Пайғамбаримиз нечта аёлга уйланганлар?

0

Савол:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нечта аёллари бўлган?  Уларнинг исмлари нима? Бу мавзуда кўп чигалликлар борлиги сабаб очиқ далиллар: ҳадисларнинг рақами, китобларнинг исми ва бетлари билан жавоб беришингизни илтимос қиламан.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги аёлларга уйланганлар:

1. Хадича бинти Хувайлид разияллоҳу анҳо

Хадича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи аёллари бўлган. У зот Хадича онамизга 25 ёшларида уйланганлар ва ҳаётлигида устига уйланмаганлар. Иброҳимдан ташқари фарзандларининг ҳаммаси Хадича онамиздан туғилган.

Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Саҳиҳ» китобида «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хадича разияллоҳу анҳога уйланиши ва унинг фазилати тўғрисидаги боб» деган сарлавҳа ажратган. Мазкур бобда Ойша разияллоҳу анҳодан ҳадис ривоят қилади. Ҳадисда Ойша онамиз айтади: «Пайғамбаримиз Хадичани ҳадеб эслайверганларидан бошқа аёлларидан кўра кўпроқ Хадичадан рашк қилар эдим» (Бухорий, 3815).

2. Савда бинти Замъа ибн Қайс разияллоҳу анҳо

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Савда онамизга пайғамбарликнинг 10-йилида уйланганлар (Ибн Саъд. «Ат-табақот», 8/52-53;  Ибн Касир. «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 3/149).

3. Ойша бинти Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳумо

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликнинг 10-йилида Ойша онамизга уйландилар («Ибн Саъд». «Ат-табақот», 8/58-59). Ойша онамиз айтадилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга 6 ёш эканимда никоҳландилар, 9 ёшимда менга яқинлик қилдилар» (Бухорий, 3894; Муслим, 1422). Бухорий (5077) ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамиздан бошқа бокирага уйланмаганлар.

4. Ҳафса бинти Умар разияллоҳу анҳумо

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Ҳафса бинти Умар эри Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмийдан тул қолди. Хунайс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлиб,  Бадрда қатнашган эди. У Мадинада вафот этди. Умар ибн Хаттоб айтади: Мен Усмон ибн Аффонга учрадим ва унга қизим Ҳафсани таклиф қилиб:  «Агар хоҳласангиз Ҳафсани сизга никоҳлаб бераман», дедим. У: «Ўйлаб кўраман», деди. Бир неча кундан сўнг шу кунларда уйлана олмаслигини айтди. Сўнг Абу Бакрга учрадим ва унга: «Хоҳласангиз, қизим Ҳафсани сизга никоҳлаб берай», дедим. Абу Бакр бирон нарса демади. Мен Усмондан ҳам кўра Абу Бакрдан кўпроқ хафа бўлдим. Орадан бир неча кун ўтгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафсага совчи қўйдилар. Уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга никоҳлаб бердим. Абу Бакрни учратиб қолдим. Абу Бакр: «Менга қизингиз Ҳафсани таклиф қилганингизда ҳеч нарса демаганимга хафа бўлгандирсиз?» деди.  «Ҳа», дедим. Абу Бакр деди: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафсани тилга олганларини эшитгандим. Шунинг учун сизга индамган эдим. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирларини фош этишим мумкин эмас эди. Агар у зот уйланмаганларида мен албатта таклифингизни қабул қилар эдим» (Бухорий, 4005).

5. Зайнаб бинти Хузайма разияллоҳу анҳо

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратдан 31 ой ўтганда рамазон ойида Зайнабга уйландилар («Ибн Саъд». «Ат-табақот», 8/115).

6. Умму Салама бинти Абу Умайя разияллоҳу анҳо

Умму Салама разияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Ҳар қандай бандага мусибат етганда: «Биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтувчимиз. Эй Аллоҳ, етган мусибат сабабли менга ажр бер ва йўқотганим ўрнига яхшироғини ато эт», деса, албатта Аллоҳ унга бошига тушган мусибати учун ажр беради ва йўқотганидан афзалини ато этади». Эрим Абу Салама вафот этганда шу дуони айтдим. Аллоҳ менга ундан афзалини – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни берди» (Муслим, 918).

Бошқа бир ривоятда бундай дейди: «Абу Салама вафот этганида: «Расулуллоҳнинг саҳобаси Абу Саламадан ҳам яхшироқ ким бор?» деб ўйлаб қолдим. Аллоҳ менга мусибат дуосини айтишни тақдир этган экан дуони айтдим ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга  чиқдим».

7. Жувайрия бинти ал-Ҳорис разияллоҳу анҳо

Жувайрия Бани Мусталиқ ғазотида мусулмонлар қўлига асир бўлиб тушди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига ўзини озод этиш учун моддий эвазни тўлашда ёрдам сўраб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бу эвазни тўлаб беришларини ва ўзларига турмушга чиқишини таклиф қилдилар. Жувайрия рози бўлди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга уйландилар, маҳрига уни озод қилдилар.

Бу никоҳдан хабар топган мусулмонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  қудаларига ҳурмат ўлароқ барча асирларни озод қилдилар.  Ҳеч бир аёл қавмига Жувайрия келтиргандек барака келтирмади (Ибн Исҳоқ ҳасан санад билан ривоят қилган. «Сийрати Ибн Ҳишом», 3/408-409).

8. Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳо

Зайнаб ҳақида ушбу оят нозил бўлди: «Зайд уни (яъни Зайнабни) талоқ қилгач, сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди ўғиллари ўз хотинларини талоқ қилса уларнинг хотинларига уйланишда танглик бўлмасин» (Аҳзоб, 37).

Зайнаб онамиз шу билан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа аёлларига фахрланиб бундай дер эди: «Сизларни валийларингиз никоҳлаган, мени эса етти осмон устидаги Аллоҳ никоҳлади» (Бухорий, 7420).

 9. Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён разияллоҳу анҳумо

Урвадан, у Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳодан ривоят қилади. Умму Ҳабиба Убайдуллоҳ ибн Жаҳшнинг никоҳида эди. Эри Ҳабашистонда вафот этди. Нажоший Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳони Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга никоҳлади ва унга Расулуллоҳ номларидан тўрт минг дирҳам маҳр берди. Нажоший уни Шураҳбил ибн Ҳасана билан бирга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига юборди (Абу Довуд, 2107. Албоний саҳиҳ деган).

10. Маймуна бинти ал-Ҳорис разияллоҳу анҳо

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маймуна онамизга эҳромда эканларида уйландилар» (Бухорий, 1837;  Муслим, 1410).

Ибн Аббоснинг «эҳромда эканларида» деган сўзи нотўғри. Тўғрироғи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маймуна разияллоҳу анҳога «умратул қазо»ни адо этиб бўлганларидан кейин уйланганлар (Қаранг: «Зод ал-маод», 1/113; «Фатҳ ал-Борий», 5114-ҳадис шарҳи).

11. Сафийя бинти Ҳуяй ибн Ахтаб разияллоҳу анҳо

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафийя онамизни озод этиб, унга Хайбар ғазотидан кейин уйланганлар (Бухорий, 371).

Булар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қовушган аёлларидир.  Улардан иккитаси – Хадича ва Зайнаб бинти Хузайма разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ ҳаётлик пайтларида вафот этишган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида қолган тўққизта аёллари ҳаёт бўлишган. Бу хусусда уламолар ўртасида ихтилоф йўқ («Зод ал-маод», 1/105-114).

Айтишларича, Назр қабиласидан бўлган (Қурайза қабиласидан ҳам дейилган) Райҳона бинти Амр Расулуллоҳнинг аёлларидан бўлган. У Бани Қурайза ғазотида асирга тушган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам  уни асирлар ичидан танлаб олганлар ва озод қилиб унга уйланганлар. Кейин уни бир талоқ қилиб, сўнг қайтариб олганлар. (Ибн Саъд Воқидийдан ривоят қилган. «Ат-табақот», 8/130).

Баъзиларнинг айтишича, Райҳона Расулуллоҳнинг жориялари бўлган. Шу фикрни Ибн Қаййим тўғрироқ деган («Зод ал-маод»).

(islamqa интернет саҳифасидан олдинди)

Изоҳ қолдиринг