Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (22)

0

83 – Тобутга овоз чиқариб эргашиш

(Давоми)

Нававий деди: «Билингки, энг сара ва танланган тўғри йўл салафлар (разияллоҳу анҳум) йўли – тобут ортидан эргашганда жим боришдир. Бу ҳолатда на қироат, на зикр, ва на бошқа нарса билан овоз кўтарилади.

Бунинг ҳикмати равшан: жим бориш ўй суриш учун қулай, жаноза тўғрисида фикрлаш учун хаёлни жамловчироқдир. Бу ҳолатда айни шу нарса матлубдир, ана шундай бўлиши тўғридир. Бунга тескари иш тутувчилар кўплиги билан алданманг. Дарҳақиқат, Абу Али Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ қуйидаги мазмунда сўз айтган: «Ҳидоят йўлидан айрилма, йўловчилар камлиги сенга зарар беролмайди. Залолат йўлларидан четлан, ҳалокатга юз тутганлар кўплиги билан алданиб қолма!»

«Сунан ал-Байҳақий»да мен айтган гапни тақозо этадиган ривоят ҳам бор. Дамашқ ва бошқа ерларда жоҳил кишилар чўзиб қироат қилиши ва оят маъносини ўзгартириб юбориши каби ишларга келсак, бу иш уламолар ижмоси билан ҳаромдир. У нақадар хунук ва қаттиқ ҳаром эканини, уни инкор этишга қодир бўлатуриб инкор қилмаган киши фосиқ бўлишини «Одоб ал-қурро» (Қорилар одоблари) китобида баён этганман. Мадад ва тавфиқ Аллоҳдандир»[1].

Шайх Шуқайрий ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қорилар нон ё пул топаман деб тобут ортидан қабристонга тиловат учун бориши улкан қабиҳликдир. Аллоҳ таоло: “Менинг оятларимни қийматсиз ўткинчи дунё матоларига алмаштирманглар” (Бақара, 41), дейди. Бошқа оятда эса бундай дейди: “Албатта, Аллоҳ ўз китобида нозил қилган (ҳақиқатлар)ни яширадиган ва бунинг эвазига арзимас дунё матосидан бирон нарсани қўлга киритишга интиладиган кимсалар – ана ўшалар қоринларига фақат ловуллаб турган дўзах оловини емоқдалар” (Бақара, 174)»[2].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тобут олдида ҳатто қироат қилиб бўлса ҳам овозни кўтариш макруҳ эканига барча иттифоқ қилган. Тобут олдида аёллар доира чалиши ҳам ман этилган мункар ишлардандир»[3].

«Шунинг учун ҳам доира чалиш каби жанозаларга оид бидъатларга нисбатан уламоларнинг инкорлари қаттиқ бўлган, жанозада доира кўрсалар йиртиб ташлашган. Аҳмад ва бошқалар ҳам шу фикрда бўлишган»[4].

Баҳутий айтади: «Жанозада овоз кўтариш макруҳдир, агарчи қироат ёки зикр билан бўлса ҳам. Чунки бу бидъатдир. Шунингдек, “маййит ҳаққига истиғфор айтинглар”, дейдиган ёки шунга ўхшаш гап айтадиган одамнинг иши ҳам бидъатдир»[5].

Шайх Ибн Боз: «Улар жоҳилиятга оид, динда асли бўлмаган ишлардир», дейди[6].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим айтади: «Тобутга эргашиш асносида зикр ё бошқа нарса билан овоз кўтариш бидъат бўлиб, бундан қайтарилади»[7].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Жанозаларда таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ деб) айтиш билан овозларни кўтариш мункар бидъатдир. Шунингдек, баъзиларнинг “Аллоҳни яккаланглар” ёки “Аллоҳни зикр қилинглар” деб айтиши ёки «қасидаи бурда»га ўхшаш баъзи қасидалар ўқилиши ҳам мазкур бидъат жумласидандир»[8].

Яна айтади: «Тобут олдида Қуръон ёки «қасидаи бурда» ўқиш ёки нашидлар куйлаш янги пайдо қилинган бидъат бўлиб, мазкур ишлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига кўра тақиқланади: “Ким бизнинг шариатимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади[9]. Бошқа ривоятда: “Ким шариатимизда бўлмаган нарсага амал қилса, у рад этилади[10], дейилган»[11].

(Давоми бор)

[1] «Ал-азкор», 215-бет.

[2] Муҳаммад ибн Аҳмад аш-Шуқайрий ал-Ҳавомидий. «Ас-сунан вал-мубтадаот ал-мутааллиқа бил-азкор вас-салавот», 93-бет. «Мактабат Ибн Таймия» нашри, нашр йили кўрсатилмаган.

[3] «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 132-бет.

[4] Имом Ибн Таймия. «Ал-истиқома», 1/324. Муҳаққиқ: Муҳаммад Рашод Солим. «Жомеъат ал-имом» нашрларидан, иккинчи нашр, 1411 ҳ.й.

[5] «Шарҳ мунтаҳо ал-иродот», 2/131.

[6] «Ал-фавоид ал-илмийя мин ад-дурус ал-бозийя», 5/358.

[7] «Мажмуъ фатово», 3/194, 900-фатво.

[8] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/20, 1707-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[9] Ҳадис тахрижи 77-масалада берилди.

[10] Муслим ривояти, 3/1343, 1718-ҳадис.

[11] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 3/103-104, 5845-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг