Саодатни излаб

0

Саодатни излаб…

Азизларим, бугун обиҳаёт тўғрисида суҳбатлашамиз. Шундай бир хазина ҳақида гаплашамизки, айримларимиз қирқ ёшга, баъзилар эллик ёшга, бошқа бир кишилар олтмиш ёшга кирдилар, кимлардир етмишдан ошибдики, ҳануз бу хазинани қўлга киритмадилар. Соч-соқолларимизга оралаган оқ туклар аслида ўша хазинани қидириб пайдо бўлган. Барчамиз бу обиҳаётни истаймиз. Уни деб уйланганлар уйланди, ўқиганлар ўқиди, ишга кирганлар ишга кирди, фарзанд кўрганлар фарзанд кўрди. У барчамиз орзу қилган, қидирган нарса – бахт-содатдир. Бахтиёр турмуш, фаровон ҳаёт, қувончбахш лаҳзалар, хотиржамлик, барқарор турмуш, солиҳ фарзандлар, сизни қарши олганида шодлик улашадиган, сиз йўғингизда мол-мулкингиз ва иффатини сақлайдиган солиҳа умр йўлдош, баракали ризқ, қўйинки, сиз орзу қилган фаровон ҳаёт. Бу барчамиз хоҳлаган, излаган нарсадир. Бироқ айримларимиз қирқдан ошсада ҳануз уни топгани йўқ, ҳануз уни қидиришда давом этмоқда. Ажабланарли томони, кўпчилик саодатни яратган Зот Аллоҳдан сўрамай, бошқалардан ахтарадилар. Ер куррасидаги энг нодон кимса Еру осмонларни яратган Зот Аллоҳ ундан рози бўлмасидан аввал саодатли бўлмоқчи бўлган кимсадир. Аллоҳга қасамки, ичимиздаги энг саодатли инсон ичимиздаги энг бойимиз эмас.  Одамлар  ҳаётига назар солинг. Айрим кишилар бор-йўғи бошланғич мактабда таълим олган, баъзи одамлар зўрға ўқиш-ёзишни билади, бошқа бировлар миниб юрган автомобили бундан ўттиз йил олдин ишлаб чиқилган, катакдай уйда яшайди. Шунга қарамай унинг бағри кенг ва қалби шодон. Айни пайтда бошқа бир одам борки, автомобили энг сўнгги модел, умр юлдошининг гўзаллиги ва зиёли табақага мансублигидан барча ҳавас қилади, фарзандлари бир-неча хорижий тилларни ўргатадиган замонавий мактабларда ўқишади. Жамғарган пулларининг ноллари олтитадан  кам эмас. Бироқ унинг ичи игнанинг тешигиданда тор!

 Аллоҳ таоло Ўз адолатидан келиб чиқиб Унга элтувчи тўғри йўлдан озган кимсага саодатни насиб қилмади. Саодат эшиклари ва саодат сабаблари ҳақида сўзлашдан аввал, бизларга кўриниб турадиган, устунларсиз етти қат осмонни кўтариб қўйган, Ерни тўшаб, унинг устида тоғларни ўрнатган Аллоҳнинг улуғворлигига қасамёд қилиб айтаманки, саодатни яратган Аллоҳга осий бўлган кимса асло саодатли бўлмайди. Йигирма йил олдин руҳшунос табибга учраш уятли иш, унинг клиникасига кириш сирнинг фош бўлиши ва шармандалик эди. Ҳатто баъзилар руҳшунос табибни руҳий хасталар табиби деб аташар эди. Албатта, бу нотўғри номлаш, янглиш сўз. Бироқ ҳозирги кунга келиб айрим руҳшунос табибларнинг қабулига кириш учун уч йил кутиш лозим. Мен руҳий табобат жамиятига аъзоман. Табиблардан бирининг шахсан менга айтишича, руҳшунос табибларнинг 35 фоизи руҳий тушкунликдан шикоят қиладилар. Ҳолбуки, ўзлари руҳий тушкунликни муолажа қиладилар. Азизларим, ичимизда шундай инсонлар борки, кўп ўқиган, ёд олган, олий маълумотли ва бир неча ажнабий тилларда сўзлашади. Бироқ, борлиқда гўзал бир тил – саодат тили бор, уни ҳануз ўрганганича йўқ, ажойиб бир қисса – саодат қиссаси бор, ҳали уни ўқигани йўқ. Ер юзидаги энг саодатли кимса Еру осмонлар Раббисига энг яқин бўлган кимсадир. “Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон солиҳ амал қилса,  албатта унга (ҳалол ризқ ва қаноатга тўла) бахтли ҳаёт ато этурмиз” [Наҳл: 97]. Эътибор берган бўлсангиз, Аллоҳ таоло саодат ва хотиржамликни солиҳ амал, яъни Ўзига итоат қилишга боғлади, мол-дунёнинг кўплигига эмас. Ҳеч эътибор берганмисизлар, одамларнинг ярмиси ёки учдан иккисини, қўйингки, барчамизни эрта тонгдан уйғонишга нима мажбур қилади? Ахир, барчамиз ризқ топиш мақсадида уйғонмаймизми?! Ёки фарзандларимизни ҳам уйғотиб, уларни ўқишга боришини истамаймизми?! Айримларимиз ўзига ёққан бирон кийим олишга ҳам кўзи қиймай, “фарзандларимга олганим афзал”, дейди. Фарзандларимизни деб ўзимизни дунё зеб-зийнатидан ҳам маҳрум қиламиз. Бироқ, азизлар, ҳар қандай фарзанд кўз қувончими? Аллоҳга қасамки, бундай эмас! Аксинча, айрим фарзандлар кўзингизни ўйиб олишади. Шундай фарзандлар борки, биз улардан яхшилик кўрмаслигимизни, бизга улардан манфаат етмаслигини билсак-да, уларни ювиб тараб вояга етказамиз. Шу йўлда соч-соқолларимиз оқаради. Биз ўзи ҳаётдан нима хоҳлаймиз? Агар фарзандларим ва хотинимдан кўнглим тўлмаса, улар билан бирдамлик ва тинч-тотувлик жаннатида турмуш кечирмас эканман, у ҳолда уйланишдан нима фойда? Янги уйланган бир кишидан “уйланиш нима экан, айтчи?” сўрашибди. “Дунёнинг жаннати” – дея жавоб қилибди у. Орадан бироз ўтиб, фарзандли бўлгач, яна “уйланиш нима эканини айтиб берчи?” деб сўрашибди. “Бошга тушганини кўз кўрар” –дея жавоб қилибди у. Хўш, ҳолат нега ўзгарди? Ҳолбуки, Аллоҳ таоло фарзандни дунёнинг зийнати дея зикр қилган. “Мол-мулк ва  бола-чақа дунё ҳаётининг зийнатидир” [Каҳф: 46]. “Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна-имтиҳондир,  холос” [Тағобун: 15]. Бироқ, биз қандай қилиб зийнат ва фитна-имтиҳон бўлмиш фарзандларнинг адоватга айланиши тўғрисида гапирамиз. “Эй мўминлар,  албатта жуфтларингиз ва болаларингиздан сизлар учун душман бўлганлари ҳам бордир.  Шундай экан,  улардан эҳтиёт бўлинглар!”. Шу боис, ҳозирги кунда айримларимиз турли-туман азоб-уқубатларни бошдан кечиради. Унда қанд касаллиги бор, еган овқатини тайини йўқ, қон босими баланд, холестерин моддаси юқори, тушкунлик, хавотир, асабийлик, айримлар шизофрения хасталигига чалинган. Бундай кишиларнинг мияси ўй-ташвишга тўлган, соғлом фикрлаш қобилияти тўхтаган. Ҳатто айримлар ҳаётдан тўйганидан жонига қасд қилиш тўғрисида ўйлай бошлаганлар. Ҳали у нарсадан қўрқади, ҳали бу нарсадан қўрқади, ўй-фикри жойида эмас. Эътибор берган бўлсангиз, айрим оналар айтиб қолишади: “Аллоҳ жонимни олсину, шу ҳаётдан қутулай!”. Аллоҳга қасамки, эй фалончининг онаси, Аллоҳ жонингни оламан деса, Унга осон. Бироқ, асосийси ундан кейин нима бўлади? Жаннатми ёки..?

Шунинг учун, саодат дегани, дунёда Аллоҳ рози бўладиган даражада ҳаёт кечиришингиздир. Ўшанда Аллоҳ сизни ер юзидаги жаннатга солади, ўлимдан сўнг ер остида – қабрда ҳам жаннатда қилади ва қиёматда – Ўзига рўбару қилинадиган кунда ҳам фарзандларингиз билан жаннатда бирга йиғиласиз. “Ўзлари иймон келтириб,  зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини қўшдик” [Тур: 21]. Аллоҳдан фазлу-карамини сўраймиз.

Биз  ерда қидираётган саодат руҳий тушкунлик ва ундан олдин безовталик, саросима, паришонхотирлик, танглик, ғамгинлик, қўрқув, доимий хавотир, васвасага берилиш ва турли хил хасталикларнинг сабабларидан биридир. Одамлар бундай ҳолатларни турлича изоҳлайдилар. Кимдир бунга сабаб мия кимёсининг ўзгариши деса, кимдир жинлар сабаб ва яна кимдир кўз теккан дея изоҳлайдилар. Аслини олганда, буларнинг барчасига Аллоҳ билан алоқанинг сустлиги сабаб. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нечта қасрлари, қанча боғлари бор эди? Неча миллиард пуллари бор эди? Агар у зот Аллоҳдан Сафо тоғини олтинга айлантиришини сўрасалар, Аллоҳ уни олтинга айлантирган бўлур эди. Шунга қарамай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен сизларга фақирликдан хавотирдамасман”, – деган эдилар. Ҳозирги кунда кўрасизки,  одамлар камбағалчиликдан қўрқишади. Кунига 14 соат ишласакда фақирликдан қўрқамиз. Ҳолбуки, суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Сизлардан кимда ким уйида – оиласида хотиржам, тану-жони соғ-саломат ва ўша кунга етадиган озиқ-овқати бўлган ҳолда тонг оттирса, гуёки унга бутун дуёда(ги неъматлар) ато этилгандек бўлур[1]. Энди бизни уйларимиздаги ҳолимизга бир назар солинг! Мабодо бир кишини ҳеч нарса бермасдан уйига қамаб қўйиб, сўнгра бир ойдан кейин эшикни очсангиз уйидаги ноз-неъматларнинг кўплигидан семирганига гувоҳ бўласиз. Бизларда фақат бир йил эмас, балки бир неча йилларга етадиган ризқ – нозу неъматлар бор. Агар муаммо авратни тўсиш, қоринни тўйдириш ва уйдаги хотиржамлик бўладиган бўлса, сизда буни ҳаммаси бор. Лекин шунга қарамай бизлар камбағалликдан қўрқамиз. Ҳаётдаги энг катта ёлғон – “келажак” деган сўз! “Мен фарзандларимни келажагини кафолатламоқчиман” ёки “болам, келажагингни кафолатлаш учун ўқи!”– деймиз. Қанақа келажак?! Келажак дегани – бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ дўзахда дегани. Ким айтди сизга, келажак Ер юзида деб?! Келажак дегани бу келажакда юз берадиган ва ундан кейин асло ўлим бўлмайдиган нарсадир. Дунёда бирон неъмат йўқки, албатта ўлим унинг ортида туради. Келажак дегани университетни битириб олий маълумотли бўлиш, дейилса, барчамиз ўқишни битирдик. Йўқ, келажак ишга жойлашиш дейилса, ишга ҳам жойлашдик. Келажак бу уйланиб оила қуриш дейилса, оила ҳам қурдик. Келажак фарзанд кўришда дейилса, фарзандли ҳам бўлдик, қани ўша келажак? Келажак жаҳаннамдами ёки ўлимдан кейинми? Келажак деган бу уйдирма қанча-қанча ота-оналарни ва фарзандларни азоблаган ва азобламоқда. Дунёга мутлақ эътибор қилманг, демаймиз. Аллоҳ таоло айтганидек, “Дунёдан бўлган насиба-улушингизни унутманг”, албатта. Ўқинг, жон болам, ўқишда пешқадам бўлинг. Бироқ, энг катта орзуйим сиз билан бирга остидан канализация сувлари оқадиган тор уйда эмас, балки остидан анҳорлар оқадиган жаннат қасрларида бирга бўлиш! Ҳақиқий тарбия – мана шудир. Шу боис, инсоннинг энг катта ғам-ташвиши  охират бўлса, Аллоҳ  унинг бошқа ташвишларини бартараф қилади. Гоҳида қалбларимиз беором, хаёлларимиз паришон бўлиб, саодат йироқ кўринади, барча нарсадан хавотирга тушамиз. Фарзандларимиздан хавотир оламиз, касалликлардан қўрқамиз, ҳали у, ҳали бу ваболардан хавотирга тушамиз, бир ёқда ишдан бўшаш эҳтимоли ташвишга солади. Яна бошқа бир қанча хавотирлар. Ҳолбуки, ҳар намозда тик туриб “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина қўрқамиз” оятини ўқиймиз. Бундай кимсаларга айтажак гапимиз: “Бу гапларингизнинг бариси  ёлғон, Аллоҳга ибодат қилишингиз ҳам ва Ундан ёрдам сўрашингиз ҳам ёлғон!”. Агар Аллоҳга қилинган ибодат ва Ундан сўралган ёрдам чинакам бўлганида, банда дунёдаги ризқи келмай қолишидан қўрқмаган бўлар эди. Уни яратган Зот онасининг бачадонида эканида унга ризқини еткизиб қўйган, тўққиз ойдир ўзини қаердалигини ҳам билмас эди. Барчамизнинг қоринларимизда  чуқурча бор эмасми? Қорнимиздаги бу чуқурча – киндик йўли, ризқ берувчи Аллоҳ эканини эслатиб туради. Негаки, Аллоҳ таоло инсонга киндик йўли орқали ризқ бериб турар эди. Тўққиз ой тугагач, унинг киндигини кесиб, тугдилар. Энди Аллоҳ таоло унга биргина ризқ йўлини ўрнига иккита ризқ манбаи – онасининг икки кўкрагини насиб қилди. Бизни оналаримизнинг бачадонларида, уларнинг бағрида ташлаб қўймаган Зот, улғайиб, бошланғич ва ўрта мактабларда ўқиб, ундан сўнг юқори илмий даражаларга етгач, соч-соқолларимизга оқ оралагач ташлаб қўярмиди?!

(Давоми бор)

Шайх Саъд Ал-Атийқнинг “Саодат сабаблари” маърузасидан таржима қилинди.

[1] Бухорий “Ал-адабул муфрад”да (300) ва Термизий (2346) ривоят қилганлар. Термизий ушбу ҳадис ҳақида “ҳасан ғариб”, шунингдек, шайх Албоний “Саҳиҳа”да (2318) ҳасан  деганлар.

Изоҳ қолдиринг