Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (23)

0

83 – Тобутга овоз чиқариб эргашиш

(Охири)

Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Муҳаммад Бахит ал-Мутийъий айтади: «Жанозада иштирок этаётган кишилар Қуръон, зикр, қасидаи бурда ё қасидаи ямонийя каби нарсалар ўқиш билан овозларини кўтариши шариат наздида макруҳ, танбеҳга лойиқ бидъат эканида шак-шубҳа йўқ. Айниқса, бу ишларнинг ҳозирги кўринишини саломат таъб ёқтирмайди, соф табиат хунук деб билади. Мазкур ишлардан бирортаси Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам, саҳобалар, тобеинлар, уларнинг издошлари ва кейинги салафи солиҳлар замонида ҳам бўлмаган. Балки бу ишлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилишга талаб бўлатуриб тарк этган ишлардандир. Зеро, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитга алоқадор ювиш, жаноза ўқиш, дафн этиш каби барча ишларни саҳобаларга ўргатар эдилар. Агар жанозага қатнашаётган кишилар тарафидан овоз кўтариш шариатга мувофиқ бўлганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қилган ёки қилишга буюрган бўлар эдилар. Шундай экан, таълим бериш мақомида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тарк қилган ишларни тарк қилиш суннат, у зот қилмаган ишни қилиш эса шариат наздида қораланган бидъат ҳисобланади. Қилишга талаб бўлатуриб Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тарк этган барча ишлар бидъат саналади.

Овозни кўтариш тобут ортидан эргашишдан кўзланган мақсад – ўлим ва ундан кейинги ҳолатлар ҳақида фикр юритиш ҳикматига тескаридир. Қолаверса, бундай қилишдан қайтарган ҳадис ҳам бор. Абу Довуд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Тобутга на овоз чиқариб, на олов кўтариб эргашилади [1], деганларини ривоят қилган»[2].

Шайх Бакр Абу Зайд раҳимаҳуллоҳ зикр қилишича, тобут ортидан борилар экан «Аллоҳ» дейиш ёки Аллоҳнинг бошқа гўзал исмларини айтиш ёки «Аллоҳни яккаланглар», деб нидо қилиш жанозаларда ўйлаб топилган бидъат зикрлардандир.

Шунингдек, Дайламий «ал-Фирдавс»да заиф санад билан ривоят қилган “Жанозада «ла илаҳа иллаллоҳ»ни кўп айтинглар[3] ҳадисига биноан таҳлил ва такбир айтиш, “Аллоҳга истиғфор айтинглар, Аллоҳ сизларни мағфират қилсин” каби сўзлар билан қичқириш, жанозада Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга жаҳрий ва ёки жўр бўлиб салавот айтиш ҳам мазкур бидъатлар қаторига киради»[4].

Яна бундай дейди: «Қабристонлар учун зикрлар тузиш, қабрлар орасида қичқириб таҳлил айтиш бидъатдир»[5].

Эътироз: Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тобут ортидан борар эканлар, у зотдан боришда ҳам, қайтишда ҳам “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганларидан бошқаси эшитилмас эди»[6].

Жавоб: бу – тўқима ҳадис.

Ибн Адий ҳадис ровийси Иброҳим ал-Ҳарроний ибн Абу Ҳумайд ҳақида бундай дейди: «Абу Аруба: “Иброҳим ибн Абу Ҳумайд ҳадис тўқир эди”, деганини эшитганман.

Шайх айтади: “Иброҳим бу ҳадисни Солим ал-Афтосдан ҳамда санад ва матнлари ўта заиф бўлган, ҳадислари олинмайдиган Ҳарроннинг бошқа шайхларидан нақл қилган”»[7].

Эътироз: «Кейинги уламолардан баъзилари тобут ортидан кетаётган киши шариатда асли бор зикрларни баланд овозда айтишига рухсат берган. Улар буни қуйидагича асослашган: жанозада овоз кўтариш макруҳлигининг боиси бу иш тобут олдида овозларини кўтарадиган аҳли китобларга ўхшаб қолиш эди. Эндиликда бу сабаб йўқолди. Бугун аҳли китоблар тобут олдида овоз чиқармай, жим юришга ўтишди. Энди уларга қарши иш тутиш учун шаръий зикрларни овоз чиқариб айтиш лозим бўлади. Демак, ҳозирда овоз чиқариб зикр айтиш макруҳ бўлмай қолди. Сабаб ўзгаргани учун ҳукм ҳам ўзгарди»[8].

Жавоб: «Биринчидан, Миср диёридаги замонамиз аҳли китобларининг аксари жанозаларида куй-қўшиқлар айтиш билан овозларини кўтаришаётганига гувоҳ бўлинган. Шундай экан, овозни кўтармаслик билан уларга тескари чиқиш суннатлигича қолаверади.

Иккинчидан, аслида бу иш макруҳ эканининг асосий сабаби аҳли китобларга хилоф иш тутиш эмас, балки ўлим ва ундан кейинги ҳолатлар ҳақида фикр юритиш учун жимлик сақлашдир.

Учинчидан, шаръий ҳукмлар собит бўлиши учун тегишли масала хусусида келган шаръий далилга (Қуръон ва суннатга) таянилади. Гарчи шу масалада сабаб йўқолса ҳам. Чунки ҳукм шаръий далил билан ўз исботини топади. Сабаб эса шунчаки ҳикмат бўлиб, шаръий ҳукм давом этиши учун у ҳам тегишли масалада қолган бўлиши шарт эмас. Шариат мазкур ҳукмни (яъни жанозада овоз кўтариш макруҳлигини) урф устига бино қилган ва унга боғлаб қўйган эмаски, одамларнинг урф-одатлари ўзгаришига қараб у ҳам ўзгарса. Агар масала ўша баъзилар айтгандек бўлганда, сабаб ўзгариши билан ҳукм ўзгарганда эди, жанозада овозни кўтариш макруҳ бўлган бўлур эди. Ҳолбуки, ҳеч ким бундай демаган. Балки гап овозни кўтариш жоиз ёки жоиз эмаслигида, холос. Дарҳақиқат, жоиз эмаслиги тўғри эканини билдингиз.

Энди замонамизда жанозада қилинаётган ишлар:  тобут олдида қўшиқ ва нашидлар куйлаш, турли қасидалар ўқиш билан овоз кўтариш, бу аснода овозни ўзгартириб, сўзларни чўзиб, ҳарфларни бузиб нутқ қилиш, умуман, бугун қилинаётган шунга ўхшаш ишларга келсак, бу ишларни уламолардан бирортаси жоиз деб айтмаган. Аксинча, буларнинг бари мункар-ёмон эканида заррача шубҳа йўқдир»[9].

[1] Ҳадис тахрижи масала аввалида ўтди.

[2] «Аҳсан ал-калом фий ма ятааллақу бис-суннати вал-бидъати мин ал-аҳком», 36-37 бетлар.

[3] Муновий: «Ҳадис санади тўғрисида баъзи гаплар айтилган», дейди («Файз ал-қадир», 2/112, 1408-ҳадис).

Исмоил ал-Ажлуний ҳам «Кашф ал-хафо ва музил ал-илбос» асарида шу каби сўз айтган (1/188. Муҳаққиқ: Абдулҳамид Ҳиндовий. «Ал-мактаба ал-асрийя», 1427 ҳ.й.)

Албоний «заиф» деган («Ас-силсила аз-заифа», 6/414, 2881-ҳадис).

[4] Шайх Бакр Абу Зайд раҳимаҳуллоҳ. «Тасҳиҳ ад-дуо», 497-бет. «Дор ал-осима» нашриёти, биринчи нашр, 1419 ҳ.й.

[5] Аввалги манба, 498-бет.

[6] Ибн Адий «Ал-комил фи зуафо ар-рижол»да (1/629) ривоят қилган. Муҳаққиқ: Одил Абдулмавжуд в.б. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1418 ҳ.й.

[7] Аввалги манба.

[8] Шайх Муҳаммад Бахит ал-Мутийъий. «Аҳсан ал-калом фи ма ятаъаллақу бис-суннати вал-бидъати мин ал-аҳком», 37-бет.

[9] Аввалги манба, 37-38 бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг