағфират тилаш, унинг номидан ҳаж бадал қилиш ёки садақа бериш жоиз эмас. Чунки унинг юқорида зикр этилган ишлари ширкий амаллар бўлиб, Аллоҳ таоло ояти каримада: «Пайғамбар (Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам, мўминлар ҳам мушриклар учун – гарчи қариндошлари бўлса-да – мағфират сўраб дуо қилишлари лойиқ эмас» (Тавба, 113), дейди. Шунингдек, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган қуйидаги ҳадис ҳам шуни тасдиқлайди: “Онам ҳаққига истиғфор айтиш учун Раббимдан изн сўраган эдим, изн берилмади. Онам қабрини зиёрат қилиш учун изн сўраган эдим, изн берилди[5]»[6].

80 – Мунофиқлар жанозасида иштирок этиш

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Нифоқини ошкор қилмаган мунофиқ вафот этса, жанозаси ўқилади, мусулмонлар қабристонига кўмилади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидан бери шундай. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам, халифалари ва асҳоблари даврида мусулмонлар қабристонига гарчи ботинда мунофиқ бўлса ҳам иймонни ошкор этган ҳар қандай кимса дафн этилаверган. Ислом диёрларида яҳуд ва насороларга хос қабристонлар бўлгани каби мунофиқлар учун мусулмонлар мозоридан ажралиб турадиган махсус қабристон бўлмаган. Мусулмонлар қабристонига дафн этилган шахс борки, унга мусулмонлар жаноза ўқиган. Мунофиқлиги аниқ билинган кимсага жаноза ўқиш Қуръон ояти билан тақиқланган[7]. Маълумки, бу иш улар зоҳирда кўрсатган иймонга қараб бўлади, ичлари эса Аллоҳга ҳавола этилади. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мунофиқларга жаноза намози ўқир, ҳақларига истиғфор сўрар эдилар. Сўнг Аллоҳ у зотни бундан қайтарди ва бунга уларнинг кофирлиги сабаб экани айтилди. Бу шуни кўрсатадики, гарчи бидъат ва гуноҳ ишларга қўл урган бўлса ҳам ботинда кофир экани билинмаган ҳар бир одамга жаноза ўқиш ва мағфират сўраш жоиздир. Халифа ёки уламолар ошкора бидъат ёки гуноҳ қилган баъзи кимсаларга бошқалар учун ибрат бўлсин деб жаноза ўқимаслиги уларга жаноза ўқиш ва мағфират сўрашни ҳаром қилиб қўймайди. Балки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлжалар тақсимланишидан олдин ундан ўғирлаган, ўзини ўлдирган, қарзига вафо қилмаган кимсага жаноза ўқишдан тийилган кишига: “Биродарингизга жаноза ўқинглар[8], деганлар»[9].

[1] «Бидъатчиларга жазо бериш мақсадида уларга жаноза ўқилмайди, касал бўлса зиёрат қилинмайди, жанозаларига қатнашилмайди. Агар жасадлари қаровсиз қолиб кетишидан қўрқилса, ювилади, кафанланади ва нуфузли фозил кишилардан бошқалар жаноза ўқишади» (Аҳмад ибн Ғунайм ан-Нафровий ал-Моликий. «Ал-фавокиҳ ад-давоний ала рисолат Ибн Абу Зайд ал-Қайравоний», 1/477. Муҳаққиқ: Абдулворис Али. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1418 ҳ.й.)

[2] Aбул Aббос ас-Саррож раҳимаҳуллоҳ айтади: «Aллоҳ таоло ажабланади, кулади, ҳар кеча дунё осмонига тушиб: “Ким мендан сўраса, бераман” дейди, деб ким иймон келтирмаса ва тасдиқламаса, у зиндиқ ва кофир саналиб, тавбага чақирилади. Тавба қилса, қилди, акс ҳолда қатл этилади. Унга жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди» (Имом Заҳабий. «Мухтасар ал-улув лил-алий ал-ғаффор», 232-бет. Ҳадислар тахрижи Aлбонийга тегишли. «Aл-мактаб ал-исломий» нашри, биринчи нашр, 1401 ҳ.й.)

[3] «Мажмуъ ал-фатово», 13/161.

[4] Шайхулислом Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 24/292.

[5] Ҳадис тахрижи 28-масалада берилди.

[6] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/12-13, 3548-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.

[7] Аллоҳ айтади: «(Эй Пайғамбар,) вафот этган мунофиқлардан бирортасига ҳеч қачон намоз ўқиманг ва қабри устида (ҳаққига дуо қилиб) турманг! Чунки улар Аллоҳ ва Расулига кофир бўлдилар ва фосиқ ҳолларида ўлдилар» (Тавба, 84).

[8] Бухорий (2289) ва Муслим (1619) ривояти.

[9] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 7/216-217.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг