Дард ва даво (73): Гуноҳнинг касофати (32) Ёмонликка ундовчи нафс

0

Шайтон ёрдамчиларига айтади: Билиб қўйинглар, мазкур чегараларни қўлга олишларингга ёрдам берадиган энг катта куч ёмонликка ундовчи нафс билан иттифоқ тузишларингдир. Бас, унга ёрдам беринглар, ундан ёрдам олинглар, унга мадад беринглар ва ундан мадад сўранглар. Хотиржам нафсга қарши жангда у билан бирга бўлинглар. Хотиржам нафсни синдиришга ва кучини кетказишга бор кучингизни сарфланглар. Бунга эса унинг озуқасини узиш орқалигина эришасизлар. Агар унинг озуқаси узилиб, ёмонликка ундовчи нафс озуқаси кучайса ва унинг ёрдамчилари сизларга итоат қилса, у ҳолда қалбни қўрғонидан чиқариб, тахтидан ағдаринглар, ўрнига нафсни подшоҳ этиб тайинланглар. Зеро, у сизлар истаган ва яхши кўрган ишдан бошқа нарсага буюрмайди, ҳеч қачон сизлар ёқтирмайдиган ишни қилмайди. Шу билан бир қаторда сизлар айтган ҳеч бир ишга хилоф иш тутмайди. Балки бирон ишга ишора қилсанглар, ўша ишни қилишга шошилади.

Агар қалб ўз тахтига қайтишга ҳаракат қилаётганини сезсанглар ва бу ташвишдан қутулмоқчи бўлсанглар уни нафсга «унаштириб» қўйинглар. Нафсни унга безантириб, чиройли қилиб, энг чиройли келин суратида кўрсатинглар ва бундай денглар: «Уруш «таъми»ни тотиб, жароҳат ва зарбалар «алами»ни ютиб толиқдинг-ку, энди нафс висолидан баҳраманд бўл, ушбу келин билан роҳатланиб яшаб қол. Ахир, ўзинг бу иттифоқ лаззати билан ўтган жанглар аламини бир солиштириб кўр. Жангни қўй энди, ҳар икки томон бироз дам олсин. Зеро, бу жанг бир кунда битмайди, ҳали то ўлгунингча жанг қилишга улгурасан. Ҳамиша жанг қилаверсанг кучингдан айрилиб қоласан».

Эй болаларим, икки қудратли лашкар ёрдамидан фойдаланинглар, улар билан ҳеч қачон енгилмайсизлар:

Биринчиси ғафлат лашкари. Ҳар қандай йўл билан одам боласининг қалбидан Аллоҳни ва охират диёрини эслашни унуттиринглар. Мақсадларингга эришишга бундан кўра яхшироқ йўл тополмайсизлар. Агар қалб Аллоҳни унутса, ўзига ва ёрдамчиларига йўл очиб беради.

Иккинчиси шаҳват лашкари. Уни одам боласининг қалбида безаб, кўзига чиройли қилиб кўрсатинглар.

Ушбу икки лашкар билан уларга ҳужум уюштиринглар. Сизлар учун одам фарзандларида бу иккисидан яхшироқ ёрдамчи йўқ. Ғафлатга шаҳват, шаҳватга ғафлат ёрдамидан фойдаланинглар. Икки ғофилни бирлаштириб, сўнг Аллоҳни эсловчи одамга қарши жангда улар ёрдамидан фойдаланинглар. Маълумки, бир киши беш кишини енгга олмайди. Чунки икки ғофил билан уларнинг икки шайтони ҳам бўлади. Демак, улар тўртта бўлди. Уларга Аллоҳни ёдда тутувчи зокир банданинг шайтони ҳам қўшилса, жами бешта бўлади.

Агар бир гуруҳ одамларни Аллоҳни эслаш, ё унинг буйруқ ва қайтариқларини, динини ўрганиш каби сизларга зарар берадиган иш учун тўпланиб ўтирганини кўрсангиз-у, лекин уларни тарқатиб юборишга кучингиз етмаса, у ҳолда бекорчи ва безори одамларни ишга солинглар. Ушбу безориларни уларнинг олдига яқинлаштириб, уларга халақит беринглар.

Хуллас, ҳар бир ишни пухта қилинглар. Ҳар бир одам боласига хоҳиш-истаги ва шаҳвати томонидан киришга ҳаракат қилинглар. Ушбу ишларда унга ёрдам беринглар, уларга эришишда унга кўмакчи бўлинглар. Аллоҳ таоло уларни сизларга қарши сабр қилишга, сабрда сизлардан устун бўлишга ва чегараларни маҳкам тутишга буюрган экан, сизлар ҳам уларга қарши сабр қилинглар, сабрда улардан устун бўлинглар ва чегараларни маҳкам тутинглар. Шаҳват ва ғазаб пайтида фурсатингизни қўлдан бой берманглар. Чунки одам боласини ушбу икки ўринчалик бошқа бирон ўринда осон қўлга киритолмайсизлар.

Билиб кўйинглар, баъзи одамларнинг шаҳвати кучли, ғазаби эса суст бўлади. Бундай одамни шаҳват томонидан ушланглар, ғазаб томонини қўйинглар. Баъзи одамларнинг ғазаби кучли бўлади. (Бундай одамни ғазаб томонидан ушланглар.) Лекин шаҳват томонини бўш қўйманглар, унинг чегарасини эътиборсиз қолдирманглар. Зеро, ғазаб пайтида ўзини боса олмайдиган одам шаҳват пайтида ҳам ўзини боса олмаслигининг эҳтимоли катта. Ғазаби ва шаҳватини бирлаштиринглар, бир-бирига аралаштиринглар. Шаҳватга ғазаб йўлидан, ғазабга эса шаҳват йўлидан чақиринглар.

Билиб қўйинглар, Одам боласига қарши ушбу иккисидан кучлироқ қурол топа олмайсиз. Мен уларнинг ота-онаси (Одам ва Ҳаво)ни шаҳват сабабли жаннатдан чиқардим, фарзандлари орасига ғазаб орқали адоват солдим. Ғазаб ёрдамида яқинлари ўртасини буздим, қонлари ноҳақ тўкилишига эришдим. У сабабли Одам ўғлининг бири акасини ўлдирди.

(Давоми бор)

 

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг