Рамазон ойи рўзасининг фазилати

0

Рамазон ойи рўзасининг фазилати:

Юқорида айтиб ўтилгандан ташқари хусусан рамазон ойи рўзасига оид айрим фазилатлар бор. Қўйида шулардан баъзиларини зикр қиламиз:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким Қадр кечасини (унинг ҳақ эканига) иймон билан ва холис Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда тоат-ибодат билан ўтказса унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади[1].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Рамазон ойи келса жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд қилинадилар”. Термизийдаги бошқа бир ривоятда шундай қўшимча қилинади: “Ва бир жарчи (фаришта) нидо қилади: “Эй эзгулик  (ажр-савоб) истаган кимса, тоат-ибодатга келиб қол! Эй ёмонлик (гуноҳ) истаган кимса (гуноҳдан) тийил”. Аллоҳнинг дўзахдан озод этилган (кўп) бандалари бор(ки, шояд сенга улардан бири бўлиш насиб қилса). Бу (рамазон ойининг) ҳар бир кечасида (такрорланади)[2].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга чиқдиларда: “Амийн, амийн, амийн”,– дедилар. Шунда у зотга: “Эй Расулуллоҳ, (ҳеч) бундай қилмас эдингиз?!”, – дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаброил менга: “Рамазон ойи кириб гуноҳи кечирилмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (ёки даф бўлсин)”, – деди ва мен амийн, дедим. Сўнгра яна: “Ота-онаси ёки улардан бири ҳаёт бўлиб, жаннатга кирмаган банданинг бурни ерга ишқалсин (ёки даф бўлсин)”,– деди ва мен амийн, дедим. Сўнгра: “Ҳузурида мен тилга олинсам-у менга салавот айтмаган банданинг бурни ерга ишқалсин (ёки даф бўлсин), – деди ва мен амийн, дедим[3].

[1] Бухорий (38, 1901), Муслим (759), Термизий (683), Насоий (4\157) ва Ибн Можа (1641) ривоят қилишган.

[2] Бухорий (1898), Муслим (1079), Насоий (4\126) ривоят қилишган. Қўшимчани Термизий (682) “кучли” ровийлар шажараси билан ривоят қилган.

[3] Ҳасан, Ибн Хузайма (1888) ва Ибн Ҳиббон (907) ривоят қилганлар. Шунингдек, ҳадисни Бухорий “Ал-адабул муфрад”да ривоят қилган, Шайх Албоний ҳадисни “ҳасан саҳиҳ ҳадис” деган. Бундан ташқари, ҳадисни Термизий (3545) “минбарга чиқдилар” қўшимчасисиз ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг