Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (21)

0

83 – Тобутга овоз чиқариб эргашиш

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тобутга овоз чиқариб эргашишдан қайтарганлар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тобутга на овоз чиқариб, на олов кўтариб эргашилади”, дедилар»[1].

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Хоҳ қироат ё зикр қилиш билан, хоҳ бошқа нарса сабабли бўлсин, маййит олдида овозни кўтариш хуш кўрилмайди. Тўрт мазҳаббоши имомларнинг йўли шудир. Саҳоба ва тобеинлардан иборат салафлардан ҳам шу нарса ривоят қилинган бўлиб, бирор кимса бунга зид фикр билдирганини билмайман. Ҳадис ва асар уламолари энг афзал уч аср мобайнида бундай иш бўлмаганига иттифоқ қилганлар»[2].

Шунинг учун тобутни олиб кетаётиб ёки қабристонда гарчи Қуръон тиловати ё истиғфор айтиб[3] бўлса ҳам овозни кўтариш макруҳ эканига уламолар иттифоқ қилганлар. Ибн Қаттон айтади: «Тобутга овоз чиқариб ҳам, олов кўтариб ҳам эргашилмайди. Бу борада уламолар ўртасида ихтилоф борлигини билмайман»[4]. Ибн Журайж ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жанозада эканлар, кўпроқ сукут сақлар ва ўй сурар эдилар»[5].

Қайс ибн Убод раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари уч ўринда овоз кўтаришни ёқтирмас эдилар: жангда, жанозада ва зикрда»[6].

Шайх Албоний айтади: «Чунки тобутга овоз чиқариб эргашишда насороларга тақлид қилиш бор. Улар инжиллари ва зикрларини чўзиб, мунгли хиргойи қилиш билан овозларини кўтаришади. Бундан ҳам хунуги маййитни хомуш мусиқа садолари остида қабрга кузатишдир. Айрим мусулмон юртларда кофирларга тақлид ўлароқ шундай қилинади»[7].

Иброҳим Нахаийдан ривоят қилинади: «Киши тобут ортидан борар экан: “Маййит ҳаққига истиғфор айтинглар, Аллоҳ сизларни мағфират қилсин”, деб айтиши макруҳ кўрилар эди»[8].

Ибн Атиқдан ривоят қилинади: «Саид ибн Жубайр қатнашаётган жанозада эдим. Бир киши: “Маййит ҳаққига истиғфор айтинглар, Аллоҳ сизларни мағфират қилсин”, деб қолди. Шунда Саид ибн Жубайр: “Аллоҳ сени мағфират қилмасин!”, деди»[9].

Ибн Қудома айтади: «Саид ибн Мусайяб, Саид ибн Жубайр, Ҳасан Басрий, Нахаий, имомимиз (Аҳмад ибн Ҳанбал) ва Исҳоқ тобут ортидан: “Маййит ҳаққига истиғфор айтинглар”, дейилишини ёқтирмас эдилар.

Авзоий бундай дейишни бидъат деган бўлса, Ато динда янги пайдо қилинган иш, деди. Саид ибн Мусайяб ўлим тўшагида ётганида бундай деди: “Хиргойи айтиб туяларни ҳайдовчини, яъни (тобут олиб кетилаётганда) одамларни ундаб: «Маййит ҳаққига истиғфор айтинглар, Аллоҳ сизларни мағфират қилсин», дейдиган кишини тобутимга яқинлаштирманглар”. Фузайл Ибн Амр айтади: “Ибн Умар жанозада экан, кимдир: «Маййит ҳаққига истиғфор айтинглар, Аллоҳ сизларни мағфират қилсин», деганини эшитиб қолиб: «Аллоҳ сени мағфират қилмасин», деди”[10]. Иккаласини ҳам Саид ривоят қилган»[11].

Ибн Обидин айтади: «Дуо ва зикрга муносабат шундай бўлса, энди замонамизда пайдо бўлган куй-қўшиқларга нима дейсиз?»[12]

(Давоми бор)

[1] Имом Аҳмад (15/316, 9515-ҳадис) ва Абу Довуд (463-бет, 3171-ҳадис) ривояти. Ҳадис лафзи Абу Довудга оид.

[2] «Мажмуъ ал-фатово», 24/293-294.

[3] Қаранг: «Ал-муғний», 3/400; «Ал-мажмуъ», 5/207; «Ал-мадхал», 3/244; «Ал-фатово ал-ҳиндийя», 1/162.

[4] «Ал-иқноъ фи масоил ал-ижмоъ», 1/190, 1058-рақам.

[5] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/201-202, 11315-ҳадис.

[6] Ибн Абу Шайба ривояти, 18/117, 34102-ҳадис.

[7] «Аҳком ал-жаноиз», 92-бет, 48-рақам.

[8] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/199, 11303-ҳадис.

[9] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/199, 11304-ҳадис.

[10] Шайх Абдураҳмон ал-Баррок айтади: «Бундай дейиш мункарни қўпол суратда инкор қилиш бўлиб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мол йўқотганини масжидда эълон қилган кишига: «Аллоҳ йўқотганингни сенга қайтармасин», денглар, деган буйруқларига ўхшайди». Мазкур ҳадисни Имом Муслим (1/397, 79 ва 586-ҳадислар) ривоят қилган.

Собиқ Азҳар шайхи Шайх Маҳмуд Шалтут айтади: «Йиғилганлардан маййит ҳаққига истиғфор айтишни талаб этиб овозни кўтариш ана шундай қаттиқ инкорга лойиқ кўрилар, уни қилган кимса нафрат, жирканиш, Аллоҳнинг мағфиратидан мосуво бўлишдек қарғишга ҳақли бўлар экан, энди маййит учун дод солиб йиғлаш, мунгли мусиқа чалиш каби ишлар тўғрисида нима дейиш мумкин?! Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам овозли жанозага эргашишдан қайтарганлари собит бўлган. «Овозли» дегани гўянда, мусиқа, қори ва зикр қилувчи кабиларни ўз ичига олади. Буларнинг бари маййит ҳузурида бўлиши қайтарилган ва ҳаром қилинган ишлардандир. Шак-шубҳа йўқки, мазкур кўринишлар одамларни ибрат ва эслатма олишдан тўсишдан ташқари улардаги хафаликни қўзғайди, қайғуни орттиради, кўнгилларни чўктиради. Қалбларни гўзал сабрдан, Аллоҳ битган тақдирга розилик ҳиссидан буради. Бир куни Умар разияллоҳу анҳу кимдир ўликка дод солиб йиғлаётганини эшитиб, ўша овоз чиқаётган жойга киради ва йиғилганларни қамчи билан савалайди. Шу зайлда гўянда аёлга етиб келиб, уни ҳам бошидан рўмоли тушиб кетгунча уради. Кейин ўзи билан келган шеригига бундай дейди: “Ур! Зеро, гўянданинг ҳеч қандай ҳурмати йўқ! Чунки у сизларнинг ғамингизга шерик бўлиб эмас, пулларингизни олиш учун кўз ёш тўкяпти. Қабрдаги маййитларингизга ва уйдаги тирикларингизга озор беряпти. У яна сизларни Аллоҳ буюрган сабрдан ман этяпти, Аллоҳ қайтарган бесабрликка ундаяпти”.

Билмадим, агар Умар разияллоҳу анҳу биз кўрган нарсаларни кўрганида, биз эшитган нарсаларни эшитганида, кўчаларда, қабристонларда, умуман ҳар ерда юзлари ва кийимларини бўяб, Аллоҳ берган хилқатни ўзгартириб, ялангоёқ, яёв ё улов устида кетаётган аёлларни кўрганида нима қилган бўлар экан?!» (Шайх Маҳмуд Шалтут. «Ал-фатово ал-муҳиммот», 135–136-бетлар. Ҳадислар тахрижи ва изоҳлар эгаси: Али Ҳалабий. «Дор Ибн ал-Жавзий» нашриёти, биринчи нашр, 1412 ҳ.й.)

[11] «Ал-муғний», 3/400.

[12] «Ҳошият Ибн Обидин», 3/163.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг