Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (20)

0

81 – Жанозада аскарлар саф тортиши, ҳарбийча салом берилиши ва мусиқа чалиниши

Жанозада аскарлар саф тортиши, ҳарбийча салом берилиши ва мусиқа чалиниши ҳақида «Доимий фатво қўмитаси»дан сўралганида қуйидагича жавоб берган: «Буларнинг бари бидъат ишлар жумласидан бўлиб, мусулмонларнинг бундай қилишлари ва бу ишларга рози бўлишлари жоиз эмас. Инсон вафотидан сўнг бундай бидъатлар қилмасликни яқинларига тайинлаши ва уларни огоҳлантириши шарт. Акс ҳолда, сукут сақлаши ва бу ишга розилиги сабабли ўзи ҳам гуноҳга шерик бўлиб қолиши мумкин. Аллоҳдан офият беришини сўраймиз»[1].

82 – Жанозага машъал билан эргашиш

Жаноза ортидан олов билан эргашиш жоиз эмаслигига уламолар ижмо қилган.

Ибн Мунзир айтади: «Биз таниган аҳли илмларнинг барчаси маййит ортидан олов кўтариб бориш макруҳ деб билганлар»[2].

Ибн Абдулбар: «Бу иш макруҳ эканида уламолар ўртасида ихтилоф борлигини билмайман», дейди[3].

Абу Бурда ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Абу Мусо ал-Ашъарий разияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётган пайт: “Ортимдан исириқдон кўтариб эргашманглар”, дея васият қилди. Ёнидагилар: “Бу ҳақда бирор нарса эшитганмисиз?” деб сўрашди. Абу Мусо: “Ҳа, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман”, деб жавоб берди»[4].

Абдураҳмон ибн Миҳрондан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра ўлим тўшагида экан, бундай деди: “Мен учун чодир тикманглар, ортимдан исириқдон билан эргашманглар, мени (дафн этишга) шошилинглар”»[5].

Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу бундай деди: «Қачон вафот этсам, гўянда (йиғичи аёл) ҳам, олов ҳам менга ҳамроҳ бўлмасин»[6].

Бакр ибн Абдуллоҳ ал-Музанийдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Муғаффал разияллоҳу анҳу тобути ортидан овоз ҳам, олов ҳам эргашмаслигини васият қилди»[7].

Абдулаъло ибн Омир ас-Саълабийдан ривоят қилинади: «Саид ибн Жубайр билан бирга эдим. У киши аланга кўтариб олинган жаноза ортидан эргашиб борар эди. Шунда исириқдонни улоқтириб, синдирди-да, кейин: “Мен Ибн Аббоснинг: «Аҳли китобларга ўзингизни ўхшатманг», деганини эшитганман”, деди»[8].

Ибн Қаййим деди: «Салафлар ва кейингилар маййит қабрга олиб кетилаётганда исириқдон ёки бошқа нарсада олов кўтариб олишни макруҳ санаганлар. Шам кўтариб олиш ҳам шу жумладан.

Ойша разияллоҳу анҳо: “Ортидан олов билан эргашишни маййитнинг дунёдан охирги насибаси қилиб қўйманглар”, деган»[9].

[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/341, 19504-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.

[2] Ибн Мунзир. «Ал-ижмоъ», 51-бет, 102-рақам. Муҳаққиқ: Сағир Ҳаниф. «Мактабат ал-фурқон» ва «Мактабат Макка ас-сақофийя» нашри, иккинчи нашр, 1420 ҳ.й.

[3] «Ал-истизкор», 8/225.

[4] Ибн Можа ривояти, 2/460, 1487-ҳадис. Албоний «Аҳком ал-жаноиз»да (18-бет, 12-рақам) «ҳасан» деган.

[5] Имом Аҳмад «Муснад»да (13/293, 7914-ҳадис) ривоят қилган. Албоний «Аҳком ал-жаноиз»да (93-бет, 49-рақам) «саҳиҳ» санаган.

[6] Муслим ривояти, 1/112, 192 ва 121-ҳадислар.

[7] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/195, 11285-ҳадис.

[8] Абдураззоқ ривоят қилган (3/419, 6159-ҳадис), ровийлари ишончли кишилар.

[9] «Мифтоҳ дор ас-саодат», 2/237.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг